Ноодатий қочишлар: Зулм салтанатида яшашни хоҳламаганлар СССРни қандай тарк этганди?
Теплоходдан ўзини сувга отган олим уч сутка давомида Тинч океанида 100 километр масофани сузиб ўтиб Филиппин қирғоқларига етади. 20 ёшли йигит Қора денгизда Батумидан Туркиягача 35 километрни сузиб ўтади. Круиз теплоходидан ўзини сувга отган 19 ёшли қиз Австралия қирғоқларигача сузиб боради.
Тарих саҳнасида 69 йил яшаган СССРдан жуда кўпчилик қочиб кетган. Олимлар, адиблар, спортчилар ва санъаткорлар қатори оддий одамлар ҳам имконият бўлиши биланоқ давлатни тарк этишган.
Уларнинг айримлари ошкора исён билан чиқиб кетган бўлса, бошқалари турли ишлар юзасидан хорижга бориб, ортга қайтмаган. Баъзилар эса ўз жонини хатарга қўйиб бўлса-да бу давлатдан қочган. Океаншунос Станислав Курилов, 20 ёшли Пётр Патрушев, 19 ёшли Лилиана Гасинская шулар жумласидан. Улар зулм салтанатидан қочиш учун жуда хатарли йўлларни танлашган ва ҳаётларини хавф остига қўйиб ўз мақсадларига етишган.
Станислав Курилов
1936 йилда туғилган Станислав Курилов мактабни битиргач Ленинград гидрометеорология институтида океаншунослик йўналишида ўқийди. Сўнг Ленинграддаги СССР Фанлар академиясининг океаншунослик институтида, кейинроқ Владивостокдаги Денгиз биологияси институтида ишлайди.
Куриловда СССРдан чиқиб кетиш режаси Ленинградда ишлаб юрган пайтида пайдо бўлади. Ўша пайтда ўзининг соҳаси бўйича иш юзасидан бир неча марта хорижга чиқмоқчи бўлганида унга рухсат беришмайди. Шунингдек, Куриловнинг ҳиндистонликка турмушга чиққан синглиси ҳам турмуш ўртоғи билан СССРга келиб-кета олмасди. У эри билан АҚШга кўчиб ўтгач СССРга киришига бутунлай тақиқ қўйишади.
Курилов ўзи ва синглисига қўйилган тақиқлар туфайли коммунистик тузумни ёмон кўриб қолади ва имконияти бўлиши билан СССРдан қочишни режалаштиради.
Қочиш
Қонуний йўл билан мамлакатдан чиқиб кета олишига кўзи етмаган Курилов қочиш учун қулай вазиятни кута бошлайди. 1974 йилда у «Совет иттифоқи» теплоходида Тинч океани бўйлаб ташкил этилаётган саёҳат ҳақидаги эълонни кўриб қолади.
Круиз теплоходдаги саёҳат 1974 йил декабрда Владивостокдан бошланиб экваторгача давом этиши, сўнг ортга қайтиши режалаштирилганди. Саёҳат давомида теплоходнинг хорижий портларга кириши белгиланмаган, шу сабабли саёҳатчилар хорижга чиқиш учун рухсатнома (ОВИР) олиши шарт эмасди.
Курилов дарҳол рўйхатга ёзилади. У нима қилиб бўлса ҳам СССР ҳудудидан чиқиб кетишни истар, қолганига таваккал қилишга рози эди. Теплоходга чиқишгач саёҳатчиларга теплоход қайси йўналиш бўйича ҳаракатланиши ҳақида маълумот берилади. Шунда Курилов теплоход борадиган энг охирги манзилда ундан тушиб қолиш режасини тузади.
1974 йил 13 декабр куни тунда теплоход экваторга етиб, ортга қайтаётганида Курилов ўзини сувга отади. У ўзи билан ниқоб, ғаввослар нафас олишда фойдаланадиган найча, оёққа тақиладиган мослама олган эди. Куриловнинг мўлжалича қирғоқ яқин эди. Аммо навигация ускуналари бўлмагани учун у адашади ва океанда уч сутка қолиб кетади. Сўнг 100 километр масофани сузиб ўтиб Филиппинга қарашли Сиаргао оролига етиб боради.
Курилов қирғоққа етгач унинг совет Теплоходидан тушиб қочгани ОАВ орқали бутун дунёга тарқалади. Москвадагилар ҳам унинг қочганини ўшанда билишади. Филиппинда Куриловни сўроқ қилишади. У СССРдан қочганини ва ортга қайтмаслигини маълум қилади.
Совет ҳукумати Куриловни Москвага топшириш юзасидан Филиппинга босим ўтказа бошлайди. Иккинчи тарафдан аксарият Ғарб давлатлари уни СССРга топширмасликни талаб қилишади. Бир қанча давлатлар Куриловга сиёсий бошпана беришга тайёрлигини маълум қилади.
Ана шундай шароитда Филиппин ҳукумати Куриловни депортация қилади, аммо Москвага бермайди. Уни Канадага жўнатиб юборишади. Шундан сўнг СССРда Куриловга нисбатан жиноий иш очилади. Уни ватанга хиёнат қилишда айблаб сиртдан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилишади.
Ғарбдаги ҳаёт
Канадада Куриловни океан тадқиқотлари ўтказаётган компания ишга таклиф этади. Шундан сўнг у анча йил Канада ва АҚШда океан тадқиқотлари билан шуғулланади.
1986 йилда Куриловни Исроилга ишга таклиф этишади. У Хайфадаги океанография институтида ишлай бошлайди. Шу ерда у қисса ёзади ва унда СССРдан қочиши тафсилотларини ҳикоя қилади. Қисса Исроил журналларидан бирида берилади. 1991 йилда Огонёк журнали ҳам уни чоп этади ва Куриловга журнал мукофотини топширади.
1998 йил 28 январ куни Исроилдаги Тивериада кўли остида тадқиқотлар олиб бораётган Курилов кислород билан боғлиқ муаммо туфайли ҳалок бўлади.
Петр Патрушев
1942 йилда туғилган Петр Патрушевнинг СССРдан қочиши ҳам Куриловнинг қочишига ўхшайди. Фақат Куриловдан фарқли равишда Патрушев саёҳатга чиқмайди, балки Қора денгиз орқали қочади. Бу учун у Батумидан Туркия қирғоқларигача бўлган масофани сузиб ўтади.
Патрушев мактаб давридаёқ сузиш билан жиддий шуғулланади. Шу сабабли уни ҳарбий хизматга чақиришганда Новосибирскдаги армия спорт клубига жўнатишади. Аммо негадир КГБ аралашиб уни оддий ҳарбий қисмга жўнаттиради. У армияда «дедовшина» туфайли ўзидан аввал хизматга борган йигитларнинг зўравонлигига дуч келади. Ўшанда руҳан қийналган Патрушев СССРни бутунлай тарк этишга қарор қилади.
Патрушев мақсадига осонроқ эришиш учун Кавказга, Грузиянинг Батуми шаҳрига бориб яшай бошлайди. У Қора денгизни сузиб ўтиб Туркияга қочишни режалаштирганди.
1962 йил июн ойида 20 ёшли Патрушев Батумидан денгизга тушади ва Туркия қирғоқларигача бўлган 35 километр масофани сузиб ўтади. Унинг қочгани ошкор бўлгач СССР Туркиядан Патрушевни қайтаришни сўрайди ва рад жавоби олади. Шундан сўнг унинг қочганини ватанга хиёнат деб баҳолашади ва сиртдан суд қилиб ўлим жазоси беришади.
Бироз муддат Туркияда яшаган Патрушев Австралияга кўчиб кетади. Яшил қитъада узоқ йиллар телебошловчи ва журналист сифатида ишлайди. Кейинчалик таржимонликка ўтиб кетади. Тақдир тақозоси билан у Владимир Путиннинг Австралияга ташрифи давомида бош вазир Жон Говард билан ўтказган учрашувида таржимонлик қилади.
У қочиш тафсилотлари ҳақида «Барча ғалаба қозониши мумкин» деб номланган китоб ёзади. 1990 йилда қочганига 28 йил бўлганда Патрушев қариндошларини кўргани СССРга келади. Уни аэропортда 8 соат ушлаб туришади. Патрушевга чиқарилган ўлим жазоси бир неча кун олдин бекор қилингани туфайли уни қўйиб юборишади. Патрушев 2016 йилда Австралияда вафот этган.
Лилиана Гасинская
Лилиана Гасинскаянинг қочиши ҳам денгиз орқали бўлган. У ҳам Криловга ўхшаб аввал белгиланган манзилга етган ва ўзини океанга ташлаб хорижий давлат қирғоғигача сузиб борган.
1960 йилда Луганск вилоятида туғилган Лилиана Гасинская ўсмир ёшидаёқ СССРни тарк этишни хоҳлаганди. У хорижга осонроқ чиқиш учун Одессадаги сайёҳлик сервиси билим юртида ўқийди. Ўқишни битиргач хорижий саёҳатларга чиқадиган теплоходда ишлаш учун рухсат олади ва улардан бирига официант бўлиб ишга киради.
1978 йилнинг охирида у ишлаётган теплоход Австралияга саёҳат қилиш учун йўлга чиқади. Бу Лилиананинг узоқ хорижга илк марта чиқиши эди. Ана шу сафарда у қочишни режалаштиради.
Теплоход Ғарбий Астралия провинциясининг Фримантле шаҳарчасидаги портда турганда у бошқаларга сездирмай қирғоққа тушиб, сўнг сиёсий қочоқ мақомини сўраб бақирмоқчи бўлади. Аммо КГБ ходими теплоходдан тушаётган Лилианани кўриб қолади ва унга қирғоққа тушишга рухсат бермайди. Шу тариқа унинг биринчи уриниши муваффақиятсиз тугайди.
Иккинчи уринишни у теплоход Сидней яқинида турганида амалга оширади. 1979 йил 14 январ куни Лилиана ишлайдиган теплоход Сиднейнинг йўлдош шаҳарчаси бўлган Пирмонт портидан СССРга қараб йўлга чиқади. Шунда Лилиана теплоход каюталаридан бирининг иллюминатордан ўзини сувга отади. Сўнг қарийб бир соат сузиб ўтиб, Сидней шаҳрига етади.
19 ёшли официантнинг қочгани ҳақида хабар топган СССРнинг Сиднейдаги консуллиги ходимлари уни The Daily Mirror газетаси мухбирларига интервью бераётган жойида топишади. Улар Лилианани куч билан олиб кетишга уринишади, аммо мухбирлар бунга йўл қўйишмайди.
Лилиана ўз интервьюсида ёлғонлар устига қурилган коммунистик тузумни ёмон кўришини ва ўсмирлик пайтидаёқ СССРдан қочиб кетиш ниятида бўлганини айтади.
Совет ҳукумати Австралияга қизни қайтариб бериш талабини қўяди. Расмий Канберра бу талабни рад этади ва Лилианага қочқинлик мақоми беради. Шундан сўнг у Австралияда яшаб қолади ва моделлик ҳамда актрисалик билан шуғулланади. Бир қанча сериалларда суратга тушади.
Лилиана 1990 йилда Лондонга кўчиб ўтади ва шу билан у ҳақда шов-шувли хабарлар чиқиши тўхтайди. Ўшанда у 30 ёшда эди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024