Ўзбекистон | 16:18 / 14.11.2021
8999
2 дақиқада ўқилади

Абдуҳаким Ҳожибоев Ўзбекистон касаба уюшмалари раҳбарига ўринбосар бўлди

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига ўтказилди.

Фото: Халқаро пресс клуб

Абдуҳаким Ҳожибоев Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раисининг ўринбосари лавозимига сайланди. Gazeta.uz ташкилот матбуот хизматига асосланиб ёзишича, у 13 ноябрь куни янги жамоа олдида таништирилган.

2020 йилнинг ноябрь ойидан буён Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири сифатида ишлаб келган Абдуҳаким Ҳожибоев 2021 йил 11 ноябрь куни истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига Беҳзод Мусаев тайинланганди.

Маълумот учун, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Ҳожибоев 1951 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган.

У ўз фаолиятини оддий жарроҳликдан бошлаган, 1990-1999 йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида бош илмий ходим, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик марказида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган.

1999-2000 йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори ўринбосари, 2000-2003 йилларда ва 2007-2016 йилларда илмий марказ бош директори бўлган.

У 2003-2007 йилларда ва 2016-2017 йилларда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган. 2017 йил апрелида эса у Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори лавозимига ўтказилган, 2020 йил июлидан ноябрь ойига қадар Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаганди.

Мавзуга оид