Ўзбекистон | 11:45 / 02.11.2021
2044
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 8145 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари фош этилди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирлар вақтида кўп миқдорда кучли таъсир этувчи дори воситалари фош этилди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ҳамда ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудида тўхтаб турган, фуқаро Қ.Ж. бошқарувидаги «Lacetti» белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, автомашинанинг олд йўловчи ўриндиғи пастки қисмида ҳеч қандай ҳужжатсиз, хорижда ишлаб чиқарилган 300 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси ҳамда йўловчи З.Ж.га тегишли, ишга алоқадор 407 АҚШ доллари ва қарийб 3 млн сўм пуллар борлиги аниқланди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилган ҳолда фуқаро Қ.Ж.нинг вақтинча яшаб келаётган Сергели туманида жойлашган хонадони кўздан кечирилганда хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1215 дона «Тропикамид» ва 2100 дона «Регапен прегабалин» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, яна бир ҳолатда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида Чилонзор тумани ҳудудидаги меҳмонхоналарнинг бирида фуқаро А.А.га бириктирилган хона холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада унга тегишли 2 дона сумкада жами 4530 дона капсулада кучли таъсир қилувчи дори воситаларига ўхшаш моддалар борлиги аниқланди. Экспертиза хулосасига кўра, мазкур дори воситаси таркибида соф оғирлиги 45,3 г «залеплон» номли кучли таъсир қилувчи моддаси мавжудлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид