Жамият | 17:58 / 08.02.2022
10213
3 дақиқада ўқилади

Чилонзордаги маҳаллани ободонлаштириш нега чала ташлаб кетилди?

Чилонзор тумани Лутфий кўчасидаги кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли “Обод маҳалла” дастури доирасида бошланган ободонлаштириш ишларидан мамнун эдилар. Аммо бу хурсандчилик кўпга чўзилмади.

Ўлда-жўлда ташлаб кетилган, охирига етказилмаган ишлар, исталган жойда қолдирилган қурилиш материаллари обод маҳалла орзусидаги аҳолининг умидларини пучга чиқарди.

Аҳоли вакилларининг айтишларича, ободонлаштириш ишлари бир йил аввал бошланган.

“Бошланган иш охирига етказилмасдан чала қолди. Туманимиз ҳокими ҳам келиб кўриб, охирига етказилишини айтганди. Лекин ҳалигача қилинмади. Яхшиямки пойтахтнинг марказида, Чилонзорда яшаймиз. Қишлоқларга борсам ҳавасим келяпти, ободлигини кўриб”, дейди маҳалла фаоли Зарофат Исломова.

Кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчи Бахтиёр Ғаффоров бу ҳолат аҳолига ноқулайлик туғдираётганини айтди: “Ҳаммаёқ кавлаб ташланганидан болаларимиз уйга лой бўлиб киришади. Сентябрда (2021 йил) қилинган, шу билан қолган. Пудратчилар ҳам ташлаб кетиб қолишди. Қурилиш чиқиндилари қолдирилгани учун бошқа жойлардан ҳам ахлат келтириб ташлаб кетишяпти.

Болалар майдончаси ҳам қуришни ваъда қилишганди, лекин бу ваъда ҳам бажарилмади”.

Кўпқаватли уй олдидаги йўлакда жойлашган канализация қудуқлари қопқоғи ер сатҳидан деярли 10 сантиметр баландликка кўтарилган. Ундан кейин кўзда тутилган асфалт ётқизилмагани сабаб, бу йўлак бўйлаб юришга халақит беради.

“Канализация қудуқлари баландлиги ер билан текис жойлашган эди. Буни кўтариб қўйишгани учун ўтаётганда ноқулайлик туғдиради. Ёши катталар бор бу ерда”, деб таъкидлайди шу ерда истиқомат қилувчи фуқаро Алишер Бобомуҳамедов.

Kun.uz ушбу масала юзасидан Чилонзор туман ҳокимияти матбуот хизмати билан боғланди.

2021 йилнинг 29 декабр куни таҳририятга маълум қилинишича, ҳақиқатан ҳам кўрсатилган манзилдаги кўпқаватли уйлар олдидаги майдонлар таъмирланиши вақтинча тўхтатилган. Хабарда 2022 йилнинг январь ойида пудратчи ташкилотга пул маблағи тушириб берилиши айтилганди. Ободонлаштириш ишлари “Ўзимизнинг маҳсулотлар” МЧЖ мутасаддилари томонидан давом эттирилиши ва якунланиши керак эди.

Аммо январь ойи тугаб, февраль ойи бошланди ҳамки, ҳамон ҳудудда масъулиятсизлик оқибати бартараф этилмаган. Kun.uz ваъдалар бажарилиши юзасидан кузатувни давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz 2021 йил баҳорида Тошкентнинг Миробод туманида кўзи ожизлар яшовчи маҳаллани ободонлаштириш чала ташлаб кетилгани, бу ногиронлар ҳаётига хавф туғдираётгани ҳақида ёзганди. Шундан сўнг маҳаллада таъмирлаш ишлари давом эттирилди.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид