Ўзбекистон | 10:05 / 06.05.2022
4599
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг солиққа тортилмайдиган даромади миқдори оширилди

2022 йил 5 май куни имзоланган 767-сон қонун билан Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Фото: Kun.uz

Вақтинчалик солиқ имтиёзларига, президент ёки ҳукумат қарорларида юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ҳамда юридик шахсларнинг ер солиғидан тўлиқ озод қилиш имтиёзига эга солиқ тўловчилар мазкур солиқларни 1 фоизи миқдорида тўлайди. Мазкур тартиб 3 ойдан сўнг кучга киради.

Фойда солиғини ҳисоблашда Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига хайрия қилинган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади.

Болаликдан ногирон бўлганлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронларининг меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори 3 баравари (2 млн 466 минг сўм) миқдоридаги маблағлари даромад солиғига тортилмайди. Илгари бу меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори 1,41 баравари эди – 1 млн 159 минг сўм. 

Ушбу тартиб 2022 йил 1 мартдан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар 5 йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Илгари 3 йил эди.

Ушбу тартиб 2022 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид