Ўзбекистон | 17:29 / 12.03.2022
12397
3 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида қолиб кетган йўловчилар учун поезд юборилди

Қамчиқ довонида қор кўчкиси хавфи эълон қилингач, 12 март куни соат 09:00дан довонда автомобиллар ҳаракати тўлиқ тўхтатилган эди. Шу сабабли йўлда қолиб кетган йўловчилар учун поезд ташкиллаштирилди. Кейинги соатларда довонда 5та қор кўчкиси кузатилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилгани муносабати билан йўлда қолиб кетган йўловчиларга махсус рейс орқали поезд қатнови йўлга қўйилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан хабар беришларича, айни пайтда Оҳангарон, Ангрен ва Орзу вокзали орқали қўшимча йўловчи поезди қўйилиб, вокзаллардан аҳолини манзилга етказиш ишлари ташкиллаштирилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар! Қамчиқ довонида об-ҳаво барқарор бўлмагунига қадар довон орқали вақтинчалик ҳаракатланмасликни тавсия этамиз”, – дейилади ФВВ хабарида.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

“Ўзгидромет” довонда қор кўчкиси рўй берганини маълум қилди. Қайд этилишича, 11–12 март кунлари Қамчиқ давонида кучли ёғингарчилик (қор ва ёмғир аралаш қор) – 41 мм кузатилган, метеорологик майдончада қор баландлиги 54 см, тоғ ёнбағирларидаги қор баландлиги 180 см гача етган.

“Ўзгидромет” прогнози оқланиб, довон ҳудудида 5 та қор кўчкиси кузатилди. Энг катта қор кўчкисининг ҳажми 400 мин м3 ташкил этди.

Тоғли худудларда истиқомат қилувчи фуқароларни, дам олувчиларни ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз”, – дейилади Гидрометеология маркази ахборотида.

Фото: "Ўзгидромет"

Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, йўлда қолиб кетган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Aнгрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шоҳобчаларига жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Улар учун зарурий шароитлар яратилган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

А-373 халқаро автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисми автомобиллар ҳаракати учун 12 март куни соат 9:00 дан вақтинча ёпилган эди. Кўп ўтмай йўлнинг бир қисмида ўпирилиш рўй бергани маълум бўлди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати довонга автомобиллар ҳаракатини чеклаш учун Тошкент вилоятида 5та пост ташкил этган.

Фото: ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати
Фото: ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати

Мавзуга оид