Жаҳон | 21:10 / 10.11.2021
5107
2 дақиқада ўқилади

Польша бош вазири миграция инқирозини “Лукашенконинг қасоси” деб атади

Польша бош вазирининг таъкидлашича, чегарадаги мигрантлар билан боғлиқ вазият давлат терроризмининг кўриниши ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Польша-Беларусь чегарасидаги инқироз миграцион эмас, Беларусь раҳбари Александр Лукашенко вужудга келтирган сиёсий инқироз ҳисобланади, деди Польша бош вазири Матеуш Моравецкий.

“Сўнгги кунлардаги воқеалар Польша ва Европа учун синов ва биз вазият янада ёмонлашиши мумкинлигини тушуниб турибмиз, эҳтимол Лукашенконинг янги иғвогарона услубларига тўқнаш келишимиз мумкин”, - деди Моравецкий.

Польша бош вазирининг таъкидлашича, чегарадаги мигрантлар билан боғлиқ вазият давлат терроризмининг кўриниши ҳисобланади.

“Бу шунингдек, Беларусь аҳолисининг ўтган йил августда бўлиб ўтган демократик сайловлари қўллаб-қувватлангани учун Александр Лукашенконинг жимгина қасоси ҳамдир”, - дея қўшимча қилди Моравецкий.

Беларусь ва ЕИ мамлакатлари чегарасидаги миграцион инқироз ёзда, Беларусь президенти Александр Лукашенко ноқонуний мигрантлар оқимига қарши курашмаслигини айтганидан сўнг юзага келганди.

Польша чегара хизматида таъкидланишича, 8 ноябрдан бери республика чегараси яқинида 2-4 минггача муҳожир тўпланган. Улар Европа Иттифоқи ҳудудига ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид