Жамият | 11:52 / 08.02.2022
7693
14 дақиқада ўқилади

Судья: Қонун сиртдан қўлланмагани каби суд қарори ҳам сиртдан чиқарилмаслиги керак

Судья Нуриддин Муродов Kun.uz’га тақдим этган мақоласида низоларни судгача ҳал этиш механизмини такомиллаштириш орқали судларда “сиртдан иш юритиш тартиби”га барҳам бериш ҳамда бу соҳадаги ноқулайликлар ҳақида сўз юритади.

Кўпчилик, айниқса судга иши тушган кишилар яхши биладики, Фуқаролик кодексининг 26-бобига асосан, судда ишлар “сиртдан иш юритиш тартибида” кўрилиши мумкин. Кўрилади ҳам ва бу тоифа ишлар афсуски фуқаролик судларида кўрилаётган ишларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.

Чунки ФПКнинг 280-моддасига мувофиқ, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган, келмаганининг узрли сабаблари борлиги ҳақида хабар бермаган ва ишни унинг иштирокисиз кўриш тўғрисида сўрамаган тақдирда, агар даъвогар бунга эътироз билдирмаса, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.

Шу асосда, кўп эътибор, талаб ёки баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган “сиртдан иш юритиш тартиби” белгиланган — ФПКнинг 26-боби ва ундаги айрим нормалар ҳамда суд амалиётидан келиб чиқаётган шахсий фикрларим ҳақида тўхталсам...

Суд амалиётига мувофиқ бўлган таҳлилларга таянсак, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорларининг 1 фоизи, балки ундан сал кўпроқдир, лекин тахминан шунча қисмига нисбатан “сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза” берилади.

Бундай аризаларнинг кўриб чиқилиши натижасида, яъни сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш мазмунан жавобгар иштирокида қайта кўриб чиқилганда ҳам катта эҳтимол билан уларнинг 98 фоиз қисмида дастлабки, яъни сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори мазмуни ўзгармай қолади ёки худди сиртдан қабул қилинган қарор мазмунидаги каби янги қарор қабул қилинаётганини кўриш мумкин.

Демак, ФПКда белгиланганидек, агар суд мажлисига келган даъвогар ишни жавобгар иштирокисиз, сиртдан иш юритиш тартибида кўришга рози бўлмаса, суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради ва келмаган жавобгарга қайтадан суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида такроран хабар юборади.

Тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига такроран келмаса, суд даъвогарнинг фикридан қатъи назар, ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўради.

Иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилганида суд ундаги мавжуд далилларни текшириш билан кифояланади, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари ва илтимосларини эътиборга олиб, ҳал қилув қарори чиқаради, бу ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилган деб аталади.

Даъвогар томонидан даъвонинг предмети ёки асоси, даъво талаблари миқдори ўзгартирилганда суд мазкур суд мажлисида ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўришга ҳақли эмас. Бу ҳолда ишни кўриш даъво аризасини даъво предмети ёки асоси, талаблари миқдори ўзгартирилган ҳолда жавобгарга топшириш учун кейинга қолдирилади.

Агар суд мажлисига келмаган жавобгардан ишни унинг иштирокисиз кўриш ҳақида ариза келиб тушса, иш сиртдан иш юритиш тартибида эмас, умумий тартибда кўрилиши лозим.

Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси тарафларга ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай топширилгани маълум қилинадиган буюртма хат орқали жўнатилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда, электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Жавобгар сиртдан ҳал қилув қарорини қабул қилган судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақли.

Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза у келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида хабар берилган шахслар келмагани, аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Шу ўринда, “Сиртдан иш юритиш тартиби” белгиланган ФПКнинг 26-боби ва унда белгиланган нормалар ҳамда суд амалиёти таҳлилига кўра, менда “қарор ҳам сиртдан бўлама, жавобгар кўнгли тўлама, жавобгар кўнгли тўлмаса, даъвогардан қочиб юрама ёки жавобгар суд сиртдан қарор чиқаришини кутиб, низони чўзиб юрама”, — деган каби қуйидагича мантиқий, адолатли, қонуний, холис, АКТ замонига мос ва хос бир қанча саволлар ва мушоҳадалар пайдо бўлибдирки, ушбуларни сизлар билан бугун бир ўртоқлашмасак бўлмайди:

Холис савол:

— Аслида “Сиртдан иш юритиш тартиби” кўрилган ишларда тарафлар эътирозлари нимада?

Гапнинг пўскалласи — даъвогар ишни жавобгар келмаса ҳам, унинг иштирокисиз кўриб чиқишни сўраса, бунинг натижасида даъвогар тезроқ қарор кучга кириши ва бузилган ҳуқуқини тиклашни истайди.

Жавобгар эса кўп ҳолларда судда иштирок этмагани асосида сиртдан чиқарилган қарорни бекор қилиб, вақтни чўзиш орқали ўзида тўлов имкониятларини қидиради. Айрим ҳолларда сиртдан чиқарилган қарорни бекор қилиш ва ишни мазмунан қайта кўриш жараёнида, даъвогар билан медиатив келишувга ёки даъвогарни даъвони кўрмасдан қолдиришга ундаш орқали ортиқча юк бўлаётган давлат божини тўламасликка эришишни мақсад қилади. 

Мантиқий савол:

 Қарор ҳам сиртдан чиқариладими?

Ҳа, қарор сиртдан чиқарилади. ФПКнинг 26-бобида белгиланган. Шу билан бирга йўқ, қарорга келишга сабаб бўлган хулоса сиртдан ёки юзаки, бор маълумотлар асосида деб талқин этилмаслиги керак.

 Жавобгар сиртдан чиқарилган қарордан рози бўладими?

Албатта рози бўлмайди-да, чунки иш жавобгарнинг иштирокида кўрилмайди-ку, ҳурматини билган ҳар бир киши судга таклифнома олмаганидан хафа бўлади.

— Унда нега сиртдан чиқарилган қарорларнинг фақат 1 фоизини бекор қилиш тўғрисида жавобгарлар судга ариза беришади, қолганлари-чи?

Чунки жавобгарларнинг катта қисми даъво киритилганини билгач, кредиторлар олдида мажбурияти борлигини, шунингдек, ариза берган тақдирда ҳам барибир мажбуриятни бажариш лозимлигини тушуниб етишади... 1 фоиз ҳолатларда давлат божини тўламаслик ёки ҳақиқатда ҳам кредитор олдида ҳеч қандай мажбурияти бўлмаган шахсларга ҳам даъво киритилган бўлиб чиқади ёки форс-мажор...

 Адолат ва қонун ҳам сиртдан қўлланадими?

Айнан сиртдан иш юритиш тартибида ишларни кўришда, бир қарашда шундай туюлади, лекин адолат ва қонун сиртдан қўлланмайди. Фақатгина иш жавобгарга нисбатан сиртдан кўрилгани ва суд чиқарган ҳал қилув қарорида ҳам, қарорнинг номида ҳам иш сиртдан кўрилгани қайд этилади.

Адолатли ва қонуний савол:

— Сиртдан деган ҳал қилув қарорини ёки бундай сиртдан иш юритиш тартибини ишни “жавобгарнинг иштирокисиз кўриб чиқиш” деб атаса бўлмайдими?

Йўқ, асло ундай дея кўрманг, чунки биринчидан кўпчилик машойихларимизнинг фикрларича, нормани бундай ёзиш ғализликни келтириб чиқаради, норма аниқ, тушунарли бўлмоғи лозим дейишади улар. Иккинчидан, бу норма МДҲ ва бошқа давлатларда ҳам бор, ахир улар ҳам бир балони билмаса шундай деб ёзмайди-ку, бу нормани сўзма-сўз, тўғридан тўғри кўчириб қўйганмиз, шуниси маъқул бўлган. Барибир ушбу нормани биз яратмаганмиз, ижод қилмаганимиздан сўнг, шу учун кодексни ҳадеб ўзгартириш ҳам мақсадга мувофиқ эмас, — деб таъкидлашади улар қатъий оҳангда.

 Нега иш қўзғатилиб, чақиртирилган жавобгар бир ой, 40–45 кун муддатда судга келмаса-да, унга яна 15 кун сиртдан қабул қилинган қарорни бекор қилишга имкон яратилиши керак, бунинг ўрнига тўғридан тўғри апелляция тартибида шикоят берилса бўлмайдими?

“Энди бу ҳозиргача ўрнатилган амалиёт, одамлар овора бўлмасин, биринчи инстанция ўзи кўриб чиққани яхшида, апелляция шикоятлари ҳам кўпаймайди. Агар жавобгарнинг эътирозлари асосли бўлса, суд ўз қарорини ўзи бекор қилгани, қолаверса, суднинг ҳурмати ҳадеб шу сиртдан иш юритиш тартибига тақалиб қолмаган-ку, тўғрими?..”

— Маълумотларга кўра, сиртдан кўрилаётган фуқаролик ишларининг 90 фоиздан ортиғини кредит, қарз ва бошқа хизмат кўрсатишга оид шартномалардан келиб чиққан низолар ёки мажбурий тўловларни ундириш ҳақидаги даъволар ташкил этмайдими?

Албатта, шундай никоҳ, айрим оилавий ва бошқа низолар сиртдан иш юритиш тартибида кўрилишига йўл қўйилмайди. Шундай экан кредит, қарз ва бошқа шу каби хизмат кўрсатишга оид шартномавий муносабатлардан келиб чиққан низоларда кредитор томон манфаатларини кўп ўйлайвериш керакмас, ахир ижтимоий гуманитар қарашлар ҳам бор-да, биз қарздор ва жавобгарларнинг манфаатини ҳимоя қилишимиз муҳим, кредитор яна бироз ҳуқуқи тикланишини кутиб қолса, камайиб қолмайди, пеня, суд қарори ижро бўлмагани учун яна пеня ундириб олаверади. Биздан нима кетди?..

— Нега қарздорга кредитор олдидаги мажбуриятини чўзишга яна 45 кун (ариза бериш+ариза қаноатлантириб, ишни кўришни бошқа кунга тиклаш + 10 кун + қайтадан қабул қилинган қарор кучга кириши+1 ой) қўшимча расмиятчилик учун вақт берилиши керак?

“Чунки жавобгар ҳуқуқини ҳам тиклаш лозим, у ҳам судда, айнан суд мажлисларида ҳуқуқ ва манфаатларини ўзи ёки вакили орқали ҳимоя қилиши керак, гарчи ютқазса ҳам вақт бу борада жуда муҳим масала эмас ва ҳоказо”.

АКТ замонасига мос ва хос савол:

Бугунги АКТ тараққий этган замонда, ривожланган давлатлар каби жавобгарни судга чақиришнинг мукаммал тизимини яратиш ёки уйидан туриб суддаги иштирокини таъминлашнинг видео-конференц-алоқага ўхшаш бошқа муқобил воситалари орқали суд юритиш асосида ишни сиртдан кўриш тартибини тугатса бўлмайдими?

"Бўлади, албатта суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизда ҳам АКТ технологияларидан кенг фойдаланиш, масофавий суд ва ҳоказолар изчиллик билан имплементация қилинмоқда, лекин вақт керак, юқорида таъкидлаганимиз каби жавобгар бўлган иккинчи томоннинг ҳуқуқи ҳам муҳим-да, бунинг муҳимлиги бугун пайдо бўлгани йўқ, 50–60 йилдан бери шундай, бозор талабларига асосланган ҳуқуқий демократик тамойиллар: адолат ҳуқуқи ва қонун сўзсиз устуворлиги тамойилини мукаммал қўллаш ҳам мумкиндир, балки".

Яъни асосий эътиборни процессуал нормаларни такомиллаштиришга, судда тарафлар иштирок этган-этмаганига эмас, балки моддий ҳуқуқни — ҳар қандай шароитда  адолат ва қонунни сўзсиз қўллашнинг яхлит, тарафларнинг ҳеч бирига ҳеч қандай имтиёз бермасдан низони ҳал этадиган тизимни ҳаётга, амалиётга тезроқ татбиқ этишга қаратиш зарур.

Алқисса мушоҳада шундан иборатки, судларда “сиртдан иш юритиш тартиби” кредитор — бу банк, бошқа молия муассасаси ёки қарз берган оддий бир фуқаро ёки мажбурий ва бошқа тўловлар ундирувчиси томонидан мажбурият, қарзни суд орқали тезроқ ундириб олиш воситасига айланиб қолган ҳамда бу тартиб ҳеч қачон аҳоли ўртасида судга нисбатан ҳурматни, судларга бўлган ишончни оширмайди.

Судларда “сиртдан иш юритиш тартиби” жавобгарга имкон яратиш учун хизмат қилиши зарур ёки низо чўзилмаслигига хизмат қилади дея фикрлайдиганлар бугунга келиб адашади ё бу фикр ўзини оқламайди.

Негаки, АКТ замони жуда тез ўзгармоқда, тараққий этмоқда, дунё ақллар беллашуви даври шароитларида яшамоқда, ҳар бир иш ёки ҳар бир ўрнатилган тартиб-тамойил ўзининг бераётган натижасига қараб баҳоланиши керак. Шунингдек, баландпарвоз ва самарасиз тартиб-тамойиллардан холи бўлиш шиддатли давр ва замон талабига айланди.

Демак, шундай хулоса қилиш мумкин:

Биринчидан, юртимизда низоларни судгача ҳал этиш механизмини такомиллаштириш орқали судларда “сиртдан иш юритиш тартиби”ни тугатиш бу соҳадаги кўплаб тушунмовчилик, ноқулайликларга ва асосийси мантиқсизликка барҳам беради;

Иккинчидан, судлар фаолиятига АКТ, айнан тарафларнинг судда иштирокини таъминлаш, уларни суд мажлиси ҳақида хабардор қилиш ё масофавий суд тизимининг кенгроқ ва мукаммал техник тизимини яратиш орқали, судларда “сиртдан иш юритиш тартиби”ни умумий тартибга ўзгартириш ҳам сиртдан иш юритиш деган ғализ бир тартиб-тамойилни тугатиб, қарор қонуний бўлади, қонуний қарор эса, асло сиртдан деб номланмайди, сиртдан чиқарилмаган ҳар қандай қарорга ўз-ўзидан одил судлов атамаси ёпишиб кетаверади десак мақсадга мувофиқ бўлади.

Зеро, одил судловнинг мақсад ва вазифаларидан бири ҳам қонун ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантиришдан иборат.

Бу мавзу доирасида судга ҳурмат муносабатини шакллантиришда масаланинг туб моҳияти шундан иборатки, судларда “сиртдан иш юритиш тартиби” одил судловни таъминлаш ҳамда бу тартибда ишларни судда мазмунан кўриш жараёнида суд ҳокимиятининг одил судлов позицияси ва унинг қонун устуворлиги тамойилига салбий таъсир ўтказмаслигига эришилади.

Нуриддин Муродов,

ФИБ Учтепа туманлараро суди раис ўринбосари 

Мавзуга оид