Божларни музлатган Трамп, урушдан силласи қуриган Судан – ҳафта дайжести
Ассалому алайкум. Бугун 13 апрел, якшанба. Бундан роппа-роса 64 йил аввал бутун тамаддун учун тарихий воқеа содир бўлганди. Қўшни Қозоғистоннинг Қизилўрдасида жойлашган Бойқўнғир космодромида «Восток» ракета ташувчиси «Восток-1» кемасига қўшилган кўйи парвозга тайёрланади. Бир қарашда ҳаммаси оддий, АҚШ ва СССР коинот пойгасига зўр берган давр, космосга ракета учириш оддий ҳол. Лекин бу гал ҳаммаси бошқача эди: ҳаво кемаси доимгидек бўш эмас, бу сафар унинг ичида Смоленскдаги кичик қишлоқда туғилган, совет армиясининг 27 ёшли ҳарбий учувчиси бор эди.
Парвозни бутун дунёда диққат билан кузатишади, ахир ўшангача инсон боласи ракетада космосга чиқмаганди-да. Оператор «Восток» кемасига муваффақиятли парвоз тилагач бунга жавобан космонавт йигит ўша машҳур гапини айтади: «Поэхали!»
Инсон яралибдики учишни орзу қилади. Турли хил самолёт-у вертолётлар, ракета ясашдан мақсад ҳам шу аслида – учиш. 1961 йил 12 апрел куни Юрий Гагарин туйган ўша ҳиснинг номини парвоз завқи дейишади. Ҳа, у вақтлар инсоният анча яхши нарсалар устида, илм-фан, технология, космос борасида пойгалашарди. Чунки дунё жуда катта қирғинбаротни бошдан кечирган, ҳамма қайсидир маънода урушдан хулоса чиқарганди.
Лекин охирги йилларда давлатлар инсониятнинг асл вазифаси эзгулик эканини яна унутиб қўйишди, дунё қабиҳ ишларга, қонли урушларга тўлди. Мана шундай нотинч замонимизда ҳам ҳеч бўлмаса йилда бир марта дунёда парвоз завқи каби ажойиб туйғулар борлигини эслатиб тургани учун Юрий Гагариндан қанча миннатдор бўлсак арзийди. Раҳмат сенга, Юра!
Биз мана шу тарихий санада ортда қолган ҳафтада дунёда нималар бўлганини ёдга оламиз. Илтимос, YouTube-каналимизга жойланган видеога like босинг, изоҳларда фикрингизни қолдиринг. Шу орқали видеони имкон қадар кўпроқ одамлар кўришига ёрдам берган бўласиз.
Уиткофф яна Москвада
Ҳафта охирида Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф яна Москвага бориб Владимир Путин билан учрашув ўтказди. Бу Путин ва миллиардер Уиткоффнинг учинчи учрашуви бўлди. Ҳозирча Трампнинг дўсти Уиткофф Трампнинг яна бир дўсти Такер Карлсонга интервю бериб, аввалги учрашувдан кейин бўлганидек Путинни мақтовчи ҳикояларни айтиб беришга улгурмади.
Reuters чаққонлик қилиб Уиткофф учрашувдан кейин Трампга қўнғироқ қилиб нималар деганини аниқлади. Одатда ишончли хабар тарқатадиган агентликка кўра, миллиардер Уиткофф президент Трампга қўнғироқ қилиб, урушни тугатишнинг энг осон йўли Украинанинг тўртта области – Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжяни Россияга қўшқўллаб топшириш эканини айтган. Бироқ Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог Киев ҳеч қачон бунга рози бўлмаслигини тушунтирган.
Трамп божларни музлатди
Доналд Трамп ўтган ҳафта бутун дунё давлатларига импорт божлари киритиб, савдо бозорларини «ақлдан оздиргани» эсингизда бўлса керак. Трамп тезда бу божларни музлатиш ҳақида буйруқ берди. Яъни кучга кирганига бир неча кун бўлган божлар 90 кунга бекор бўлди. Бироқ Хитойга нисбатан божлар нафақат ўз кучида қолди, балки оширилди ҳам. Ҳозир Хитойдан АҚШга кирадиган маҳсулотлар учун қўшимча 134 фоиз бож тўлаш керак бўлади. Энг қизиғи, бу нарх ошиши хитойликлар эмас, америкаликлар чўнтагига таъсир қилади, чунки сотувчи божнинг нархини маҳсулотига қўйиб сотаверади-да.
Microsoft яна энг бой
Билл Гейтсни узоқ йиллар дунёнинг энг бой одами қилиб келган Microsoft компанияси Трампнинг божлари ортида яна дунёдаги энг қиммат компанияга айланди. Трамп киритган божлардан жиддий зарар кўрган Apple капитализацияси қисқа вақт ичига 2,59 триллион долларгача камайди. Microsoft эса 2,64 триллион доллар капитализация билан дунёнинг энг бой корхонасига айланди. Микрочиплар ишлаб чиқарадиган Nvidia бу борада учинчи ўринга тушди.
Шу ўринда Apple нега бунча зарар кўргани ҳақида икки оғиз. Компания Америкага тегишли бўлса-да, ишчи кучи арзонлиги сабаб асосий маҳсулотларини Ҳиндистон ва Хитойда ишлаб чиқаради. Трамп барчага бож жорий қилгач табиийки, Apple ҳам четдан олиб кирадиган маҳсулотлари учун бож тўлайди. Бу эса корхона акциялари қадрсизланишига олиб келди. Бож жорий қилишдан аввал Apple Ҳиндистондан Америкага 5 самолёт iPhone олиб киргани ҳам муаммодан қочишга ёрдам бермади.
Қатллар рекорд даражага етди
8 апрел куни Amnesty International қўрқинчли статистика эълон қилди. Унда айтилишича, 2024 йил давомида 15 та давлатнинг ўзида 1518 киши расман қатл этилган. Бу охирги 10 йилликдаги энг юқори кўрсаткич. Ташкилот бу рақамларга Хитойда, Шимолий Корея ва Ветнамда қатл этилган одамлар киритилмаганини қайд этган. Ҳисоботда Хитойдаги қатллар сони минглаб экани айтилган.
Хабарда айтилишича, ўтган йил давомида Эронда 972 киши, Ироқда 63 киши, Саудия Арабистонида 345 киши қатл этилган.
Украинада асир тушган хитойликлар
8 апрел куни Украина президенти Володимир Зеленский Донецк областида Россия армияси сафида жанг қилаётган икки хитойлик асир олингани ҳақида хабар берди. Эълон қилинган видеода хитойлик ҳарбий асир тушганини турли хил ғалати имо-ишоралар билан тушунтиришга ҳаракат қилган. Кейинроқ икки хитойлик таржимон ёрдамида сўроқ қилингани акс этган видео пайдо бўлди. Украина разведкаси Россия армияси сафида камида 155 нафар Хитой фуқароси борлигини аниқлаган. Киев аслида хитойликлар анча кўп эканини айтмоқда.
Хитой томони ҳолатга муносабат билдириб, ўз фуқароларига доим бошқа давлатдаги ҳарбий ҳаракатлардан узоқда бўлишни уқтириб келишини маълум қилди. Хитой Зеленский эълон қилган видеодаги одамлар ўз фуқаролари эканини тасдиқламаган, рад қилгани ҳам йўқ.
АҚШ томони ҳолатга муносабат билдириб, Хитой Россияни урушда қўллаётган асосий манба экани, Москва урушда ишлатаётган 80 фоиз икки мақсадли товарлар айнан Хитойдан келиши ҳақида баёнот берди.
Суданда вазият оғир
Дунё Трампнинг шоуменлигини муҳокама қилиб юрган вақтда 50 миллиондан ортиқ одам яшайдиган Судан давлатида одамлар даҳшатли кунларни бошдан кечирмоқда. 97 фоиз аҳолиси мусулмонлар бўлган давлатда икки йил фуқаролик уруши давом этди. Март ойи охирида Судан армияси исёнчилардан пойтахтни куч билан тортиб олгач, амалда уруш тугади. Пойтахт харобаларга тўлган, одамлар очликдан қийналмоқда.
Икки йил давомида исёнчилар ва армия ҳукумат талашиб жанг қилишди. Оқибатда 150 минг тинч аҳоли ҳалок бўлди. БМТ эълон қилган ҳисоб-китобга кўра, Судан аҳолисининг ярми ҳумaнитар ёрдамга, 40 фоиз суданликлар тез тиббий ёрдамга муҳтож. Ҳозир 25 миллион суданликлар очликдан азоб чекмоқда. Уруш вақтида ночорларга овқат тарқатадиган ташкилот ишчилари ҳам ўлдирилган. БМТ халқаро ҳамжамиятни Суданга ёрдам беришга чақирган.
Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид

15:08 / 06.04.2025
Дунёга бож қўйган Трамп, ҳибсга олинмаган Нетаняҳу – ҳафта дайжести

13:45 / 23.03.2025
Трамп учун дуо қилган Путин, Россия чегарасига борган инглиз шаҳзодаси – ҳафта дайжести

14:43 / 16.03.2025
Душмани ўзгарган Россия, «машина бозорга айланган» Оқ уй – ҳафта дайжести

16:13 / 09.03.2025