Россиянинг «суверен интернет» сиёсати. Мамлакатда Ғарб ижтимоий тармоқларини цензура қилишга бўлган ҳаракатлар қандай кечмоқда?
Google ва Меta Россия ҳукумати томонидан ноқонуний деб ҳисоблаган контентни ўчириб ташламагани учун бир неча миллион доллар жарима тўлаш таҳдидига дуч келмоқда. Тақиққа тушган постларнинг аксарияти мухолифат етакчиси Алексей Навалнийни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишлари билaн боғлиқ.
2018 йилнинг ёзида Сибир Викинг тахаллуси билан ижод қиладиган рус шоири Facebook’даги саҳифасига карикатура жойлаштиради. Унда Россия гербидаги икки бошли бургут акс этган бўлиб, қушнинг бошлари президент Владимир Путин ва ўша пайтдаги Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг қиёфаси билан алмаштириб қўйилганди.
Карикатура ёнида бургутнинг бошқаларга қараганда икки баравар очкўзлиги, икки баробар кўп ёлғон гапиргани ва тўрт кўзи билан одамларни кузатаётгани ҳақидаги қисқа шеър ҳам бўлиб, у ҳиссий ҳайқириқ билан якунланди: «Руслар қачон бу юқумли касалликни йўқотиш учун уйғонади?»
Россия ҳукумати Facebook’дан ушбу пост «давлатга, конституцияга ва Россия Федерацияси президентига нисбатан очиқ ҳурматсизлик»ни ифода этгани боис, олиб ташланишини талаб қилади. Бироқ компания рус ҳукуматининг бу талабини бажармайди ва оқибатда 2 миллион доллардан ортиқ жаримага тортилади. Бундан ташқари, 2018 йил давомида Россияда Ғарб ижтимоий тармоқларига қарши 60 дан ортиқ даъво аризалари кўриб чиқилган.
Белгиланган жарималарнинг қанча қисми тўлангани аниқ эмас. Аммо бу ҳаракатларининг ўзиёқ сўз эркинлиги ва сиёсий фаолиятга чекловлар қўйилган мамлакатда иш юритиш қанчалик қийинлигини англаш учун етарли ҳисобланади. Бунинг энг аянчли мисоли сифатида жорий йилнинг июнь ойида мухолифат етакчиси Алексей Навалний бошчилигидаги Коррупцияга қарши кураш жамғармасининг «экстремистик» ташкилот сифатида рўйхатга олингани ҳақидаги қарорни келтириш мумкин. BBC мақоласида Россияда Ғарб ижтимоий тармоқларини цензура қилишга бўлган ҳаракатлар қандай кечаётгани ҳақида тўхталиб ўтилган.
Роскомнадзор медиа регулятори раҳбари Андрей Липов «Коммерсантъ» газетасига берган интервьюсида ижтимоий медиа компаниялари «болалар порнографияси, ўз жонига қасд қилиш, гиёҳванд моддалар, экстремизм ва ёлғон ахборот» тарқатишга қаратилган контентларни саҳифаларидан олиб ташлашга мажбур эканлиги ҳақида айтган.
Аммо Google, Facebook, Instagram ва Тwitter’га қарши судга киритилган 600 дан ортиқ даъво аризалари таҳлил қилинганда, улардан атиги тўққизтаси болаларга нисбатан зўравонлик ёки гиёҳвандликка , ўн иккитаси ўз жонига қасд қилишга тарғиб қилгани учун тақиқланган. Даъво аризаларининг аксарият қисми Навалний тарафдорларининг бўлиб ўтадиган намойишларда қатнашишга чақириқларини ифода этувчи постлардан иборат бўлган.
2021 йилда рус ҳукумати томонидан ўчириб ташланиши талаб қилинган постлар таркиби
«Роскомнадзор ҳам, Кремль ҳам мамлакатда сиёсий цензура бор, деб айтмоқчи эмас», - дейди сўз эркинлигига босим ўтказишга қарши қаратилган ҳаракат, Роскомсвобода гуруҳининг ҳуқуқшуноси Саркис Дарбинян. У расмий баёнотларда болаларни ҳимоя қилишга урғу берилаётганини шундай изоҳлаган: «Кенг оммага бу кураш нима учун зарурлигини тушунтириш мақсадида улар болаларнинг кўз ёшларини ишлатишмоқда».
Оммавий ахборот воситаларини тартибга солувчи Роскомнадзор BBC’нинг бу борадаги сўровига жавоб бермаган. Президент Владимир Путиннинг матбуот котиби эса, ижтимоий медиа компанияларига қарши кўрилаётган чоралар цензура эмас, шунчаки Россия қонунчилигини татбиқ этишга уриниш эканини айтган.
Гигант IТ компанияларга нисбатан босимлар 2015 йилда, мамлакат ҳудудида россиялик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини сақлашга мажбурловчи, шунингдек, ҳукуматга бундай қилмагани учун уларни жаримага тортиш ёки блокировка қилиш ваколатини берувчи қонун кучга кирган пайтдан бошланганди. Ғарб компанияларининг ҳеч бири бу талабни бажармаган, бу эса 2016 йилда дастлаб, LinkedIn'га чекловлар жорий қилиниши билан тугаган.
Қайд этилишича, 2016 йилдан кейинги даврда Россия ҳукуматининг Google’га маълум қидирув натижаларини блокировка қилиш, YouTube’га эса айрим видеоларни олиб ташлаш бўйича сўровлари кўпайиб борган. Google ҳисоботлари шуни кўрсатадики, сўнгги 10 йил ичида Россиянинг бу каби сўровлари бошқа ҳар қандай мамлакатларга нисбатан кўпроқ бўлган ва уларнинг учдан бир қисми «миллий хавфсизлик» билан боғлиқлиги айтилган.
Мамлакатлар кесимида Google ёки YouTube’дан контентни олиб ташлаш бўйича қилинган сўровлар миқдори (2011-2020)
Ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар тарқалишини назорат қилиш ҳаракатлари 2021 йил бошида, мухолифат Алексей Навалнийнинг «Новичок» билан заҳарланиб, даволаниш учун Германиядаги касалхонадан Россияга қайтганидан сўнг янада тезлашган.
Навалний қайтгач, зудлик билан ҳибсга олинди. Бу эса Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари бошланишига сабаб бўлади, унинг тарафдорлари ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларни ҳам бунга даъват эта бошлайди.
Натижада Роскомнадзорнинг тармоқларга нисбатан босими янада кучаяди. Бу ҳаракатларга биринчи ижобий реакцияни Алишер Усмоновга тегишли бўлган, мамлакатдаги учинчи энг оммабоп тармоқ ВКонтакте кўрсатади ва тарғибот постлари тезда ўчирилади. Аммо Ғарб ижтимоий тармоқлари бу талабни бажаришдан бош тортади, шу сабаб Роскомнадзор уларни судга бериб, жаримага торта бошлайди. Навбатдаги қадам сифатида март ойида, хабарларни ўчиришдан бош тортгани учун Twitter’нинг ишлаши секинлаштирилиб қўйилади. Айниқса, расм ва видеолар юкланишида бу яққол сезила бошлайди.
Россияда ижтимоий тармоқларнинг жаримага тортилиши (2020-2021)
Йил охирида Google ва Apple ўз дўконларидан Навалний тарафдорларига маҳаллий сайловларда ягона номзод учун бирлашишга ёрдам беришга мўлжалланган овоз бериш иловасини олиб ташлашга мажбурланади.
Навалний жамоасининг раҳбари Иван Жданов бу ҳаракатни «сиёсий цензуранинг шармандали ҳаракати» дея таърифлайди.
Кейинроқ, Apple ҳукумат хатининг бир қисмини Twitter’га жойлайди. Унда прокурорлар илова ноқонуний тарзда «сайловга аралашув»га йўл қўяётганини таъкидлаган бўлса, Роскомнадзор компанияни «экстремистик ташкилот»ни тарғиб қилаётгани ҳақида огоҳлантирган.
Май ойида мамлакатда Тwitter фаолияти қисман тикланган. Бу ҳолат «ноқонуний» 5900 та твитдан 91 фоизи ўчириб ташлангани билан изоҳланган.
Тwitter раҳбариятининг сўзларига кўра, твитлар фақат россиялик фойдаланувчилар учун ўчирилган, мамлакатдан ташқаридаги фойдаланувчилар уларни ҳар доим кўриб туриш имкониятига эга.
2021 йилнинг биринчи ярмида Россия ҳукуматининг талабларига биноан Facebook ёки Instagram’даги 1800 та контент ўчириб ташланган. Компания ўзининг ҳисоботида уларнинг ярмини «экстремизм билан боғлиқ нарсалар» деб таснифлаган. Шу билан бир қаторда, ҳукумат талаблари неча марта рад этилгани ҳақида айтилмаган.
Google’нинг ҳисоботида ҳам рус расмийларининг талабларидан сўнг қидирув натижалари ёки YouTube видеолари ўчириб ташлангани қайд этилган. Бироқ, эндиликда бу аввалгига қараганда кўпроқни ташкил қилган. 2021 йилнинг биринчи ярмида расмийларнинг атиги 8 фоиз сўровлари рад этилган. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврида 50 фоизни ташкил этган.
Россиядаги энг оммабоп ижтимоий тармоқлар
(Фойдаланувчилар миллион киши ҳисобида)
«Суверен интернет» сиёсати
Россияда ижтимоий медиа компаниялари фаолиятини блокировка қилиш учун техник воситалар ва бу ишларни асослаш мумкин бўлган қонунлар мавжуд. Хусусан, улар Россияда россиялик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини сақламаганликлари ёки зарарли контентни ўчиришдан бош тортганликлари учун қонуний равишда блокланиши мумкин. Келгуси йилдан бошлаб эса мамлакат ичкарисида идораси йўқ компанияларни ҳам блоклаш мумкин бўлади.
Бироқ ўтган йилнинг охирида Россияда ноқонуний контентни ўчириб ташламаганлик учун янги, кучайтирилган жазо чоралари жорий қилинган эди ва 24 декабрда бўлиб ўтиши керак бўлган судда Google ҳам, Меtа ҳам йиллик даромадининг 10 фоизи миқдорида жаримага тортилиши мумкин.
«Биз бу жарималарга ҳали мурожаат қилганимиз йўқ, лекин, албатта, шундай қиламиз», деган Роскомнадзор раҳбари Андрей Липов «Коммерсантъ»га берган интервьюсида.
Мета ўзининг Россиядаги даромадини ошкор қилмаган. Google эса ўтган йили 1 миллиард долларга яқин даромад қилган. Бу эса унинг 100 миллион доллар жарима тўлаши мумкинлигига ишора қилади.
Роскомнадзорнинг исмини ошкор қилмасликни сўраган собиқ амалдорининг BBC’га маълум қилишича, у Ғарб компанияларига нисбатан янги жарималар қўлланишига мутлақо ишонади.
Маълумот учун, Роскомнадзорнинг 42 ёшли раҳбари Андрей Липов Россия интернетини глобал интернетдан мустақил қилиш ва уни ташқаридан ўчириб қўйишнинг олдини олишга қаратилган «суверен интернет» сиёсати муаллифларидан бири ҳисобланади. Бу тизим 2019 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, интернет орқали келаётган маълумотларни текшириш ва мамлакат қонунчилигига мос келмайдиганларини Deep Packet Inspection (DPI) қурилмаси ёрдамида чеклаш ва блокировка қилишни амалга оширади. Айнан шу тизим орқали 2021 йил март ойида Тwitter секинлаштириб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам 5та интернет платформаси: TikTok, Twitter, Skype, WeChat ва Вконтакте тармоқларига чеклов қўйилган. Бунга мазкур тармоқлар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақламаётгани сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Шу йил 16 апрелдан кучга кирган қонунда шундай талаб белгиланган. 3 ноябр куни юқоридаги важ билан Telegram, Facebook, Instagram, YouTube ва Одноклассники тармоқлари ҳам блокланди ва бу жамиятда кескин резонанс уйғотди. Шу куннинг ўзида бу ҳаракат президент билан келишилмаган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси топшириғи асосида қилингани айтилди ва тармоқларга уланиш тикланиб, қатор масъуллар ишдан олинди.
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
20:12 / 22.11.2024