Жаҳон | 09:01 / 24.02.2022
39242
5 дақиқада ўқилади

«Бой давлатга айланиш имконини яна урушга алмашяпмиз» – Навальний ва Дуд Россиянинг ҳаракатларини қоралади

AP © Babuskinsky District Court Press Service

Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний Россия ДХР ва ЛХРни тан олишига муносабат билдирди.

«Кеча юлғич ўғрилар йиғини бўлмиш Хавфсизлик кенгаши йиғилишини кўрдим. Уни кўрар эканман, СССР коммунистик партиясидаги номенклатурачи қарияларнинг йиғилиши ёдга келди. Улар ҳам худди шундай машваратда ўзларини «буюк шахмат доскаси»да ҳис қилиб Афғонистонга қўшин юборганди.

Ўша вақтдаги СССР раҳбарияти ҳамда ҳозирги ҳукумат раҳбарлари бир нарсани кўзлаган: Россия халқини ҳақиқий муаммолар – иқтисодиёт ривожланмаётгани, нархлар кўтарилиши ва қонунсизликдан чалғитиш», деб ёзди айни вақтда қамоқда қолаётган сиёсатчи.

Сиёсатчи Путиннинг кенгаш якунидан кейин қилган баёнотини аҳмоқлик деб атади: «Унинг нутқидаги Украина сўзини Қозоғистон, Беларус, Болтиқбўйи давлатлари, Озарбойжон, Ўзбекистон ёки ҳатто Финландия деб ўзгартиринг-да, қари чолнинг геосиёсий хаёллари қаерга олиб бораётганини ўйланг».

Навальний Афғонистонга қўшин киритиш СССР учун ёмон якунланганини эслатиб, Украинага қарши агрессия ҳам Россия учун яхшилик билан тугамаслигини айтди.

«Афғонистон барбод бўлди, ўз навбатида СССР ҳам ҳалокатли жароҳат қабул қилиб олди. Путин сабаб юзлаб, кейинчалик эса ўн минглаб россияликлар, украиналиклар ҳалок бўлиши мумкин. Путин Украинани ботқоққа кўмиб, ривожлангани қўймайди, аммо Россия ҳам худди шундай товон тўлайди.

Россия учун курашиш Путин ва мулозимларини кетказиш учун курашишдир. Бу айни дамда тинчлик учун курашиш демак», деб ёзди қамоқда қолаётган Алексей Навальний Telegram-каналида.

Навальний Россия пропагандачилари уруш хоҳлаётганини ҳам танқид қилди.

«Россия телеканалларини томоша қилсангиз, Россия ҳақида бирорта хабар йўқ. Фақат Украина, АҚШ, Европа иттифоқи ҳақида гапиришади. Маразматиклар ва ўғриларга пропаганданинг ўзи кифоя қилмай қолди. Улар уруш истаб қолишди, дунё харитасида танкларини ҳаракатлантиришни исташмоқда.

Бу борада энг яхши ўхшатишни Twitter’да учратдим. «Бу ишлар менинг бобомни эслатади. У оилавий байрамларда ичиб олиб сиёсий уйдирмалари билан ҳамманинг бошини қотиради». Агар бу ичиб олган чол ҳукумат раҳбарлигини ядро қуроли ёрдамида ўзида сақлаб қолаётган 69 ёшли чол бўлиб чиқмаса, кулган бўлардим», деб ёзди Навальний Путинга ишора қилиб.

Сиёсатчи Россия уруш ўрнига ўзини ривожлантиришга эътибор берса, ҳаммаси бошқача бўлишини айтди: «Бизда ХХI асрнинг кучли ривожланган давлатига айланиш учун ҳамма нарса бор, нефтдан тортиб илмли одамларгача. Аммо биз нормал бой ҳаётга эришиш учун навбатдаги тарихий имконни ҳам уруш, чиркин ёлғонлар ва Геленжикда олтин бургутли сарой қуришга алмашяпмиз. Украина эмас, Хавфсизлик кенгаши ва Единая Россиядаги ўғрилар мамлакатнинг душманларидир. Путин ўлдиришдан тўхтамоқчи эмас. Сизни Вашингтон эмас, Кремл қашшоқ қиляпти. Нафақахўр карамшўрваси ҳам икки баравар қиммат бўлишига мажбур бўлаётган сиёсат Лондонда эмас, Москвада олиб бориляпти».

Россиялик таниқли журналист Юрий Дуд ҳам Россия ҳукуматининг Украинага нисбатан ҳаракатларини қоралади. Дуд ўзининг Instagram’даги саҳифасида Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишини шундай тасвирлади.

«Тарихга қизиқувчи император, носоғлом фикр, пропагандачилардан иборат эскорт. Улар Москвадаги иссиққина квартирадан туриб уруш бошланишини шунчалик меҳр билан қўллашдики, асти қўяверасиз. Улар миллий бойликларни Воронеж, Камчатка, Никел ва Заполярнийни ривожлантиришга сарфлаш ҳақида эмас, бу бойликларни назоратида сақлаб қолиш учун қарор қабул қилишди.

Мен бу ҳукуматни, унинг императорларча ғазабини қўлламаганман. Россия менинг ватаним, байроғимизни фахр билан тақиб юраман, лекин Украина ҳам кимларнингдир ватани. Шу кунларда уларни максимал даражада қўллаб-қувватлайман. Россия, Украина ва дунёда тинчлик бўлсин», деб ёзди Дуд ўз саҳифасида.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид