Жаҳон | 17:16 / 19.11.2021
7420
1 дақиқада ўқилади

Саакашвили Гори шаҳридаги ҳарбий ҳоспиталга ўтказилади

Аввалроқ Михаил Саакашвилининг адвокати у қамоқхонада ҳушидан кетиб йиқилгани ҳақида маълум қилганди.

Фото: ТАСС/Special Penitentiary Service of Georgia

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили қамоқхона шифохонасидан Гори шаҳридаги ҳарбий ҳоспиталга ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат адлия вазири Рати Брегадзе маълум қилди.

"Биз маҳбус Саакашвилини Гори шаҳридаги ҳарбий ҳоспиталга ўтказишни таклиф қиламиз. Бу ерда унинг саломатлиги ва ҳаёти давлат томонидан максимал даражада ҳимоя қилинади", - деди вазир.

Брегадзенинг айтишича, даволаниб бўлганидан сўнг Саакашвили Рустави қамоқхонасига ўтказилади.

Аввалроқ Михаил Саакашвилининг адвокати у қамоқхонада ҳушидан кетиб йиқилгани ҳақида маълум қилганди.

Сентябрь ойи охирида мамлакатга яширинча қайтган собиқ президент 1 октябрь куни қўлга олинганди.

Саакашвилига Грузияда кўплаб ҳолатлар бўйича жиноят иши очилган ва уларнинг иккитаси бўйича сиртдан 6 йиллик қамоқ жазоси ҳам эълон қилинганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид