Фан-техника | 17:47 / 18.12.2021
110048
6 дақиқада ўқилади

Марсда топилган муз захиралари, ўқ ўтказмайдиган iPhone, лазер қуролига эга дрон – ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технология ва илм-фанга оид хабарларни жамлади.

Ўқ ўтказмайдиган iPhone

M4tCXtIBVnyfKYKs9v_Fxuk-L-Gr21sS.jpg (900×600)
Фото: caviar-phone.ru

Россиянинг Caviar бренди iPhone 13 Pro ва Pro Max смартфонларининг ўқ ўтказмайдиган Stealth 2.0 версияларини тақдим этди.

Смартфонлар Black ва Titanium версияларида тақдим этилади ва тўппончадан отилган ўққа бардош бера олиши айтилмоқда.

Таъкидланишича, Black ва Titanium моделларидан 99 донадан ишлаб чиқарилади. 128 Гб доимий хотирага эга iPhone 13 Pro негизидаги Black модели 379 минг рубл, Titanium эса 374 минг рублдан сотувга чиқарилади. 1 Тб хотирага эга iPhone 13 Pro Max Black ва Titanium эса мос равишда 484 минг ва 479 минг рублдан сотилади.

Toyota’дан электромобиллар ишлаб чиқариш учун 70 миллиард доллар

Фото: Toyota

Toyota Motor Corp президенти Акио Тойода компания тақдимотида экологик софроқ автотранспортни ривожлантириш ва атроф-муҳитга чиқариладиган чиқиндилар ҳажмини қисқартириш бўйича режаларини тақдим этди.

Электрлашган автомобиллар ишлаб чиқарилиши учун 70 млрд доллар сармоя қилинади. Бу сумманинг ярмини 2022 йилдан 2035 йилгача ажратиш режалаштирилган.

Бунинг натижасида Toyota 2030 йилга бориб электромобиллари савдоси йилига 3,5 млн машинани ташкил қилишига умид қилмоқда. Бу вақтгача компания мижозларга Toyota ва Lexus брендлари остида 30 та моделдаги электромобилларни таклиф қилишни режалаштирмоқда. Электромобиллар седан, йўлтанламас, ихчам автомобиллар, тижорат транспорт воситалари сегментларида ишлаб чиқарилади.

Тақдимот давомида компания келгусида ишлаб чиқаришни режалаштираётган 16 та электромобил концептини намойиш қилган.

Марсдаги муз захиралари

Фото: esa.int

Россия ва Нидерландия олимлари “ЭкзоМарс-TGO” зонди ёрдамида Марснинг Маринер водийсида катта миқдорда муз захираларини аниқлашди. Таъкидланишича, муз топилган майдон Ладога кўлидан деярли 2,5 марта катта.

Маринер водийси улкан каньонлар тизими бўлиб, улар Қизил сайёранинг жанубий яримшарида жойлашган. Уларнинг узунлиги 4,5 минг кмни, чуқурлиги 11 кмни ташкил қилади.

Аввалроқ олимлар қадимда Қизил сайёрада кўллар, дарёлар ва ҳаттоки океан бўлганини айтишган. Бироқ Марсда сув сайёра атмосферасининг катта қисми билан бирга 3,5 млрд йил олдин йўқ бўлиб кетган.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг лазер қуроли

6vCXZvcswojFohMSQEreIKU50O9PtB6v.jpg (1023×700)

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари USS Portland ҳарбий кемасида ўрнатилган лазер қуролининг навбатдаги синовини ўтказди. Синовлар Шарқий Африка ва Арабистон яриморолини ажратиб турувчи Адан кўрфазида бўлиб ўтган.

Адан кўрфази Яман жойлашган Арабистон яриморолини ювиб туради. Яманда 2014 йилдан бери фуқаролик уруши давом этмоқда ва мамлакат президенти Абд Раббо Мансур Ходийни қўллаб-қувватловчи Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси ва исёнчи ҳусийлар ўртасида кураш бормоқда.

AP ахборот агентлигининг ёзишича, лазер қуроли ҳусийлар Қизил денгизда қўллайдиган масофадан бошқарилувчи миналаштирилган қайиқларга қарши ишлатилиши мумкин.

Дунёдаги энг узун темир йўл йўналиши

Фото: Коммерсантъ

Лаоснинг Ботен ва Вьентьян шаҳарлари ўртасида темир йўл участкаси фойдаланишга топширилиши ҳисобига темир йўл транспорти тарихидаги энг узун йўналиш пайдо бўлди. Эндиликда Португалия пойтахти Лиссабондан Сингапургача бўлган 18,65 минг километрлик йўлни поездда Париж, Москва ва Пекин орқали 3 ҳафтада босиб ўтиш мумкин бўлади.

Ушбу йўналиш Португалиядан Сингапургача 13 та давлат ҳудудидан ўтади. Йўналишни Португалиянинг Лагуш шаҳридан бошлаш мумкин. У ердан поездда Лиссабонгача, сўнгра Мадридгача бориш, Испания пойтахтидан эса яна бошқа поездда Парижгача ва йўналишни шу тариқа давом эттириш мумкин. Россия ҳудуди орқали йўналиш Транссибир магистрали орқали ўтиб, сўнгра Мўғулистонни кесиб ўтади ва Хитой томон йўналади.

Маск карбонат ангидриддан ёнилғи олмоқчи

Фото: Patrick Pleul/dpa-Zentralbild/Getty Images

Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг SpaceX компанияси атмосферадаги карбонат ангидрид CO2 газидан ракета ёнилғиси олиш бўйича янги лойиҳани ишга туширади. Бу ҳақда Маскнинг ўзи Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

“SpaceX атмосферадан карбонат ангидрид олиб, уни ракета ёнилғисига айлантириш бўйича дастурни ишга туширмоқда. Агар сизга қизиқ бўлса, бизга қўшилинг”, деб ёзган тадбиркор.

У лойиҳа Марсга парвозларни амалга ошириш ва уни забт этишда муҳим эканини маълум қилган. Ҳозирда компания Ой ва Марсга одамлар ҳамда юкларни етказишга мўлжалланган Starship сайёралараро фазовий кемасининг биринчи орбитал парвозига тайёргарлик кўрмоқда. Бундан ташқари, Қизил сайёра атмосферасининг 96 фоизи айнан карбонат ангидриддан иборат.

Лазер қуролига эга бўлган дунёдаги биринчи дрон

Фото: Anadolu Agency

Туркия лазер қуролига эга бўлган дунёдаги илк дронни синовдан ўтказди. Eren деб ном олган дрон 500, 300 ва 100 метр масофадан нишонларни муваффақиятли тарзда йўқ қилган.

“TÜBİTAK ва ASİSGUARD мудофаа компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган Eren дрони лазер ёрдамида портловчи қурилмаларни масофадан туриб йўқ қила олади”, – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, дроннинг максимал парвоз баландлиги 3 минг метрни ташкил этади.

Мавзуга оид