Жаҳон | 21:17 / 15.11.2021
47332
9 дақиқада ўқилади

«Сен Путиннинг малайисан» – Саакашвилининг қамоқдаги видеолари эълон қилинди. Унга ноинсоний муносабатда бўлишгани айтилмоқда

Грузия жазони ижро этиш хизмати мамлакат собиқ президенти Михаил Саакашвилининг Руставидаги қамоқхонадан куч билан касалхонага олиб кетилаётгани тасвирланган видео эълон қилди. Бир ойдан кўпроқ вақт давомида очлик эълон қилган собиқ президент Европа суди чақирувига кўра очликни тўхтатишга розилигини айтган, фақат у айтган шартлар бажарилиши талаби билан.

FACEBOOK.COM/SAAKASHVILIMIKHEIL

Видео Саакашвилининг фейсбук саҳифасида ҳам эълон қилинди. Грузиянинг учинчи президентининг адвокатлари эса видеода унга нисбатан қилинган муомала улар аввалроқ айтгани каби экани ва кадрлар улар илгари сурган даъволарни исботлашини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, қамоқ касалхонаси Саакашвили учун хавфсиз эмас.

Аммо Грузия ҳукумати бу видеони бошқа мақсадда тарқатди. Уларнинг фикрича, видео Саакашвили ўзини қанчалик ёмон тутадиган инсон эканининг исботи. «Жамоатчилик ҳақиқатни билишга ҳақли. Айнан шу сабабдан видеолар жазони ижро этиш хизмати томонидан эълон қилинди», деди бу ҳақда Грузия адлия вазири Рати Брегадзе.

Эълон қилинган видеолар 8 ноябрь куни ёзиб олинган. Ўша куни Саакашвили маҳбуслар даволанадиган Тбилисидаги 18-касалхонага кўчирилганди. Видеоларда бир неча киши Саакашвилини қўл-оёғидан кўтариб касалхона палатасига олиб киргани кўринади. Белигача яланғоч бўлган собиқ президент бир видеода оқ халатдаги одамни палатадан туртиб чиқаришга уринган. Кадрларда собиқ президентнинг шу каби ҳаракатлари кўринган.

Навбатдаги видео эса бошқаларидан фарқли овозли эди. Унда Саакашвили уни касалхонага олиб борганлар билан жанжаллашгани эшитилади. «Кадрларда Саакашвили маҳкама ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, уларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилгани кўринган», дейилади видео изоҳида.

Кадрда Саакашвили машинадан тушмаслигини айтиб, уни қамоқхонага қайтиб олиб боришларини сўрайди. Уни тинчланишга ундаган ходимга эса «Сен Путиннинг малайисан, Путиннинг айтганини бажаряпсан. Тинчлан деганинг нимаси, жин ургур», дейди.

Собиқ президентнинг адвокатлари у касалхонага ўз хоҳиши билан бормагани ва Саакашвили бунга қаршилик қилмагани ҳақидаги гаплар ёлғон эканини исботлашини айтган. Шунингдек, улар Саакашвилига қамоқда ноинсоний муносабатда бўлишаётганини таъкидлашган.

Саакашвилининг шартлари

Сентябрь ойи охирида Грузияга яширинча келган Саакашвили 1 октябрь куни қўлга олинганди. Аввалига самолётда қайтишини айтган собиқ президент кейинчалик сув йўли орқали мамлакатга киргани тахмин қилинди. Унинг Грузияда эканини ўзи Батумидан видео жойлагач, билиб қолишди. Грузия ҳукуматида бошланишига бу видео янги эканига шубҳа ҳам билдиришганди.

Михаил Саакашвили автомобилда ўтирганида олинган видеонинг овози бор
SPECIAL PENITENTIARY SERVICE OF GEORGIA

Грузияда Саакашвилига нисбатан бир нечта жиноий иш очилган. Уларнинг иккитасига асосланиб собиқ президентга сиртдан 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланганди ҳам. Саакашвили уни қўлга олишган кундан бошлаб очлик эълон қилди ва ўзининг қўлга олинишини сиёсий ҳолат деб баҳолаб келади.

Сиёсатчини аввалига Руставидаги қамоқхонага олиб боришди. 8 ноябрь куни шаҳар марказида минглаб одамлар уни касалхонага юборишларини сўраб йиғилгач, собиқ президент Глдандаги касалхонага ўтказилди. Видеоларда ўша кўчиш ҳолати акс этган.

Пайшанба куни Саакашвили очликни ўзи айтган шартлар эвазига бас қилишга тайёрлигини билдирган. Биринчи шарт Глдан касалхонасидан кетиш. Сиёсатчи ушбу касалхонада даволаниш учун етарли шароит йўқ деб ҳисоблайди ва у ердаги хавфсизлиги ҳам таъминланмаган деган фикрда. У Горидаги ҳарбий госпиталда қолишга ҳам қарши. Сиёсатчининг фикрича, «рус босқинчилари таъсиридаги армия» ва махсус кучлар у ердан бир неча километр масофада бўлади.

Шунингдек, собиқ президент шифокорлар консилиуми унинг очликдан кейинги реабилитацияси қаерда ўтиши мумкинлигини белгилашини талаб қилмоқда. «Бу тавсия эмас, мажбурий қарор бўлиши керак. Унга мен ҳам бўйсунаман ва ҳукумат ҳам бўйсуниши керак деб ҳисоблайман. Шу талаблар бажарилса ва мен мана бу касалхонага эмас, мен айтган талаблар бажариладиган касалхонага ўтказилсам, очликни бас қиламан», деган Саакашвили баёнотида.

Собиқ президентнинг фикрича, ҳукумат юқоридаги видеоларни эълон қилиш орқали мамлакатдаги аҳволни тизгиндан чиқариб юбориши мумкин. Унинг фикрича, бу «чегара яқинидаги турғун вазиятни тинчлантириш» мақомидаги «Россия босқини» бошланишига ҳам олиб келиши тайин. Шу сабаб Саакашвили Страсбург суди чақирувига кўра очликни тўхтатмоқчи.

Олдинроқ Страсбургдаги инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Саакашвилини очликни тўхтатишга чақириб, ўз навбатида ҳукумат собиқ президентга даволаниш шароитини яратиб бериши кераклигини таъкидлаганди. Грузия адлия вазири Рати Брегадзе Саакашвили очликни тўхтатишидан фақат хурсанд бўлишини айтган. Аммо ҳеч қандай шартларсиз.

Нега Саакашвилини қамоқхона касалхонаси қониқтирмаяпти?

Саакашвили бошқа муассасага ўтгани тезда билинмади. Аввалига сиёсатчининг онаси уни кўргани бориб, кўриша олмагач, тўполон кўтарди. ОАВ эса собиқ президент Горидаги ҳарбий касалхонага ўтказилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди. Жазони ижро этиш қўмитаси ҳам шундан кейингина Саакашвили 18-касалхонага ўтказилганини маълум қилди. Шунгача маҳкама собиқ президентнинг аҳволи барқарор эканини айтаётганди.

Тарқатилган кадрларда Саакашвили хотиржамлик билан нарсаларини йиғиштираётгани акс этган
SPECIAL PENITENTIARY SERVICE OF GEORGIA

Саакашвилининг қамоқхонадан эълон қилинган биринчи кадрида у хотиржамлик билан ҳужжатларини йиғиштираётганини кўриш мумкин. Яъни сиёсатчи касалхонага мажбурлаб олиб кетилмаган деган маънода шу видео эълон қилинди. Сиёсатчининг адвокатлари эса 18-касалхона унинг ҳаёти учун хавфли деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, касалхонада нафақат унинг соғлигига, балки хавфсизлигига ҳам таҳдид бор, чунки у Глдан қамоқхонасининг ҳудудида жойлашган ва у ерда ўта оғир жинояти учун қамалганлар ҳам сақланади.

Саакашвили президент бўлган вақтида Грузия ҳукумати уюшган жиноятчилик билан жиддий кураш олиб борган, лекин ўз навбатида маҳкумларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани учун инсон ҳуқуқлари фаолларининг танқидлари остида ҳам қолганди. Саакашвилини қамоқхонага олиб боришганда маҳкумлар камера деразаларидан бақираётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Адвокатларнинг фикрича, Саакашвили қамоқхонада руҳий террор ҳолатида турибди.

Адлия вазирлигига кўра эса Саакашвили касалхонага фақат саломатлигини яхшилаш учун олиб борилган, бошқа мақсадда эмас. Сиёсатчининг ўзи даволанишдан бош тортгани иддао қилинмоқда.

Саакашвилини алдашган

Саакашвили қўл-оёғидан ушлаб қамоқхона касалхонасига олиб борилаётгани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг танқидига сабаб бўлди.

Саакашвили озод этилишини талаб қилиб минглаб кишилар митингга чиққан / REUTERS

Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман Нино Ломжария бу ҳаракатни инсон ҳуқуқи, шарафи ва дахлсизлигига зид, деб атади. Унинг фикрича, ярим яланғоч ва абгор ҳолатдаги Саакашвилининг кўрсатилиши қонунсизликнинг ҳаммасини ҳам ифода эта олмайди. Омбудсман вакилининг айтишича, Саакашвилини ёлғон билан касалхонага олиб боришган. Собиқ президент ҳам уни шифохонага олиб борамиз, деб алдаганликларини баёнотида келтирган.

«Рад қилишимга қарамай, мени машинадан тушириб, ерга ётқизиб, юзимга уришди, сочимдан тортишди. Табиийки қаршилик қилдим. Палатада ҳам шундай бўлди, тушунарсиз криминал тиббиётчи танамга қандайдир модда юбормоқчи бўлди, мен қаршилик қилиб уни итариб юбордим. Менинг хатти-ҳаракатларим қўпол муомала ва зўравонлик сабаб юзага келган стресс вақтида содир бўлди», деган Саакашвили бу ҳақда.

Грузияда куч ишлатар тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилувчи махсус ташкилот бор. Бу ташкилот Саакашвили билан қамоқхонада ноинсоний муносабатда бўлишгани даъвоси бўйича суриштирув бошлаган. Бу борадаги давлат инспекторининг айтишича, эълон қилинган видеолар даъвонинг асосли эканини исботлаши мумкин. Инспектор ҳукуматни Грузия учинчи президентининг шахсий маълумотлари бўлган кадрларни чиқаришни тўхтатишга, инсоннинг қадр-қимматини ҳурмат қилишга чақирган.

Бу вақтда Грузия адлия вазирлиги Саакашвилининг тиббиёт муассасаси ходимларига қаршилик қилгани ва уларнинг қимматли ускуналарига зарар етказгани бўйича суриштирув бошланганини маълум қилди.

Маълумот учун, Михаил Саакашвили 2004 йилдан 2013 йилгача Грузия президенти бўлган. Саакашвили асос солган, мухолиф кайфиятдаги «Ягона миллий ҳаракат» партияси амалга оширган норозилик акциялари сабаб 2004 йил Грузияда ҳукумат алмашади. Саакашвилини Грузияда ҳам, дунёда ҳам ислоҳотчи президент деб билишади. Кўплаб грузияликлар Саакашвили мамлакатдаги ҳаёт тарзини яхши томонга ўзгартира олган деб ҳисоблашади.

Мавзуга оид