Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда «Олима аёллар» жамияти тузилади
Президент Шавкат Мирзиёев 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбирида нутқ сўзламоқда.
Kun.uz мухбирига кўра, давлат раҳбари аёллар таълимига берилаётган алоҳида эътибор ҳақида тўхталди.
“Аёллар таълимига алоҳида эътибор бераётганимиз туфайли, ўтган йили олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.
Агар бундан олти йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар қизларимиз таҳсил олган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 400 минг нафарга етди ёки уларнинг улуши 2016 йилдаги 38 фоиздан айни пайтга келиб қарийб 50 фоизга етди.
Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини, аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб бериши, оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини яратишлари, ҳаммамизга яхши аён. Шу боис донишмандлар: “Битта қиз болани ўқитсангиз – бутун оилани ўқитган бўласиз”, деб бежиз таъкидламаганлар.
Қизларимизнинг замонавий билимлар ва касб-ҳунар эгаси бўлиб, жамиятда ҳамда ўз оиласида муносиб ўрин топиши учун бошлаган ишларимизни, бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз.
Бу борада, аввало, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинди. Ушбу ҳужжат доирасида пойтахтда хотин-қизлар учун алоҳида университет ва жойларда унинг техникумларини ташкил этамиз. Барча талаба қизларга таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий қилинади.
Ушбу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида илмий изланиш ва кашфиётлари билан юртимиз равнақига катта ҳисса қўшиб келаётган олима аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини янги босқичга кўтарамиз.
Маълумки, бугунги кунда опа-сингилларимиз орасида ўнлаб академик ва профессорлар, фан докторлари ва фан номзодлари, юзлаб истеъдодли тадқиқотчилар бор. Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш – бу игна билан қудуқ қазишга баробар.
Мен ўзим шу соҳадан чиққаним учун бу ишнинг нақадар қийин ва мураккаб эканини яхши биламан. Шунинг учун ҳам оила ташвишлари ва фарзанд тарбиясини илмий тадқиқот билан бирга олиб бораётган, бу борада амалий ютуқ ва натижаларга эришаётган олима аёлларни шахсан мен чинакам матонат ва жасорат соҳибалари деб биламан ва юксак қадрлайман.
Зукко ва билимдон хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган қизиқиш ва иштиёқини ошириш мақсадида, биз бир қанча муҳим чора-тадбирлар белгиладик.
Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб: магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун, ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади; докторантура йўналишида хотин-қизлар учун, ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.
Бу ишларни тизимли равишда ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида “Олима аёллар” жамияти тузилади. Заҳматкаш олималарнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, улар учун ҳар жиҳатдан қулай шароит яратиш мақсадида “Олима аёллар” жамиятига ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Умуман олганда, юқорида айтилган барча мақсадларга жорий ва келгуси йил учун 1,8 триллион сўм йўналтирилади”, – деди президент йиғилганларга қарата.
Мавзуга оид
17:38 / 25.12.2024
Мирзиёев МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
00:30 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
20:19 / 24.12.2024