Ўзбекистон | 16:26 / 10.03.2022
6622
2 дақиқада ўқилади

Мораторийга қарамасдан Фарғонада дарахт кесиш ҳолати аниқланди

Ноқонуний тарзда 3 туп чинор дарахтини кесган фуқарога нисбатан маъмурий баённома тузилиб, табиатга етказилган зарар 103 миллион 950 минг сўм миқдорида ҳисобланган.

Фото: Фарғона вилояти Экология бошқармаси

Давлат Экология қўмитасининг хабар беришича, Қўқон шаҳрининг "Ширин" МФЙ ҳудудида фуқаро Б.Қ. 3 туп чинор дарахтини рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан кесиб ташлаган. Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Қўқон шаҳар бўлими давлат инспекторлари мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатини ўрганиб, табиатга 103 950 000 сўмлик зарар етказилган деб топишган. Фуқарога шунингдек, Ўзбекистон МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига асосан БҲМнинг беш баробари, яъни 1 350 000 сўм миқдорида жарима ҳам қўлланилган.

Фото: Фарғона вилояти Экология бошқармаси

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қарши давлат университети ҳудудида 38 туп дарахт ноқонуний кесилган. Шунингдек, Андижонда туғуруқхона олдидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланган. Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари кесишмасида экилган элдор қарағайлари кечки пайт номаълум шахслар томонидан кесиб кетилган. Андижон ва Тошкентдаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Қашқадарёда 10 туп қайрағочни кесган фуқарога нисбатан маъмурий баённома тузилиб, табиатга етказилган зарар 32,4 миллион сўм миқдорида ҳисобланган.

Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан, Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши белгиланган эди. Фармонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланиши ҳам кўзда тутилган.

Сарвар Зияев
Тайёрлаган Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид