Жаҳон | 10:56 / 23.12.2021
34239
7 дақиқада ўқилади

Путин «Ғарбга қўйилган ультиматум»ни изоҳлади. У бу ультиматум эмаслигини айтди

Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудида Американинг гиперовозли ракеталари пайдо бўлиши мумкинлиги ва маҳаллий экстремистик тўдаларга қурол берилаётганидан хавотирда эканини билдирди. У АҚШ билан келишув лойиҳаси айнан шу масалаларга қаратилганини таъкидлади. Ғарбда эса буни Россиянинг ультиматуми деб қабул қилишмоқда.

«Албатта, Украинага гипертовушли қуроллар жойлаштирилиши улардан аниқ фойдаланилади, дегани эмас. Аммо «шунчаки қуролланиш» ниқоби остида қўшни мамлакатдан экстремистларни Россияга йўналтириш бошланиб кетади», деди Путин Россия мудофаа вазирлигининг анъанавий йиллик коллегиясида.

SERGEI GUNEYEV/TASS

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирлиги АҚШ билан келишув лойиҳаси матнини эълон қилганди. Россия ва НАТО аъзолари хавфсизлигини кўзда тутувчи келишув лойиҳасида Россия НАТО шарққа қараб кенгаймаслиги ва Украина альянсга қабул қилинмаслиги борасида ҳуқуқий кафолат тақдим этилишини сўраган. Ғарбда Россиянинг бу «илтимоси»ни ультиматум деб қабул қилишди, чунки баёнот Украина билан чегарада Россиянинг юз мингга яқин ҳарбийлари тўпланиб турган бир вақтда эълон қилинди. Ғарб бу тўпланишни Россиянинг Украинага навбатдаги марта бостириб киришга уриниши, деб баҳолаяпти.

«Бу ультиматумми? Йўқ, албатта», деди Путин. Ультиматум ҳақидаги гапларни рад этар экан Путин АҚШнинг Югославияни ўққа тутиши, Ироқ ва Сурияга бостириб киришини эслаб, бу ҳаракатлар учун БМТ Хавфсизлик кенгаши Америкага нисбатан ҳеч қандай санкция қўлламаганини қайд этди.

«Ҳозир улар Украинада қилаётган ва қилишга уринаётган ишлар тупканинг тагида эмас, тумшуғимиз остида – чегарамизда содир бўляпти», деди Россия президенти. У Россия Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ билан конструктив ва самарали мулоқот исташини таъкидлади.

Қуролланишдаги «гиперпойга»

«АҚШда гипертовушли қурол йўқ, лекин қачон бўлишини биламиз. Бу махфий маълумот эмас. Муваффақиятли, муваффақиятсиз синовлар ўтказилмоқда. Шу сабаб АҚШ қачон бундай қуролга эга бўлишини тахмин қилиш мумкин», деди йиғилишда Путин.

Гипертовушли қурол ишлаб чиқариш АҚШ ҳарбий саноатининг асосий мақсадларидан бири. Хусусан, қанотли ракета ва нишондан қочувчи «сирпанчиқ» ўқ-дорилар ишлаб чиқариш устида ишланмоқда.

Бу борада АҚШ асосий рақобатчилари Россия ва Хитойдан ортда қолмоқда, дейиш мумкин. Чунки бу икки давлат аллақачон гипертовушли қуролларни муваффақиятли синовдан ўтказиб бўлди.

Россия «Циркон» номли гипертовушли ракетани синовдан ўтказди. Улар кемалардан ҳам отиб кўрилди. Хусусан, «Адмирал Горшков» фрегати ҳамда «Северодвинск» сув ости кемаларидан янги ракеталар учирилди.

«Циркон» гипертовушли ракетаси Оқ денгиз акваториясида синаб кўрилиши / RUSSIAN MOD/TASS

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, Россия армияси 2022 йилдан «Циркон» билан қуролланишни бошлайди. Шунингдек, Россия «Авангард» номли нишондан қочувчи «сирпанчиқ» ўқ-дориларни ҳам синовдан ўтказди.

2021 йил октябрида Хитой ҳам ўз гипертовушли ракетасини синовдан ўтказгани маълум. Хитой бу синов ҳақидаги маълумотларни сир тутиб, шунчаки космик аппарат учирилганини иддао қилади, бироқ АҚШ Бирлашган штаблар кенгаши раиси Марк Миллига кўра, Хитой ўшанда гипертовушли ракета синов парвозини амалга оширган.

Гипертовушли ўқ-дориларни ракета ёки «сирпанчиқ» ўқ-дори дейиш мумкин. Улар товуш тезлигидан камида беш марта тез ҳаракат қила олади. Бундай ракеталарни уриб тушириш деярли имконсиз. Биринчидан, улар жуда тез ҳаракатланади, ракеталарни пайқаб нишонга олиш учун вақт кам бўлади. Иккинчидан, бундай ультра замонавий ракеталар автоматик бошқарув тизимига эга, улар нишонга олинса, ҳаракат йўналишини ўзгартира олади. Бундай ракеталар ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ракеталаридан қочиш хусусиятига эга.

Донбасс билан боғлиқ айблов

Йиғилиш давомида Шойгунинг айтишича, Донбассда АҚШдаги хусусий ҳарбий компания зобитлари бўлиб турибди ва улар кимёвий компонентлар ёрдамида провокация уюштиришга тайёрланмоқда.

«Донецкдаги Авдеевка ҳамда Приазовская аҳоли яшаш пунктларида камида 120 нафар хусусий ҳарбий компания зобитлари бор. Улар ижтимоий объектлар ва ҳатто аҳоли хонадонларини махсус қуроллар билан жиҳозлаётгани маълум. Бу ҳарбийларнинг вазифаси Украина армиясининг махсус операция бажарувчи қўшинлари ҳамда радикал тўдаларини фаол ҳарбий ҳаракатларга тайёрлашдан иборат.

Провокацион ҳаракатларни амалга ошириш учун Авдеевка ҳамда Қизил Лиман шаҳарларига турли резервуарлар ҳамда номаълум кимёвий модда олиб келинган», деди Шойгу.

Пентагон эса бу гапларни нотўғри, деб атади

«Жаноб Шойгунинг бу гаплари ёлғон», деди АҚШ мудофаа вазирлиги расмийси Жон Кирби. У журналистларнинг кимёвий моддалар ҳақидаги аниқлаштирувчи саволига жавоб берар экан, АҚШ мудофаа вазири бу борада Шойгу билан гаплашмагани, унинг режаларини билмаслигини айтди.

Юмшамаётган кескинлик

Путин Россия ҳарбийлари Украина билан чегарада тўпланаётганини тилга олмади, лекин у аввалроқ ўтган ТИВ йиғилишларидан бирида бу ҳақда гапирганди. Ўшанда Путин Украина билан чегарада мавжуд кескинликни имкон қадар узоқ сақлаб туриш кераклигини айтиб, «Токи чегаранинг нариги томонидагилар Россияга қарши қандайдир провокация уюштириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасин», деганди.

1 декабрь куни бу мавзуга қайтган Путин НАТО шарқ томон кенгаймаслиги ҳақида ҳуқуқий кафолат олишга эришишини ҳам таъкидлаганди. Бироқ АҚШ ҳам, НАТО ҳам бундай кафолат берилмаслигини билдирди.

Россия ҳарбийларининг Украина чегарасида тўплана бошлагани ҳақида ноябрь ойи охирида ёза бошлашди. Politico нашри Смоленскда ҳарбий техникалар тўплана бошлаганини исботловчи суратларни эълон қилди. Бошқа нашрлар эса Украина чегарасида ҳарбийлар ҳам тўплана бошлагани ҳақида ёзишди.

Бу воқеалардан сал аввал Украина армияси илк марта Туркияда ишлаб чиқарилган «Байрактар» дронларидан Донбассдаги гуруҳлар билан тўқнашувларда фойдаланганди. Украина томони дрон ёрдамида душманнинг артиллерия қурилмалари йўқ қилинганини маълум қилган.

Россия ҳарбийларининг Украина билан чегара яқинида тўпланиши халқаро майдонда кескинлик келтириб чиқарди. Россия ва АҚШ президентлари бу масалада видеомулоқот ўтказди. Унда Байден Украинага бостириб кирса, Россияни кескин иқтисодий санкциялар кутаётганидан огоҳлантирди.

Декабрь ойи бошида Британия ҳарбий штаби бошлиғи адмирал сэр Тони Рудакин эса Россия Украинага бостириб кирса, дунё иккинчи жаҳон уруши давридан буён кўрмаган воқеаларга гувоҳ бўлишини айтганди.

Мавзуга оид