Жаҳон | 10:47 / 20.12.2021
3963
1 дақиқада ўқилади

Филиппиндаги тўфон қурбонлари сони 200дан ошди

Филиппиннинг марказий ва жанубий провинцияларига ёпирилган “Рай” тўфони қурбонлари сони 208 нафаргача ошди. Полиция маълумотларига кўра, қурбонларнинг аксарияти Себу ва Бохол оролларида ҳалок бўлган.

Фото: Jay Labra / AP/ TASS

Мамлакатнинг фавқулодда вазиятлар бўйича миллий агентлиги оролларга етказилган зарарни баҳолашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу электр таъминотидаги узилишлар, инфратузилмага зарар етгани билан боғланган.   

Ҳукумат табиий офатдан жабрланган ҳудудларга сув, озиқ-овқат, чодирлар ва бошқа зарур буюмларни етказиш учун 2 млрд песо (40 млн доллар) ажратишини маълум қилган.

Филиппин президентининг вакили Карло Ногралес тўфон келиши олдидан 332 минг киши эвакуация қилинганини маълум қилган.

Филиппинга ҳар йили 20га яқин тўфон ва шторм ёпирилади. Бундан ташқари, мамлакат Тинч океанидаги вулқонлар “оловли ҳалқаси”да жойлашгани сабаб унда кўплаб табиий офатлар юз бериб туради.

Мавзуга оид