Ўзбекистон | 19:07 / 19.12.2021
15276
10 дақиқада ўқилади

«Коррупцияга қарши курашга қарши кураш» – Блогерларнинг ҳафта мавзулари  

Якунланган ҳафтада ўзбек блогосферасининг эътибори orginfo.uz сайти муаллифини судга берган Статистика қўмитасига қаратилди. Жамоатчилик фаоллари дастурчи йигит томонидалигини билдирмоқда.

Фото: AP

17 декабрда юридик шахсларнинг электрон реестрини юритувчи orginfo.uz сайти асосчиси Бобомирзо Ҳамроқуловга нисбатан ички ишлар органи томонидан маъмурий иш очилгани юзасидан мақола эълон қилинди. Бунга Давлат статистика қўмитасининг аризаси сабаб бўлгани айтилди.

Бу жамоатчилик фаолларининг танқидларига сабаб бўлди.

Асоссиз айблов: Статистика қўмитаси ўзи эплолмаган ишни қилган сайт асосчиси устидан шикоят киритди

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев дастурчига қўйилган айблов асоссизлигига эътибор қаратди.

«Статистика қўмитаси ўзи шунча йилдан буён эплолмаётган ишни қилган orginfo.uz сайти асосчиси устидан шикоят киритибди. Айблов эса асоссиз.

Бу қанақа сайт?

Интернетда orginfo.uz деган сайт бор. Унда корхона, ташкилотлар ва МЧЖлар, уларнинг таъсисчилари, директори, очилган санаси ва бошқа маълумотларни олиш мумкин. Бу сайт оддий бир дастурчи ўзбек йигити томонидан яратилган. Сайтдаги маълумотлар осмондан олинмайди, тўқиб чиқарилмайди ёки қандайдир ҳакерлик усули орқали ўғирлаб олинмайди. Шунчаки Давлат статистика қўмитасининг stat.uz сайтидаги ОЧИҚ ВА РАСМИЙ МАЪЛУМОТЛАР базасидан олади.

orginfo.uz афзаллиги нимада?

Хўш, orginfo.uz сайти шунчаки Статистика қўмитаси базасининг дубликати бўлса, унда нима муаммо? Гап шундаки, Статистика қўмитаси сайтидан маълумот қидириш жуда қийин ва ноқулай. Масалан, stat.uz сайтидан бирор МЧЖ ҳақида маълумот олиш учун унинг СТИР (ИНН) рақамини билишингиз керак. Бундан ташқари, МЧЖ таъсисчиларининг бошқа фирмаларини топиб бўлмайди. Ёки исм-шариф орқали маълумот топишнинг ҳам иложи йўқ.

orginfo.uz сайтида эса аксинча, амалдорларнинг исм-фамилияларини ёки шунчаки фирма номларини ёзган ҳолда маълумотларни осон ва қулай топиш мумкин. Бундан ташқари, бу сайт Интеллектуал мулк агентлигининг савдо белгилари бўйича очиқ базаси билан ҳам интеграция қилган. Шунчаки оддий мисол мана бу.

Муаммо нимада?

Статистика қўмитаси ўзининг қўлидан келмаган ишни қилгани учун orginfo.uz сайтидан хафа бўлган шекилли, устидан шикоят қилибди. Бунга асос қилиб, orginfo.uz сайти ҳар 10 кунда янгиланиши, бу муддат ичида айрим фирмалар маълумоти ўзгариб қолган бўлиши, бу эса икки хил маълумотни кўрган инвесторлар ва бошқаларда ишончсизлик пайдо қилишини айтишибди.

У қанақа аҳмоқ инвесторки, давлатнинг расмий ташкилоти базаси бўла туриб, ҳар 10 кунда янгиланадиган ва бу ҳақда огоҳлантириб ёзиб қўйган норасмий сайтга ишонса? Хуллас, емаган баҳона.

Ундан кўра, айрим каттаконларга шубҳали тендерларда ғолиб бўлаётганда, давлатнинг катта мулкларини сотиб олаётганда ёки бошқа ҳолатларда журналистлар, блогерлар ва кенг аҳоли осонгина уларнинг бизнеси ҳақида маълумот топаётгани ёқмаяпти, деб қўя қолинглар.

Нима айб қўйилмоқда?

orginfo.uz сайтини яратган дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан Андижон вилояти Асака тумани ИИБ томонидан МЖтКнинг 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) бўйича маъмурий иш очилибди. Аммо бу айб мутлақо асоссиз қўйилган, деб ҳисоблайман. Ички ишлар ходими ёки шошиб қолган, ёки малакасизлик қилган.

202-2-моддада шундай дейилади: «Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш».

Хўп, orginfo.uz сайтида қандай ёлғон хабар тарқатилган? Ва бу маълумот кимнинг қадр-қимматини камситибди? «Миллиард туда, миллиард суда» қилаётган каттаконларнингми?

Яна бир гап: давлат ташкилоти, умуман олганда бирорта юридик шахс қадр-қиммати камситилгани ҳақида шикоят қила олмайди. Чунки ташкилотнинг қалби бўлмайди ва ўз-ўзидан қадр-қиммати ҳам йўқ. Бу модда билан иш очиш учун ўша қадр-қиммати камситилган ШАХСнинг шахсан ўзи ариза ёзиши керак. Хўш, ким шикоят ёзган? Шунақа ариза борми ички ишлар қўлида?

Коррупцияга қарши курашга қарши кураш

Статистика қўмитасининг бу иши Ўзбекистон жамиятида коррупцияга қарши курашаётганлар, очиқлик ва шаффофлик асосида давлат мулкини талон-торож қилаётганларни фош этаётганларга қарши кураш бўлибди. Яъни очиқликни эмас, ёпиқликни хоҳлаётганларнинг иши бу. Ўзининг маълумотини ўзидан яхшироқ ва қулайроқ бераётганига алами келганларнинг иши бу.

Умуман, бугунги Янги Ўзбекистон сиёсати шамолига ва оқимига қарши иш.

Умид қиламанки, Андижондаги судяларимиз бу ҳолатда адолат ва қонун томонда бўлишади ҳамда турли босимларга учишмайди. Дастурчи йигитнинг ҳаракатларида ҳеч қанақа ҳуқуқбузарлик йўқлигини баралла айта олишади. Бунга ишонаман», деб ёзди блогер.

«Статистика қўмитаси бизнес билан чатишиб кетган муттаҳам амалдорлар ҳимоясига чиққанга ўхшайди»

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам мавзуга эътибор қаратиб, Статқўмнинг ҳаракатларини танқид остига олди. 

Фойдаланувчилар биладики, stat.uz сайти орқали хўжалик субъекти тўғрисида маълумот олиш имкониятлари атайин чекланган. Яъни қўмита сайти юридик шахсларнинг манзили, раҳбари ва таъсисчилари билан боғлиқ маълумотларни акс эттиради, холос.

Қўмита сайтидан фарқли ўлароқ orginfo.uz сайтида юридик шахс, унинг раҳбари ва таъсисчиларининг аффилланган шахсларини ҳам биратўла кўрсатиш имкониятлари мавжуд. Сайт дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқулов томонидан яратилган.

Қарангки, Статистика қўмитаси orginfo.uz сайти яратувчиси устидан ИИВга шикоят қилибди.

Шунақа чидамаслик бўладими? Бу нима ўзи? Статистика қўмитаси кимни ҳимоя қиляпти?

Ваколатларини шахсий ва қариндош уруғи билан бойиш учун ишлатиб ётган, бизнес билан чатишиб кетган, ҳар қадами манфаатлар тўқнашувидан иборат амалдорлар кети очилиб қолаётганидан шунчалар ташвишдами?

Қачондан буён очиқ маълумотлар асосида сервис яратиш қонунбузарлик бўлиб қолди?

Уят, қисқаси. Янги Ўзбекистонни шарманда қилиш учун яна нималар қилмоқчисизлар?» деб ёзди у.

«Статистика қўмитасининг ўрнида бўлганимда бу йигитни ишга олардим»

Иқтисодчи ва «Заметки экономиста» канали муаллифи Ботир Қобилов очиқ маълумотларни олишга қулайлик яратганларга тўсиқлар эмас, рағбат кераклиги ҳақида ёзди.

«Бир ёш дастурчи очиқ маълумотларни олиб, манбасини кўрсатиб фойдаланувчиларга қулай саҳифа яратган экан. Натижа нима дейсизми? Судга берилибди… Агар мен Статистика қўмитасининг ўрнида бўлганимда бу йигит қилган фойдали лойиҳаси учун уни судга бериш ўрнига ишга тезда олган бўлар эдим. Агар ҳақиқатан ҳам лойиҳасининг камчилиги бўлса унга ёрдам, маслаҳат берган бўлар эдим.

Қимматли кадр эмасми бу? Қўмитада ресурслар, шу жумладан ишчи ресурслари ҳам чекланганини инобатга олсак, ўз ишини биладиган кадрлар камида зарар қилмасди.

Ёш талаба текинга қилибди шу саҳифани, беғараз ниятлар билан. Аминман, бу ва шунга ўхшаш дастурчиларнинг билими ва маҳорати иш бозорида албатта талабга эга бўлади ва рағбатлантирилади. Лекин фақат хориждаги бозордан ўрин топса нега дастурчиларимиз кетиб қоляпти деб савол берманг.

Аввалроқ шу дастурчи темирйўллари чипта ва жадвалларини биладиган Telegram-бот ҳам қилган экан, у ҳам блокланибди… Хуллас, ҳунари бор экан, омад тилайман.

Бу ерда гап фақат қўмита ва шу дастурчи ҳақида эмас, ўзи умуман олганда мамлакатимизда ёш дастурчилар, IT’га бўлган эътибор ҳақида кўп эшитамиз, кўрамиз — бу янгилик ўша дастурчиларга салбий мессеж бўлиб қолмаслигини хоҳлар эдим.

Очиқ маълумотларни олиш ва ундан эркин фойдаланишга бироз қулайлик яратганларга тўсиқлар эмас, рағбатлар бўлиши керак.

Лекин бу янгиликнинг битта ижобий тарафи бор — дастурчига эътирозлар суд орқали бўлибди. Аввалгидек телефон ёки норасмий буйруқлар орқали эмас», деб ёзди иқтисодчи.

«Адолатни айтолмаяпсизми, ҳақиқатни айтганларга тўсқинлик қилманг»

Ҳуқуқшунос ва блогер Зафар Солижонов Статқўм orginfo.uz сайтини яратган дастурчи йигит ҳимоясига ҳар бир фаол шошилиши кераклигини таъкидлади.

«Бефарқ бўлмайлик. Шу вақтгача бир қанча ноқонуний ёки адолатга тўғри келмайдиган маълумотлар олинишида ва уларнинг жамоатчиликка хабар қилинишида бу боланинг ҳиссаси катта бўлди. Респект!

Жаа тепага қараб адолатни айтолмаяпсизми, ҳақиқатни гапираётганларнинг платформасига ҳам бурун суқманг. Тарих ҳаммасини эслаб қолади», дейди у.

Ҳуқуқшунос ва блогер Баҳодир Аҳмедов эса қўмита шикояти асосида ички ишлар терговчиси ҳам осонгина иш қўзғатиб қўя қолганига эътибор қаратди.

«Статистика қўмитаси ёлғон ахборот тарқатиш бўйича бошқа шахслар устидан арз қиладиган кунларга ҳам келибмиз. Университетда бир домлам айтарди, ёлғонлар уч хил бўлади: ёлғон - супер ёлғон – статистика!» деб ёзди у.

Kurbanoff канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов бу борада муносабат билдирар экан сайт (orginfo.uz) фақат Давлат статистика қўмитаси ресурсидан маълумот олиши, бу шунчаки «галочка» учун эмас, одамлар учун қилинганини таъкидлайди.

Мавзуга оид