Жаҳон | 15:26 / 11.04.2022
41658
8 дақиқада ўқилади

Воқеалар ривожи бўйича 3 сценарий бор — сиёсатшунослар Афғонистонни кутаётган воқеалар ҳақида

2021 йил августида «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаши ортидан мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқироз жиддий хавфга айланди. БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги хабарига кўра, бугун мамлакатда 23 миллионга яқин одам, яъни аҳолининг 55 фоизи очарчиликдан азият чекмоқда. Ҳолат эса кун сайин ёмонлашиб боряпти.

Бу ўринда кўпчиликни мамлакатнинг кейинги тақдири нима бўлиши ўйлантириши табиий.

Kun.uz Афғонистондаги оғир вазият ва келгусида мамлакатда юз бериши мумкин бўлган воқеалар таҳлили бўйича сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва афғоншунос Суҳроб Бўронов билан интервью уюштирди.

Қандай омиллар афғон иқтисодиётини жарликка йиқитмоқда?

Камолиддин Раббимов:

— 2001 йилда АҚШ ва НАТО коалицияси Афғонистонга кираркан, бу ердаги иқтисодий ва ижтимоий вазият тўлиқ ғарб коалицияси зиммасига юкланганди. Бу жараён 2021 йилга қадар давом этди.

Афғонистон иқтисодиётига ҳар йили бир неча ўн миллиардлаб сармоя киритиш – Ғарбнинг Афғонистонда давлатчилик шакллантириш бўйича стратегиясининг асоси эди.

Ўтган йили Афғонистонда ҳокимиятга толибларнинг келиши бу жараённи тўхтатди. Яъни Афғонистон шу пайтгача ичкаридан ишлаб чиқарувчи, рақобатбардош иқтисодий тизим ярата олмаганди.

Ҳокимиятга келиши арафасида толибларга АҚШ томонидан анча жиддий ва рационал шартлар қўйилган. Ҳали ҳам музокаралар давом этяпти. Ҳозир эса ташқи дунёнинг Афғонистонга бериб келинган ёрдамлари тўхтатилиши оқибатида ўта оғир ижтимоий-иқтисодий инқироз юзага келди.

Бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг бор эътибори Украинага қаратилгани туфайли Афғонистонга эътибор пасайиб кетди. Лекин бу дегани Афғонистондаги инқироз ўз ечимини топяпти дегани эмас.

Суҳроб Бўронов:

— Дарҳақиқат, айни пайтда Афғонистондаги гуманитар вазият ўта кескин. БМТ маълумотларига кўра, ҳозир Афғонистон аҳолисининг қарийб тенг ярми – 23 миллионга яқин киши гуманитар инқироз шароитида кун кечирмоқда. Бу эса Американинг Афғонистондан чиқиб кетиши ва айниқса, мамлакатнинг хориждаги 8 млрд долларга яқин давлат активлари музлатиб қўйилиши билан боғлиқ.

Бундан ташқари, бугунга келиб минтақанинг катта салоҳиятга эга бир қатор давлатлари томонидан Афғонистонга етказиб берилаётган ёрдамлар ҳам тўхтаб қолди. Масалан, Ҳиндистондан келаётган ёрдамлар. Ҳиндистон аввалроқ – Ашраф Ғани ҳокимияти пайтида Афғонистонга ёрдам етказиш бўйича дунёда бешинчи ва минтақада биринчи давлат эди.

Шунингдек, Япония ҳам Афғонистонга катта миқдорда гуманитар ёрдам етказувчи донор давлат эди. Аммо бугун мана шундай ёрдамлар оқими тўхтаб қолган.

Афғонистон бугунги жиддий аҳволидан гуманитар ёрдамлар ёки ғарбнинг санкциялар борасида ён бериши билан ҳам чиқиб кетолмаслиги мумкин. Сизнингча, Афғонистондаги вазият ривожи бўйича қандай сценарийлар, кутилмалар бор?

Суҳроб Бўронов:

— 2021 йил 15 августда Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятни эгалларкан, унинг олдига жаҳон ҳамжамияти томонидан ташқи интеграция борасида бир қатор шартлар қўйилди. Аммо ҳозиргача бу шартлар бажарилмади. Хусусан, инклюзив ҳукумат тузиш, инсон ҳуқуқлари таъминланиши ёки турли террористик ташкилотлар билан алоқаларни узиш масаласи ҳамон очиқ.

Тўғри, ушбу шартлар бўйича «Толибон» маълум қадамларни ташлаяпти, аммо фикримча, бунга вақт керак. Чунки бу ерда «Толибон»нинг ўз сиёсий ва диний маслаклари омили ҳам бор. Ғарб ҳар қанча демократик қадриятларни таклиф қилаётган бўлмасин, Афғонистоннинг ҳам ўз хусусиятлари борки, бу ислоҳотлар вақт талаб қилади.

Назаримда, мамлакатдаги воқеалар ривожи бўйича қуйидаги 3та катта сценарийни кутиш мумкин:

1. Афғонистонда «Толибон» муваққат ҳукуматининг дастлаб минтақа ва кейинчалик дунё миқёсида тан олиниши;

2. Афғонистонда вазият оғирлашиб, бошқа сиёсий гуруҳ ва ҳаракатлар «Толибон» ҳукуматига қарши ҳаракат олиб бориши ва мамлакатда турли этник ва сиёсий гуруҳлар ўртасида фуқаролар уруши бошланиши;

3. Афғонистон террорчи экстремистларнинг ва бошқа гуруҳларнинг маконига айланиб қолиши.

Фикримча, айни вазиятда биринчи сценарийнинг амалга ошиш эҳтимоли катта. Аммо юқорида айтганимдек, бу сценарий амалиётга кўчиши учун ҳам маълум вақт керак.

Айни шу сценарий учун «Толибон» ҳам ҳаракат қилмоқда. Жумладан, БМТ маълумотларига кўра, 2020 йилдан 2021 йил декабрига қадар мамлакатда тўқнашувлар 91 фоизгача камайган. Бунда шунингдек, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар сони 50 фоизгача камайди. Яъни хавфсизлик масаласида «Толибон» керакли натижаларга эриша олди.

Шунингдек, яқинда «Толибон» томонидан гиёҳванд моддалар етиштиришга ҳам тақиқ эълон қилинди. Бу – ижобий кўрсаткич. Мазкур тақиқ БМТнинг «Толибон» билан мулоқотини янгича шаклда давом эттиришга янги қадамдир.

Бу борада БМТнинг кўмак берувчи ташкилоти «YUNAMA»нинг Афғонистондаги ваколат мандати муддатини 1 йилга узайтирганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бу масалада минтақавий консенсус ҳам бор. Жумладан, Афғонистон масаласида Хитойда ўтган учрашувга алоҳида эътибор қаратиш керак. Унда «Толибон» ҳукуматини қай даражада тан олиш ва унга «Толибон» қай даражада тайёрланиши кераклиги масаласи муҳокама қилинди.

Камолиддин Раббимов:

— Афғонистондаги ижтимоий барқарорлик бўйича ташқи дунёнинг хавотирлари борган сари кучайиб боряпти. Бу борада қўшни давлатлар – Покистон, Хитой ва асосий байроқдорлик кўрсатаётган Ўзбекистон «Толибон» сиёсий тизимининг тезроқ легаллашувини истайди. Чунки Афғонистонда қайтадан фуқаролик уруши бошланадиган бўлса, бундан минтақа давлатлари кўп нарса йўқотади.

Бугун кўриндики, 20 йиллик урушдан кейин «Толибон» ниҳоятда қудратли ҳаракатга айланиб кетган. У 90-йиллардаги каби ўта миллатчи ташкилот эмас. У анчайин интернационал бўлиб улгурди. Масалан, бугун толиблар ҳокимиятидаги тўртинчи йирик лавозимли шахс этник ўзбек Абдусалом Ҳанафийдир. Шунингдек, ҳаракат етакчилари сафида бошқа миллат вакиллари ҳам бор.

Айни пайтда Афғонистонда кейинги 20-30 йилда бўлмаган ҳолат – толиблар бутун мамлакат бўйлаб тўлақонли назорат ўрнатишга муваффақ бўлди. Ҳозир ташқи дунё тушуняптики, мамлакатни кучли назорат қила олар ва музокара билан дунё ҳамжамияти қўйган шартларга уларни кўндириш мумкин экан, нега «Толибон» билан ҳамкорлик қилмаслик керак?

Бугун дунё давлатлари «Толибон»ни тан олиш бўйича икки хил фикрда. Бунда минтақа давлатлари – Хитой, Покистон ёки унга қўшни давлатлар «Толибон»нинг тезроқ тан олиниши ва қўйилган консенсус талаблари бажарилишини истайди. Яъни бу давлатлар Афғонистонга биринчи ўринда ижтимоий барқарорлик призмаси орқали қарайди.

Аммо Ғарб давлатлари биринчи навбатда қўйилган талаблар бажарилиши ва шундан кейингина сиёсий тизимнинг тан олиниши масаласини қўймоқда. Яъни коллектив ғарб учун Афғонистонда ижтимоий барқарорлик масаласи иккинчи ўринда.

Чунки 20 йиллик урушдан кейин ғарбдаги айрим сиёсий доиралар, сиёсий мактаблар тафаккурида биз Афғонистонга инвестиция киритдик, агар бу ерда тезда барқарорлик ўрнатилса, бунинг дивидендларини Хитой олади, деган тасаввур ҳам бор.

Афғонистондаги барқарорлик келгусида минтақада йирик логистик лойиҳаларни амалга оширишга имкон беради. Ғарбда эса Афғонистон орқали ўтадиган катта лойиҳаларга рақобат ҳиссиёти йўқ эмас.

Ўзбекистон бу вазиятда Афғонистон сиёсий тизимининг тан олиниши ва тезроқ барқарорлик ўрнатилиши тарафдори.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид