Иқтисодиёт | 19:52 / 27.04.2022
43709
7 дақиқада ўқилади

Польша ва Болгария Россияни «шантаж»да айблади. Европа рус энергия ресурсларидан воз кечишга тайёрланмоқда

Фото: Getty Images

«Газпром» Болгария ва Польшага газ етказиб беришни бутунлай тўхтатди. Бу тўловларнинг рублда амалга оширилмагани билан изоҳланган. Россия томонининг бу ҳаракатлари шартнома шартларини очиқчасига бузиш ва «шантаж» қилиш, деб баҳоланмоқда.

Россиянинг «Газпром» компанияси Болгариянинг «Булгаргаз» ва Польшанинг «PGNiG» компанияларига газ етказиб беришни тўхтатди.

Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Марцин Пшидачнинг сўзларига кўра, расмий Москва шу йўл билан Ғарб давлатлари ўртасида «низо қўзғатмоқчи».

«Газ етказиб беришни тўхтатиш Польшанинг 50та рус компанияси, хусусан, «Газпром» ва жисмоний шахсларга нисбатан жорий қилган санкцияларига жавоб ҳисобланади», дея муносабат билдирган мамлакат бош вазири Матеуш Моравецкий.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, бу ҳаракат Россиянинг энергия етказиб берувчи сифатида ишончсизлигини кўрсатади.

Урсула фон дер Ляйен Россия ўзини ишончсиз етказиб берувчи сифатида намойиш этганини айтди

Россия томони газ етказиб бериш тўхтатилганини тўловлар рублда амалга оширилмагани билан изоҳлаган.

Аввалроқ, Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши қўлланаётган халқаро санкциялар фонида Владимир Путин Россия гази «нодўст давлатлар»га экспорт қилинганида тўлов рублда қабул қилинишини кўзда тутувчи фармонни имзолаганди. Ўз навбатида Европа мамлакатлари Москванинг бу талабини рад этишган.

«PGNiG» компанияси чоршанба куни Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилганини тасдиқлаган. 

Польша ҳукумати Россия томонининг ҳаракатларини шартнома шартларини очиқчасига бузиш, деб баҳоламоқда.

Марцин Пшидачнинг айтишича, Польша бир неча йилдан бери Россия газидан эҳтимолий узилишга тайёргарлик кўриб келган ва муқобил танловлар туфайли «Газпром» хизматларидан воз кечишнинг уддасидан чиқа олади.

«Кўп йиллар олдин бир қатор қарорлар қабул қилганмиз ва ҳозирда бизда бошқа ҳамкорлар, хусусан, Қўшма Штатлар ва Форс кўрфази давлатларидан газ харид қилишнинг турли вариантлари мавжуд», деган Пшидач.

Болгариядаги вазият эса ноаниқ. Мамлакат расмийларига кўра, чоршанбага ўтар кечаси газ қувурлари тўлиқ қувватда ишлаган. Бироқ мамлакат ҳукумати таъминот узилган тақдирда ҳам, бунга тайёрлигини айтмоқда.

Болгария бош вазири Кирил Петков мамлакат «Газпром» билан шартномаларни қайта кўриб чиқишини айтди

Болгария бош вазири Кирил Петковга кўра, мамлакат «Газпром» билан тузилган барча шартномаларни, жумладан, Россия газини Сербия ва Венгрияга транзит қилиш борасидаги шартномаларини ҳам қайта кўриб чиқмоқда. Петков бир томонлама шантажни қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Маълум қилишича, Болгария Европа Иттифоқининг умумий позициясига амал қилишда давом этади ва Россия гази учун фақат еврода тўлов қилади. Шу билан бирга, София шартномада кўрсатилган барча шартларни бажараётганига алоҳида урғу берилган.

Болгария энергетика вазири Александр Николовнинг сўзларига кўра, Россия газдан сиёсий ва иқтисодий қурол сифатида фойдаланмоқда.

Болгариянинг Россия газига боғлиқлик даражаси 90 фоиздан кўпроқни ташкил қилади. Мамлакат расмийлари муқобил йўл топилишига ишонишмоқда ва ҳозирча газни тежаш ҳақида ҳеч қандай гап йўқлигини айтишган.

Польшанинг Россия газига боғлиқлик даражаси эса нисбатан камроқ. Жорий йилнинг биринчи чорагида «PGNiG» компаниясининг харидларида Россия газининг улуши 53 фоизни ташкил этган.

Адам Истон, Варшавадаги BBC мухбири:

Газ етказиб беришнинг тўхтатилиши Польша ўз истеъмолчиларининг эҳтиёжларини қондира олмайди, дегани эмас. Сўнгги йилларда мамлакатнинг Россия газига қарамлиги камайтирилди, Қатардан суюлтирилган хомашё сотиб олиш йўлга қўйилди ва газ қувурлари Европага уланди. Бундан ташқари қиш тугади, талаб ҳам камроқ.

Шу билан бир қаторда, «Газпром» хомашёси Польша умумий газ импортининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Бу тўлдирилиши қийин бўлган катта бўшлиқ.

Польша Европа Иттифоқида Россия энергетика ресурсларидан воз кечмоқчи бўлган ягона давлат ҳам эмас. Ҳозирда чекланган газ бозоридаги рақобат жуда кучли.

Келгуси иситиш мавсуми бошланиши билан Польша хомашё танқислигига дуч келиши мумкин, бу ҳолда йирик саноат тармоқларида газ истеъмолига чекловлар қўйишга тўғри келади.

Муқобил танловлар борми?

Марцин Пшидачнинг қўшимча қилишича, ҳозирги вазият Россиянинг бизнес ҳамкор сифатида қанчалик ишончсиз эканлигини кўрсатиб берди. Бу эса иккиланиб турган Европа давлатлари, хусусан, Германиянинг Россия энергия ресурсларини импорт қилишни тақиқлашини рағбатлантиради.

Польша Россиядан газ сотиб олишни жорий йил охиригача, амалдаги шартнома муддати тугагунга қадар бутунлай бекор қилишни режалаштирган эди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатдаги газ омборлари 80 фоизга тўлган.

Свиноуйсьце шаҳрида йирик суюлтирилган газ терминали мавжуд. Литва билан 1 май куни янги газ қувури очилиши керак, бу эса Польшага Литва терминалларидан газ олиш имконини беради.

Умуман олганда, анча вақтдан бери Европа давлатлари Россияни четлаб ўтиб, бошқа мамлакатлардан газ импорт қилиш имкониятларини излаб келади.

Октябр ойида Норвегия «Болтиқ қувури» деб номланувчи янги газ қувурини ишга тушириши режа қилинган. Йил охирига қадар ушбу газ қувури тўлиқ қувватда ишлай бошлаши кутилмоқда. Бу эса Европа Иттифоқи табиий газ импортининг қарийб 40 фоизини ташкил этадиган Россия маҳсулотларининг ўрнини қоплаши мумкин.

Европа мамлакатлари аллақачон Россиядан газ импорт қилишни учдан икки қисмга қисқартиришни бошлаган. Кейинги қадам сифатида Россия нефтидан воз кечиш кўзда тутилган.

АҚШ аллақачон Россиядан нефть, газ ва кўмир импорт қилишни бутунлай тақиқлади, Буюк Британия эса жорий йил охиригача нефть сотиб олишни тўхтатиш мажбуриятини олган. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид