Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қаршида кластернинг туғилиши: замонавий фикрлайдиган, элга қайишган тадбиркор мамлакат иқтисодиётига ҳам хизмат қилади
Кластер нима? Ҳозирги кунда мамлакат қишлоқ хўжалигининг деярли барча тармоқларига кириб бораётган бу тизимнинг афзаллиги қандай? Кластер шунчаки, давлат ва фермер ўртасидаги воситачими ёки мамлакат иқтисодиёти, инсонлар бандлиги, яхши яшаши учун ҳам хизмат қиладими?
Шу каби саволларга бир йил аввал Қарши туманида ташкил қилинган “CLUSTER KHILAL” МЧЖ пахтачилик-тўқимачилик кластери фаолияти мисолида жавоб изладик.
“CLUSTER KHILAL” кластери ҳозирги кунда Қарши туманидаги 130 та фермер хўжалиги билан ўзаро шартнома асосида ишламоқда. Кластер раҳбари Гулмурод Рўзимуродов ҳам узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган. Шу сабабли фермернинг муаммолари, қийинчиликларидан яхши хабардор. Гулмурод ака ҳақиқий кластерлар ҳудудларда фермерлар билан осонгина, эскича ишлаши эмас, ҳақиқий рақобат ва янгиликка интилиб ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида гапирди.
“Жорий мавсумда 10200 тонна пахта хомашёсини етиштиришни режа қилганмиз. Ҳозирга қадар 8500 тонна ҳосил олдик, ҳали далаларимизда пахта бор. Айтиш жоиз, кластер билан бирга ишлар экан, йил қандай келишидан қатъи назар фермер хўжаликларининг таъминоти бизнинг зиммамизда бўлади. Ерни ҳайдашдан тортиб, ҳосилни пахта қабул қилиш пунктигача бўлган жараёнга масъулмиз. Фермер хўжаликларини қизиқтириш ҳам муҳим. Имкон борича фермер хўжаликларининг иш ҳақини ўз вақтида беряпмиз. Шунингдек, теримчиларнинг ҳам иш ҳақи ва рағбати вақтида бўляпти.
Бугунги кунда Қарши туманининг ўзида учта кластер фаолият кўрсатяпти. Бу рақобат дегани. Фермер хўжаликлари таъминот яхши бўлмаса, бошқа кластер билан ишлашга ҳаракат қилади. Шу сабабли биз фермерларнинг ишончини оқлаш мақсадида улар томонидан бўладиган талабни тўлиқ бажариш чорасини кўряпмиз”, деди Гулмурод Рўзимуродов.
Гулмурод ака нафақат кластернинг ваколат ва масъулияти, балки фермер хўжаликларининг ҳам мажбурияти ҳақида маълумот берди.
Мазкур кластернинг фермерлар билан ишлаш амалиётини ҳам ўргандик.
“Бектемир ўғли сайрам” фермер хўжалиги раиси Бектемир Бобомуродов фермерчиликни бошлаганига 15 йилдан ошган. “CLUSTER KHILAL” МЧЖ у ишлаётган иккинчи кластер ҳисобланади.
“Аслида бу йил деҳқончилик учун оғир келди. Сув кам бўлди. Аммо мавсум давомида таъминотдан қийналмадик. Менирал ўғитлар кластер томонидан ўзимизнинг ҳудудга келтириб берилди. Техникалар таъминотида ҳам муаммо бўлгани йўқ. Яна бир қулай томони, 28 нафар ишчи-ходимларимизнинг маошини ойма-ой етказиб беришди. Йил оғир келган бўлса-да, яхши ҳосил олдик. Етмиш центнергача ғалладан, 37-38 центнер пахтадан ҳосил олдик. Лекин ҳали ҳам даламизда пахта бор, демак бундан ҳам юқори ҳосилдорликка эришамиз. Даромадимиз яхши бўлди, фойдамиз ҳисобидан яқинда янги трактор харид қилдик. Техника деҳқоннинг қуввати дейишади, бу ҳам ишимизнинг ривожига хизмат қилади.
39 гектар ерга чигит қадагандик. Кластер билан шартномамиз 122 тонна, яъни гектарига 32 центнердан ҳосил олишимиз керак эди. Биз эса режадан ташқари 23 тонна ҳосил топширдик. Муҳим жиҳати, кластер билан қўшимча шартномамизга кўра ортиқча топширган ҳосилимиз учун 15 фоиз қўшимча ҳақ тўлаб берилади. Демак, биз ортиқча етиштирган маҳсулотимизни яна ҳам қимматроққа сотамиз. Қўшимча топширган пахтамиз учун ёғ, шрут ва шелухани ҳам ўзимизга беришади”, деди Бектемир ака.
Хўжалик раиси яқингача давлат буюртмаси асосида ишлаган вақтларини ҳам эслади. Ўша пайтда ўғит фермер хўжалигининг даласига келиши у ёқда турсин, ўзи техника ёллаб вилоят марказидан олиб келган экан. Ўғитнинг бир тоннаси учун техникага алоҳида 400 минг сўмдан тўлов қилардик, деди у. Техникаларнинг ёнилғиси учун ҳам худди шундай муаммоларга дуч келишганини яширмади.
Кластер ҳар уч-тўрт кунда теримчиларнинг пахта пулини етказиб бераётган экан. Бундан ташқари, фаол пахтакорлар маиший техникалар, пул мукофотлари ва хўжалик маҳсулотлари билан таъминланяпти.
Кластер томонидан ҳозирги вақтда лойиҳа қуввати 3 миллион доллар бўлган пахта тозалаш заводи қурилмоқда. Ушбу завод нафақат кластер фаолиятини кенгайтиради, балки фермер хўжаликлари етиштирган хомашёни иккита ҳудудда қабул қилиш имкониятини беради. Маҳсулотни етказишда вақт ҳам тежалади. Ушбу завод тўлиқ ишга туширилиши билан 250 та янги иш ўрни яратилади.
Пахта тозалаш заводи аллақачон 2000 тонна пахта қабул қилганини маълум қилди завод иш бошқарувчиси Эркин Имомов. Ҳозирча ушбу заводда пахта қабул қилиниб, чигит ажратиб олинади. Келгусида ёғ-мой экстракция заводи қуриб, йилига уч минг тонна ўсимлик ёғи, чорва ҳайвонлари учун кунжара ва шелуха ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа амалга ошгач, яна 80 та янги иш ўрни яратилади.
Бир йил аввал ташкил қилинган “CLUSTER KHILAL” МЧЖ қошида жорий йилда “KHILAL ТЕX” ип-йигирув цехи ҳам ишга туширилибди. Мазкур лойиҳанинг қиймати 20 миллион долларни ташкил этади.
“KHILAL ТЕX” корхонаси раҳбари Комил Набиев цех ишга туширилиши билан 350 та янги иш ўрни яратилганини маълум қилди.
“Цехимизда бир кунда ўртача 12 тонна ип-калава тайёрланмоқда. Бир ойда 360 тонна маҳсулот экспорт қиляпмиз. Маҳсулотимиз асосан Хитой, Покистон, Туркия, Перу, Чили ва Европа давлатларига чиқиб кетяпти. Бир йилда ўртача 12 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қиляпмиз”, деди Комил Набиев.
“KHILAL ТЕX”да яхши бир анъана йўлга қўйилганини маълум қилишди. Ҳар ойда кластер раҳбарлари ишчи-ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг шахсий ва иш фаолиятига доир муаммоларини бартараф этиб келмоқда. Ишчи-ходимларнинг асосий қисми “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинганлар экан. Бу сафарги очиқ мулоқотда Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева ҳам иштирок этди.
Учрашувда цех ишчилари нафақат кластер раҳбарлари, балки туман ҳокимига ҳам ўзларини қийнаётган муаммоларини маълум қилишди. Ҳоким цех ишчиларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш таклифини берди. Учрашувда кластер раҳбарлари ишчиларнинг боғчага борадиган фарзандлари учун ойлик тўловларини зиммасига олишини маълум қилди. Бундан ташқари, имконияти оғир бўлган ходимларнинг фарзандларининг контракт пулларини тўлаш, хасталиги бўлган оила аъзоларининг соғлиғини тиклашда ҳомийлик қилиш таклифи билдирилди. Кластер масъулларининг фикрича, ишчи-ходимлар билан ўтказиб келинаётган бу каби учрашувлар жамоанинг ишчанлик кайфиятига ҳам ижобий таъсир қилади.
“CLUSTER KHILAL” МЧЖда келгусида 7 миллион АҚШ долларлик лойиҳа асосида мато ишлаб чиқариш фабрикаси ҳам ишга туширилиши маълум қилинди. Ушбу лойиҳа амалга ошгач, яна 250 та янги иш ўрни яратилади.
“CLUSTER KHILAL” МЧЖ ташкил этилганига эндигина бир йил бўлди. Ушбу вақт ичида битта ип-калава ишлаб чиқариш цехи фойдаланишга топширилди ва пахта тозалаш заводи қурилиши бошланди. Экспорт эшиклари очилди. Келгусида пахта экиш, етиштириш, қайта ишлаш йўналишини янада кенгайтириб, нафақат ип-калава, балки мато ишлаб чиқариш ва трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш мақсад қилинган. Иккинчи асосий йўналиш сифатида чигитни қайта ишлаш соҳаси ҳам ривожлантирилади. Умуман, мазкур кластер фаолиятини кенгайтириш, ривожлантириш йўлида дастлабки қадамлар қўйиб бўлинди, дейишга етарлича асослар бор.
Реклама ҳуқуқи асосида