Ўзбекистон | 20:45 / 15.11.2021
6477
2 дақиқада ўқилади

Бухоро тиббиёт институтида техник ходим инновация соҳаси бўйича рағбатлантирилди

Жорий йилда Бухоро давлат тиббиёт институтида инновация соҳасига алоқаси бўлмаган техник ходим инновация соҳаси бўйича рағбатлантирилган. Шунингдек, таълим даргоҳида 137 миллион сўмга яқин стипендия, иш ҳақи ва бошқа тўловлар ноқонуний тўланган.

Фото: Бухоро тиббиёт институти

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги олий ва ўрта махсус таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Агентлик матбуот котиби Дурдона Очилова Kun.uz’га маълум қилишича, айрим ОТМларда коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар, унга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланиш, иш ҳақи, стипендия ва бошқа тўловларнинг тўланиши ҳамда давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши ўрганилганида, қатор қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган.

“Бухоро давлат тиббиёт институтида 137 млн сўмга яқин стипендия, иш ҳақи ва бошқа тўловлар ноқонуний тўланган ҳамда ходимларни рағбатлантиришда ижтимоий адолат ва тенглик принциплари бузилган.

Шунингдек, жорий йил ушбу таълим муассасасида инновация соҳасига алоқаси бўлмаган техник ходим инновация соҳаси бўйича рағбатлантирилган. Институт академик лицей биносини таъмирлаш бўйича берилган 27,5 млрд сўмдан зиёд эълон ўрганилганида, қурилиш ишлари аслида бажариб бўлингани маълум бўлди”, – дейилади Kun.uz’га тақдим қилган ахборотда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги олий ва ўрта махсус таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида ишлар давом эттирилишини маълум қилди.

Аввалроқ, олий таълим тизимида давлат харидлари ва тўловлар бўйича миллиардлаб сўмлик қонунбузилишлар аниқлангани хабар қилинган эди. Хусусан, Бухоро давлат университети томонидан қурилиш танловларини ўтказишда 20 миллиард сўмлик, Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан ўтказилган 1,1 миллиард сўмлик танловларда давлат харидларига оид қонун талабларига риоя этилмаган.

Мавзуга оид