Ўзбекистон | 08:00 / 10.06.2022
5365
3 дақиқада ўқилади

Zara, Pull & Bear, Bershka компанияси эгаси Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини ўрганмоқда

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Испаниянинг INDITEX компаниясининг Ижтимоий барқарорлик дирекцияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Умумий қиймати 20 миллиард долларга яқин активларни бошқарадиган INDITEX компанияси таркибига ZARA, Bershka, Massimo Dutti, Pull&Bear ва бошқа энг машҳур тўқимачилик брендлари киради.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистонда тўқимачилик саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, пахтани етиштириш ва қайта ишлашга янги “кластер” ёндашувини жорий этиш, пахтани етиштириш ва ҳосилини йиғишда болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, eco-friendly кийимларни ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарини давлат томонидан тизимли равишда қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Европа иттифоқининг “GSP+” преференциялар бош тизими бенефициари мақомини олгани, Cotton Campaign халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот бекор қилингани ҳақида сўз борди

Томонлар мамлакатда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали чора-тадбирлар, тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари, шунингдек, Ўзбекистонда компаниянинг инвестициявий портфелини кенгайтириш истиқболларини ҳар томонлама кўриб чиқди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашув давомида компания вакилларига тўқимачилик соҳасидаги ўзбек корхоналарини жаҳон миқёсидаги ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларига жалб этиш имкониятлари, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган тўқимачилик компаниялари ва пахта-тўқимачилик кластерларининг салоҳиятини юксалтиришга қаратилган чоралар, тармоқ корхоналарида ишчилар учун меҳнат шароитларини яхшилаш ва ишлаб чиқариш жараёнлари атроф-муҳит ва истеъмолчиларга зарарли таъсирини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

Учрашув иштирокчилари қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда Ўзбекистонда компания фаолиятини йўлга қўйиш истиқболларини батафсил муҳокама қилди. Тўқимачилик саноати корхоналари салоҳиятини ўрганиш, бозор имкониятларини баҳолаш ҳамда амалий ҳамкорлик бошқа жиҳатлари устида иш олиб бориш режалаштирилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Мавзуга оид