Жаҳон | 09:26 / 13.04.2022
12444
3 дақиқада ўқилади

Назарбоевнинг жияни «Қозоқтелеком» акцияларини давлатга қайтарди

Назарбоевнинг ҳибсга олинган жияни Қайрат Сотиболдига тегишли Қозоғистон компаниялари «Қозоқтелеком»нинг жами 28,8 фоиз акциясини давлатга ўтказди.

Фото: Kapital.kz

Қозоғистон ҳукумати Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдига тегишли компаниялар «Қозоқтелеком» акцияларининг 30 фоизга яқинини давлат мулкига қайтарганини эълон қилди, Сотиболдининг ўзи ноқонуний ўзлаштиришда гумон қилиниб ҳибсга олинган. 

«Қозоқтелеком»нинг акциядорлари - Skyline Investment Company S.A. ва Alatau Capital Investment ширкатлари ўзининг 28,8 фоизлик акциялари умумий улушини давлат мулкига ўтказишга қарор қилди, дея хабар берилган 12 апрель, сешанба куни Қозоғистон ҳукумати сайтида. 

Қарор матнида мазкур компанияларнинг таклифлари қабул қилиниб, «Қозоқтелеком» устав капиталининг 24,95 фоизини ташкил этувчи 2 миллион 671 минг 481 дона оддий акция Skyline Investment Company S.A.’дан республика мулкига беғараз ўтказилиши қайд этилган. Ўз навбатида, Alatau Capital Investment «Қозоқтелеком» устав капиталининг 3,85 фоизини ташкил этувчи 413 412 дона оддий акцияларни давлатга ўтказади. 

Март ойи ўрталарида Қозоғистон коррупцияга қарши хизмати Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдини «Қозоқтелеком»даги маблағларни ўзлаштиришда гумон қилиб, ҳибсга олган эди. ОАВ маълумотларига кўра, у «Қозоқтелеком»нинг 24 фоиз улушига эга бўлган Skyline Investment Company S.A. офшор компаниясининг ягона таъсисчиси бўлган. Бундан ташқари, ОАВ 2016 йилда Сотиболди ўзининг Alatau Capital Invest компанияси орқали «Қозоқтелеком» акцияларининг 4 фоизга яқинини сотиб олгани ҳақида хабар берган.

Қайрат Сотиболди - Назарбоевлар оиласи аъзоларидан бири, республика собиқ президенти укасининг ўғли. У Forbes Kazakhstan талқинига кўра мамлакатнинг энг нуфузли бизнесменлари рўйхатига киритилган, 2018 йилда унинг бойлиги 163 миллион долларга баҳоланган. Қайрат Сотиболди давлат хизматида ишлаган, Қозоғистон пойтахти ҳокимининг ўринбосари бўлган, миллий компанияларда масъул лавозимларда ишлаган. 

Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг март ойида Қозоғистон президенти лавозимини тарк этиб, хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқ ассамблеяси раиси бўлган. 2021 йилнинг апрелида у Қозоғистон халқ ассамблеяси раҳбари ваколатларини амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширди. Январь ойидаги норозилик намойишлари ва тартибсизликлар пайтида у Назарбоевни нуфузли орган – хавфсизлик кенгаши раислигидан четлаштирди.  Бироз вақт ўтгач, Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг ягона етакчисига айланган Тўқаевга ҳукмрон «Нур Отан» партияси раислигини ҳам топширди. 

Мавзуга оид