Ўзбекистон | 14:41 / 19.11.2021
5489
5 дақиқада ўқилади

2021 йилда Андижон ва Навоий вилоятларида болалар ўлими кўрсаткичлари ўсгани маълум қилинди

Сенатнинг 18 ноябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида 2021 йилда республика миқёсида гўдаклар ўлими коэффициентлари ўтган йилга нисбатан пасайгани, бироқ Андижон вилоятида 64 нафарга ва Навоий вилоятида 20 нафарга ўсгани маълум қилинди.

Фото: Senat.uz  

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Жиззах, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати ўрганилганда қатор муаммолар аниқланган.

Сенатор Манзура Салимованинг айтишича, 2019–2023 йилларда ҳомиладор, репродуктив ёшдаги аёллар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастурида белгиланган кўплаб вазифалар ўз вақтида бажарилмаган. Масалан, перинатал марказларга шошилинч перинатал мобил навбатчи реанимацион бригадаларни ташкил этиш учун зарур махсус ускуналар билан жиҳозланган реанимобиллар харид қилинмаган ва штат бирликлари ажратилмаган.

Ялпи мажлисда, шунингдек, маҳаллаларда яшаётган аёллар учун оилавий поликлиникалар ва тиббиёт марказларида “Аёллар маслаҳатхоналари” ва “Ўсмир қизлар марказлари” каби хизматларни ташкил этиш ҳамда репродуктив ёшдаги ҳар бир аёлни қамраб олиш даражаси паст экани, республиканинг барча ҳудудларида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш ҳолати қониқарсизлиги танқид қилинди.

“Бухоро вилоятида 2 144 нафар, Жиззах вилоятида 2 833 нафар, Навоий вилоятида 3 957 нафар, Самарқанд вилоятида 10 048 нафар ҳамда Хоразм вилоятида 6 062 нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилган бўлса-да, уларни тўлиқ соғломлаштириш чоралари кўрилмаган.

Жиззах, Навоий Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари перинатал марказларида неонатолог шифокорлар етишмайди. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари перинатал марказлари бинолари белгиланган талабларга жавоб бермайди, таъмирталаб.

Туғуруқ муассасаларидаги ўрин фонди 2020 йилда 2015 йилга нисбатан 3 фоизга камайган. Бироқ 2015–2020 йиллар давомида туғуруқлар 14 фоизга ошган. Шу сабабли туғуруқ муассасаларидаги ўринларнинг ўртача бандлик меъёрлари бузилиши қайд этилмоқда. Масалан, Фарғона вилояти перинатал маркази туғуруқ бўлими ўринларининг 9 ой учун белгиланган меъёрида 3 750 нафар ҳомиладор аёлга тиббий хизмат кўрсатиш белгиланган бўлиб, 2021 йил 9 ойи давомида 5 782 нафар ёки меъёрдан 54 фоизга кўп ҳомиладорлар даволанган.

Перинатал марказларнинг тасдиқланган тузилмаларига риоя қилмаслик ҳолатлари мавжуд. Жумладан, Андижон, Бухоро, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари перинатал марказларида маслаҳат ва ташхис поликлиникаси ташкил этилмаган. Перинатал марказларида қон қуйиш бўлими мавжуд эмас, дея Манзура Салимованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мажлисда гўдаклар ўлими коэффициентлари пасайиш тенденциясида бўлса-да, 2021 йилнинг ўтган 10 ойида болалар ўлими кўрсаткичлари 2020 йилнинг ўша даврига нисбатан Андижон вилоятида 64 нафарга ва Навоий вилоятида 20 нафарга  ўсиши кузатилгани таъкидланган. Шу билан бирга, республикадаги ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси қўйилган талабларга жавоб бермаслиги танқид қилинган.

Фото: Senat.uz  

“Республикадаги барча вилоят перинатал марказларида чақалоқларда микропроба қон намуналари орқали гематологик, биокимё, иммунологик таҳлиллар ўтказиш имконияти йўқ. Қондаги газларни, кислота-ишқорий балансни аниқлаш учун анализаторлар мавжуд эмас ҳамда бактериологик текширувлар ўтказиш имконияти (жой, штат, маблағ) йўқ.

Хоразм вилояти перинатал марказидан ташқари барча марказлар лапароскоплар, яъни ички органлардаги операциялар кичик ҳажмдаги тешикчалар орқали амалга ошириладиган ускуна билан таъминланган бўлса-да, ускуналарни стериллаш учун плазмали стерилизаторлар мавжуд эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Тошкент вилоятлари “Она ва бола скрининг” марказларида замонавий ультратовуш аппаратлари ҳамда лаборатор-диагностика жиҳозлари маънан эскирган ва талабга жавоб бермайди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари “Она ва бола скрининг” марказлари мутахассисларига ҳамда лаборатория бўлимларига ажратилган жойлар ўлчами белгиланган меъёрларга жавоб бермайди. “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги қонуннинг талаблари ва унда белгиланган нормаларни амалга ошириш чоралари кўрилмаган, дейди сенатор Манзура Салимова.

Сенат ялпи мажлисида ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати бўйича аниқланган муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборишга қарор қилинган.

Аввалроқ Сенатнинг 23 апрель куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида 2020 йилда гўдаклар ўлими аввалги йилга нисбатан 428тага, оналар ўлими эса 10тага ошгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид