Ўзбекистон | 17:11 / 26.03.2022
35673
4 дақиқада ўқилади

Қонуний ҳуқуқларини талаб қилган истеъмолчилар «самосуд» қилинди

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманларида QR-кодли тўлов чеки берилмагани сабаб тадбиркорлар устидан Давлат солиқ қўмитасига шикоят йўллаган фуқаролар «самосуд» қилинди.

Ижтимоий тармоқларда QR-кодли тўлов чеки берилмагани учун тадбиркорлар устидан масъул органларга шикоят қилган фуқаролар «самосуд» қилингани акс этган видеолар тарқалди.

Тошкент шаҳар ИИББ маълумотларига кўра, ушбу ҳолатлар Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманларида содир этилган.

«Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар бошқа фуқаролар томонидан «самосуд» қилинаётганлиги, ўзбошимчалик билан сўроққа тутилаётганлиги акс этган видеолар тарқалмоқда.

Аниқланишича, ҳолатлардан бири Бектемир туманида содир бўлган. Жорий йилнинг 18 март куни 2003 йилда туғилган фуқаро А.Р. 1990 йилда туғилган фуқаро П.С. ва 1991 йилда туғилган К.Ф.ларнинг дўконларига харидор сифатида кириб, дўкон ходимлари харид қилинган маҳсулот учун тўлов варақаси (чек)ни бермаганлиги юзасидан ушбу дўконларнинг «QR-кодини» сканер қилиб, «Солиқ ҳамкор» саҳифасига юборган. Ва бунинг натижасида харидор дўкон ходимлари томонидан турли сўзлар билан ҳақорат қилинган .

Бундан ташқари, 20 март куни Сергели туманида бир нечта фуқаролар 1997 йилда туғилган Л.Ф.ни дўкон ходимлари харид қилинган маҳсулот учун тўлов варақаси (чек)ни бермаганлиги бўйича маълумотларни солиқ идораларига бераётганликда айблашган. Шундан сўнг фуқаролар 1984 йилда туғилган Д.Ғ., 1998 йилда туғилган Х.А., 1983 йилда туғилган У.Л., 1981 йилда туғилган Н.Н., 1990 йилда туғилган Х.С. ва бошқалар Л.Ф.ни турли сўзлар билан ҳақоратлаб, шовқин кўтариб, жамоат тартибини бузишган.

Ҳозирда ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-модда («Ҳақорат қилиш»), 183-модда («Майда безорилик»), 200-модда («Ўзбошимчалик»)лари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган», дейилади расмий муносабатда.

Маълумот учун, «Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб, чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектлари томонидан тақдим қилинган харид чекини «Солиқ» мобил иловасидан рўйхатдан ўтказган фуқароларга умумий харид суммасининг 1 фоизи кешбэк шаклида қайтарилиши кўзда тутилган.

Агар сотувчи томонидан чек бермаслик ҳолатлари кузатилганда, «Солиқ» иловасининг «Солиқ ҳамкор» бўлими орқали Давлат солиқ қўмитасига хабар бериш имконияти мавжуд.

Жисмоний шахслар чек ёки унга тенглаштирилган ҳужжатларни тақдим этмаган тадбиркорлар устидан солиқ органларига хабар берган тақдирда, ундирилган жариманинг 20 фоизи жисмоний шахсга тўлаб берилади; қолган 80 фоизи қонунчиликда белгиланган тартибда давлат бюджети ва Солиқ қўмитасининг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ўртасида тақсимланади.

Мавзуга оид