Дунёга бож қўйган Трамп, ҳибсга олинмаган Нетаняҳу – ҳафта дайжести
Ассалому алайкум. Бугун 6 апрел, якшанба. Мартнинг охирги ҳафталарида бир неча кун тинмай ёмғир ёғганди. Ўша ҳаво оқимида бошқалардан ортда қолиб кетган булутлар осмонимиздан бемалол сузиб ўтмоқда. Апрелнинг салқин оқшомларида бизнинг Самарқанд айниқса гавжум бўляпти. Кечқурун Регистон майдони атрофида оёқ қўядиган жой топиш қийин.
Шаҳримизда сайёҳлик мавсуми авжида. Баҳорда шаҳар хорижлик сайёҳларнинг севимли манзилига айланади. Меҳмонхонаси, сайёҳлик ширкати ёки ошхонаси борлар қўли-қўлига тегмай ишлаяпти, баракасини берсин. Шу ўринда барчангизни саёҳат қилишга чорлаймиз. Ўзбекистонда чиройли, баҳаво жойлар жуда кўп ахир.
Апрелнинг ажойиб кунида ҳафта давомида дунёда нималар содир бўлганини ёдга оламиз. Илтимос, YouTube-каналимизда юкланган видеога like босинг, изоҳларда фикрингизни қолдиринг. Шу тариқа видеомизни имкон қадар кўпроқ одам кўришига ёрдам берган бўласиз.
Трамп Россиядан бошқа ҳаммага бож киритди
Доналд Трамп давлатларга бож киритишни жуда яхши кўради. Ахир у Америка президенти, бу давлат киритадиган божлар исталган бошқа давлатни қийин аҳволга тушириб қўйиши мумкин. Балки Трампга мана шу жараённи кузатиш ёқар.
Трамп бу гал майда-чуйда қилиб ўтирмади-да бутун дунёдаги ҳамма давлатларга импорт божи жорий қилди. Ҳатто кимсасиз оролларга ҳам. Барча учун турлича фоизларда бож эълон қилинди ва Трамп худди бургерхонадаги менюга ўхшатиб ясалган катта қоғоздаги рўйхатни мақтаниб кўрсатди.
Трамп имзолаган ҳужжатга кўра, импорт божлари фақат дори-дармон воситалари, яримўтказгичлар, ёғоч ва баъзи минералларга нисбатан қўлланмайди. Улар учун кейинроқ алоҳида бож эълон қилиниши мумкин.
Қизиғи, ҳатто кимсасиз ороллар ҳам қуруқ қолмаган бож рўйхатидан иккита давлат тушиб қолган: Россия ва Беларус. Трамп маъмуриятидагилар бу икки давлатни эсдан чиқаргандир десак, Россия жуда катта. Кейинчалик Трамп Америка Россия билан деярли савдо қилмаётгани учун бож рўйхатига қўшилмаганини айтди. Лекин охирги йил давомида икки давлат товар айланмаси 3,5 миллиард доллардан ошган.
Францияда сиёсий можаро
Ҳафта давомида Францияда йирик сиёсий можаро авж олди. Франция мухолифати етакчиси, амалдаги президент Макроннинг асосий рақиби Марин Ле Пен 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳукмга кўра, Ле Пен 5 йилга ҳар қандай сайловда қатнаша олмайди. Жазонинг икки йили шартли қамоқ ҳисобланади, яъни Ле Пен бемалол озодликда юраверади. Кейинги икки йилда эса у махсус назорат билагузуги тақиб юришга мажбур бўлади.
Париж суди Ле Пендан ташқари унинг партиясидан Европарламентга сайланган 8 депутат ва яна 12 ёрдамчисини Европарламент ажратган пулларни номувофиқ ишлатишда айбдор деб топди. Шу тариқа Ле Пен 2027 йилги сайловда номзодини кўрсата олмайди. Ваҳоланки, Макрон қатнашмайдиган бу сайловда Ле Пен асосий фаворит бўлиши кутилаётганди. Айбланувчилар орасида Ле Пеннинг январ ойида 96 га кириб вафот этган отаси Жан-Мари Ле Пен ҳам бор. Умумий ҳисобда 21 киши 7 миллион еврони номувофиқ ишлатишда айбланган. Яъни улар бу пулларни ўзлаштиришда эмас, айнан нотўғри ишлатишда айбланган.
Бутун дунёда Ле Пен сайловда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганини қоралаб чиқишди. Ле Пеннинг тарафдори Бруно Голниш ҳукмга муносабат билдираркан, «Исо пайғамбар ҳам айбдор деб топилганди», деб айтди.
Нефт арзонлади
Доналд Трампнинг импорт божлари ва Хитойнинг жавоб чоралари фонида дунё бозорида Брент маркали нефт нархи 1 баррел учун 64,35 долларгача тушиб кетди. Бу охирги 4 йилликдаги энг паст нарх ҳисобланади.
Нефт нархи тушишига ОПEК+ давлатлари май ойида қазиб олишни кунига 411 минг баррелга ошириш бўйича келишиб олгани ҳам сабаб бўлган. Аввалига улар кунлик қазиб олишни 135 минг баррелга оширишга келишганди. Хитой АҚШдан келадиган ҳар қандай маҳсулотга 34 фоиз қўшимча бож жорий қилгани нарх тушишини тезлаштирган.
Энди ҳеч қандай «қизил чизиқ» йўқми?
Уруш бошланганидан кейин қизил чизиқ деган ибора кўз олдимизда қадрсизланиб бормоқда. Аввал фалон давлат фалон ишни қизил чизиқ деб атади дейишса, демак ўша иш бўлса, дунё остин-устун бўлади, деб ўйлашарди. Бироқ энди бунақа эмас. Айниқса аксар чеклов ва персонал санкциялар шунчаки хўжакўрсинга экани кўриниб қолди.
Масалан, ортда қолган ҳафтада кузатилган икки ташрифга эътиборингизни қаратмоқчиман. Россиялик музокарачи Кирилл Дмитриев 2-3 апрел кунлари Вашингтонда Трамп маъмурияти вакиллари билан музокара ўтказишини айтди. Маълумот учун, аслида Украинада туғилган бу одам АҚШ санкциясига тушган, расман бу давлатга боролмайди. Лекин бора оларкан. CNNнинг ёзишича, АҚШ унга виза бериш учун вақтинча санкцияни бекор қилиб турган.
Яна бир ташриф Венгрияга амалга оширилди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Будапештга борди. Уни тантанали кутиб олишди. Энди диққат қилинг, Бинямин Нетаняҳу Ҳаагадаги халқаро жиноят суди томонидан Ғазодаги геноцидда айбдор деб топилиб, ҳибсга олишга ордер берилган. Венгрия эса Рим статутини ратификация қилган. Бу келишувни имзолаш орқали давлатлар Ҳаага суди ордер берган одамларнинг қўлини қайириб ушлаб, оёғини ерга теккизмай Нидерландиядаги судга олиб боришга расман ваъда берган. Лекин бундай бўлмади. Худди Мўғулистон Путинни қўлга олмагани каби, Венгрия Нетаняҳуни қўлга олмади.
Етмаганига Виктор Орбан бошчилик Венгрия Нетаняҳу ташрифидан кейин Халқаро жиноят суди юрисдикциясидан чиқишини эълон қилди. Қизиғи, Виктор Орбан айнан Ҳаага суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берганидан кейин Исроил бош вазирини шахсан Венгрияга таклиф қилганди.
Ҳа, ўртоқлар. Икки уруш фонида кўз ўнгимизда халқаро ҳуқуқ деган тушунча йўқ бўлиб бормоқда. Бу кучлилар кучсизларни хоҳлаган кўйга солишига имкон яратади. Бу жуда хавфли. Ҳеч ким бир-бирини эшитмаган, мен кучлиман деб ўйлаган зўравон давлатлар бошқа давлатларга безбетларча ҳужум қилган ўтган асрнинг 30-йилларида ҳам мана шундай ҳуқуқсизлик сабаб жуда ёмон воқеалар бошланганди.
Исроил Сурияга ҳужум қилди
Исроил Суриядаги қатор нишонларга авиазарбалар йўллади. Хусусан, пойтахт Дамашқдаги нишонлар зарбага учради. Етмаганига Исроил Сурия жанубида қуруқлик амалиёти ҳам ўтказди.
Исроил зарбаларидан аввал Туркия Суриядаги авиабазаларга қирувчи самолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жойлаштиришни ўйлаётгани ҳақида хабарлар чиққанди. Исроил айнан шунга жавоб тариқасида зарбалар йўллагани айтилмоқда.
Аҳмад аш Шаръа бошчилик янги Сурия ҳукумати Исроил зарбаларини қоралаш билан чекланди, ҳеч қандай жавоб чоралари бўлмади. Чунки ҳозирги Сурияда Исроилга жавоб берадиган имконият ҳам йўқ.
ОАВда ёзилишича, Туркия Суриядаги «Т4» базасига «Ҳисар» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жойлаштириб, кейин базани тўлиқ қайта тикламоқчи. Туркия Сурия осмонини хавфсиз қилгач янги ҳукуматга ИШИДга қарши курашда ёрдам бермоқчи. Исроил эса Туркия Сурияда ҳарбий қувватини оширишини ўзи учун хавф деб ҳисоблайди.
Финландия «кўмир балоси»дан қутулди
Финландия пойтахт Ҳелсинкида жойлашган Салмисаар электростанциясини ёпди. Бу мамлакатдаги охирги кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станцияси эди. Ҳален компанияси ўзига тегишли 1953 йилда ишга туширилган кўмирли электр станцияни ёпаркан, Финландияда кўмир эраси тугаганини маълум қилди. 1 апрел куни шу муносабат билан пойтахт осмонида рамзий қизил тутун чиқарилди.
Финландияда 2019 йил қабул қилинган қонунга кўра 2029 йил 1 майдан электр энергияси ишлаб чиқариш учун кўмир ёқиш расман тақиқланганди. 2022 йилда мамлакат 64 фоиз энегияни кўмирдан олган, лекин қисқа вақт ичида бу балодан қутулишни уддалади.
Расмийларга кўра, энди Финландияда бир грамм ҳам кўмир ёқилмайди, дейишга эрта. Чунки энергияга эҳтиёж ошган даврда истисно тариқасида кўмир ёқилиши мумкин, лекин белгиланган муддатдан 4 йил аввал мамлакат фақат кўмирда ишлайдиган барча ИЭСлардан қутулгани катта ютуқ. Финлар шу ўринда энергия билан боғлиқ муаммо бўлиши мумкинлигини рад этмаган ҳолда шамол станцияларига жиддий эътибор қаратишни мақсад қилмоқда.
Эрондаги авариялар
Эронда Наврўз байрами муносабати билан берилган узоқ муддатли таътилда жуда кўп йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлди. 15 мартдан 3 апрелгача Эрон йўлларида 97 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 838 киши ҳалок бўлган. Эрон полицияси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими директори Темур Ҳусайни бу ҳодисаларнинг аксари эҳтиётсизлик ва тезликни ошириш сабаб содир бўлганини айтган. Байрам кунлари Эрондаги халқаро йўлларда айнан тезликни ошириб ҳайдаш сабаб йўл-транспорт ҳодисалари сони кескин ошади.
Овечкин Грецкийнинг рекордини янгилади
2025 йил 5 апрел куни ҳоккей тарихига кирадиган бўлди. Шу куни «Вашингтон Кэпиталз» афсонаси россиялик Александр Овечкин Миллий ҳоккей лигаси доирасидаги «Чикаго Блэкҳокс»га қарши ўйинда иккита гол уриб, мусобақадаги голлари сонини 894 тага етказиб олди. Шу тариқа Ови афсонавий Уэйн Грецкийнинг такрорланмас деб аталган рекордига етиб олди. Кейинги шайба уни мутлақ рекордчига айлантиради.
Овечкин иккинчи шайбани дарвозага йўллаганида бутун зал оёққа турди ва уни олқишлади. Ахир Москвадаги «Динамо» жамоаси тарбияланувчиси бўлган Овечкин 2005 йилдан буён Вашингтон бош жамоаси таркибида ўйнаб, клуб рамзига айланиб бўлган. Уни Вашингтонда жуда яхши кўришади. Бунга уруш бошлангани ҳам, Овечкин урушни қўлламаган эрса-да, «Putin team» аъзоси бўлиб қолгани ҳам таъсир қилмади. У рекордни янгилаган ўйинда амалдаги рекорд соҳиби Уэйн Грецкий ҳам иштирок этди. Ўйиндан кейин канадалик афсона Вашингтон Кэпиталз кийиниш хонасига кириб, Овечкинга махсус шайба совға қилди. Россиялик ҳоккейчи эса унга ҳурмат бажо келтириб шайбани бир тиззасини ерга қўйган кўйи қабул қилди.
Бу жуда аҳмиятли воқеа бўлди. Ўзи спортда жуда узоқ йиллик рекорд янгиланиши мухлислар учун катта қувонч ҳисобланади, чунки улар тарих янгиланганига тирик гувоҳ бўлишади-да. Бошқа томондан, ҳозир жуда мураккаб давр. Украинадаги уруш сабаб АҚШ ва Россия душмандек бўлиб қолди. Бироқ россиялик суперюлдуз АҚШ пойтахтида океан ортидаги энг асосий ҳоккей мусобақа тарихида янги саҳифа очган голни ургач барча урушни ҳам, сиёсатни ҳам, душманчиликни ҳам унутгандек бўлди. Америкаликлар россиялик севимли юлдузларини олқишлашди, ҳатто у рекордни такрорлагани учун йиғлаб хурсанд бўлишди. Ахир «Вашингтон Кэпиталз»ни Овечкинсиз ҳеч ким тасаввур қилолмайди.
Овечкин бир лаҳза бутун дунёга барчамиз бир осмон остида яшаётган бир хил одамлар эканимизни, спорт эса ҳақиқий тинчлик элчиси эканини эслатиб қўйди. Бу учун дунё ҳоккейи афсонаси Овига раҳмат деймиз.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид

13:45 / 23.03.2025
Трамп учун дуо қилган Путин, Россия чегарасига борган инглиз шаҳзодаси – ҳафта дайжести

14:43 / 16.03.2025
Душмани ўзгарган Россия, «машина бозорга айланган» Оқ уй – ҳафта дайжести

16:13 / 09.03.2025
Покистонда «бош террорчи» ушланди, Сурия яна нотинч – ҳафта дайжести

17:40 / 23.02.2025