Фан-техника | 08:26 / 21.11.2021
53805
6 дақиқада ўқилади

Рул ва педалларсиз илк автомобиль, сузиб юрувчи эко-шаҳар, ишончли ва ишончсиз автомобиллар рейтинги – ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технохабарларни жамлади.

Фото: Bloomberg

Рул ва педалларсиз илк автомобиль

Apple компанияси ўз автомобилини ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштирмоқда ва уни бутунлай автоном бошқарувга йўналтиряпти.

Автомобилда рул орқали бошқарув ва педаллар бўлмайди, дея тахмин қилиняпти. Бироқ қўлда бошқариш авариявий режими билан жиҳозлаш масаласи ҳали муҳокама қилиняпти, дея ёзмоқда Bloomberg.

Салон марказида iPad’га ўхшаган катта сенсор экран бўлади. Унинг ёрдамида фойдаланувчилар йўлда кетиш вақтида ахборот-кўнгилочар тизимни қўллаши мумкин. Автомобил Apple’да мавжуд сервис ва қурилмаларга интеграция қилинади.

Бошқарув тизим учун асосий микросхема деярли тайёр. У автоном бошқариш учун зарур бўлган операцияларни сунъий идрок ёрдамида қайта ишловчи кўплаб нейрон процессорлардан иборат.

Apple ўзининг бошқарувчисиз автомобилини тўрт йилдан кейин чиқаришни мақсад қилган. Муддатлар ўзгарувчан. Бу мақсадга 2025 йилда эришиш компаниянинг автоном бошқарув тизимини яратишни тугатиш имкониятларига боғлиқ. Агар Apple бу мақсадга эриша олмаса, лойиҳани четга суриб қўйиши ёки дастлаб бошқарув технологиялари у қадар мукаммал бўлмаган автомобил ишлаб чиқариши ҳам мумкин.

Ишончли ва ишончсиз автомобиллар рейтинги

Американинг машҳур Consumer Reports журнали энг ишончли ва ишончсиз автомобилларнинг навбатдаги рейтингини эълон қилди. Рейтинг журнал клубига аъзо бўлган автомобиль эгаларининг сўнгги 12 ой ичида муайян моделлар бўйича тажрибалари, дуч келган муаммолар ва умумий қулайликлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари асосида тузилган.

Навбатдаги рейтингда ўнталикдан тўққизтасини Япония ва Корея брендлари — Toyota, Lexus, Mazda, Honda, Subaru, Kia автомобиллари эгаллаган. Рейтингнинг энг юқори поғонасида Lexus GX йўлтанламаси.

Биринчи ўнталикда Европа автомобиль брендларининг битта ҳам модели йўқ, Америка моделларидан эса фақат биттаси — Cadillac XT5 кроссовери жой олган.

Рейтингнинг энг қуйи қисмида Mercedes-Benz GLE кроссовери жойлашган. Шунингдек, сўнгги ўнликдан Ford Explorer, Ford Mustang, Chevrolet Corvette, Volvo XC 90, Volkswagen Tiguan, Tesla Model Y моделлари ҳам ўрин олган.

Сузиб юрувчи эко-шаҳар

Фото: prnewswire.co.uk

Саудия Арабистонида Оксагон деб номланган сузиб юрувчи экологик шаҳар қурилиши бошланди. Бу ҳақда мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон маълум қилди, деб хабар берди Neom.

Бу Қизил денгиз соҳилида сузиб юрувчи саккизбурчак шаклидаги шаҳар бўлади. У фақат соф энергия ёрдамида ишлайди ва энг илғор технологиялар билан жиҳозланади.

Оксагон майдони Нью-Йорк ҳудудидан 33 марта катта бўлади ва дунёдаги энг илғор логистик марказ бўлиши айтилмоқда.

Шаҳар қурилиши 2030 йилда якунланиши режалаштирилган.

Электрон Hummer

Фото: General Motors

АҚШ президенти Жо Байден General Motors компаниясининг Детройтдаги янги GM Factory Zero заводи очилишида иштирок этди. Бу маросим давомида Байден компания ишлаб чиқарган янги электрон Hummer пикапини ҳайдаб кўрди.

АҚШ президенти янги Hummer'даги махсус Crabwalk режимини ҳам синаб кўрди. Бу режимда машинанинг тўртта ғилдираги бирданига бурилади. Бу тор жойларда машинани буриб олишда қулайлик яратади.

«Бу пикап мендаги Corvette'дан уч баравар оғир, лекин анча тезкор. Hummer – жуда зўр машина», деб Байденнинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Электрлаштирилган GMC Hummer EV 2020 йил якунида намойиш қилинганди. Машинанинг энг зўр версияси умумий минг от кучига эга учта агрегатдан иборат. Машинанинг аккумулятори бир тўлдирилганда 550 км ҳаракатланиш учун етарли бўлади, нархи ҳозирча 110 минг долларга баҳоланган ва кейинчалик арзонлашиши кутилмоқда.

Huawei’нинг илк электромобили

Фото: Huawei

Huawei компанияси ўзининг илк электромобилини намойиш этди. Avatr бренди остидаги электромобил тақдимоти Гуанчжоу автосалонида бўлиб ўтди, деб хабар берди Autohome.

Электромобил Changan ва CATL компаниялари иштирокида ишлаб чиқарилган.

Машина 4 сония ичида тезлигини соатига 100 километрга етказа олади. Бир марта қувватланиш орқали 700 километргача йўл босади.

Бундан ташқари, электромобил тўртинчи даражали автопилотга эга бўлиб, имкониятлари бўйича Tesla тизимидан устун туради.

Электромобилни серияли ишлаб чиқариш 2022 йил баҳордан бошланади.

Apple мижозлари қурилмаларини ўзлари таъмирлаши мумкин бўлади

Apple компанияси Self Service Repair дастурини эълон қилди. Унга кўра, компания томонидан сотиладиган оригинал эҳтиёт қисмлардан фойдаланган ҳолда мижозлар ўз қурилмаларини ўзлари таъмирлашлари мумкин бўлади. Apple дастурни 2022 йил бошида АҚШда, йил давомида эса яна бир қатор мамлакатларда ишга туширади.

Дастлаб мазкур таклифдан iPhone 12 ва iPhone 13 смартфон эгалари фойдаланишлари мумкин. Кейинроқ эса компания M1 чипли Mac компьютерлари, жумладан, MacBook Air, 13 дюймли MacBook Pro, Mac mini ва 24-дюймли iMac’ни мустақил таъмирлаш учун ҳам эҳтиёт қисмларни тақдим этади.

Мавзуга оид