Юқори Чирчиқ туманлараро суди судяси шериги билан бирга 3 минг доллар олган вақтида қўлга тушган
Судялар олий кенгаши Тошкент вилоятида ишлаб келган судялардан бирини жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилганини маълум қилди. Бош прокуратуранинг аниқлаштиришича, судя Юқори Чирчиқ туманлараро судида ишлаб келган.
Маълум қилинишича, Судялар олий кенгашининг 2022 йил 7 феврал кунги йиғилишида бош прокурорнинг Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди судяси Т.О.ни Жиноят кодексининг 210-модда 2-қисми билан жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси муҳокама қилинган.
Якунда кенгаш хулосаси билан Т.О.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилган.
“Тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди” – дейилади кенгаш ахборотида.
Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, кенгашда масаласи кўрилган судя Юқори Чирчиқ туманлараро судида ишлаб келган.
Унинг қўшимча қилишича, мазкур судя ер билан боғлиқ низони ижобий ҳал қилиш эвазига жиноий шериги билан бирга 3 минг АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Аввалроқ, Судялар олий кенгаши 2022 йилдан бошлаб тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш орқали судяларнинг масъулиятини янада ошириш мақсадида интизомий жавобгарликка тортилган судялар ҳақида мунтазам очиқ ахборот бериб борилишини маълум қилганди.
Ушбу ахборотга асосан кенгаш томонидан 2021 йилда 220 нафар судя интизомий жавобгарликка тортилгани, шунингдек 2022 йил ҳисобидан интизомий жавобгарликка тортилган судялар тўғрисида маълумот бериб келинмоқда.
Мавзуга оид
16:59 / 17.11.2024
Энергия ресурсларидан қарздорликни йўқ қилиб беришни ваъда қилган газчи ва ҳисобчи ушланди
14:48 / 17.11.2024
Фарғонада ИИБ ходимига 3000 доллар пора таклиф қилган шахс қўлга олинди
13:46 / 14.11.2024
Сирдарёда ҳайдовчидан пора олган ЙПХ ходими қамалди
17:40 / 12.11.2024