Муддати ўтганга ҳам, ноқонуний ўрнатганга ҳам бир хил жарима: “тонировка” мантиқсизлигининг охири борми?
Блогер Шавкат Ҳасан машинасининг орқа ён ойналарига ёпиштирилган “тонировка” муддати 1 ҳафта олдин тугаганини ЙПХ ходими тўхтатганида билди. У 7,5 млн сўмлик жарима миқдори ойнани қасддан ноқонуний қорайтирган фуқароларга ҳам, рухсатнома муддати ўтган фуқароларга ҳам бирдек баравар эканидан норози эканини билдирди.
Чирчиқлик интернет фаоли Шавкат Ҳасан 13 июнь куни Facebook орқали жонли эфирга чиқиб, ЙПХ ходими ҳужжатларини текширганда машинасининг орқа ойнасига ўрнатилган “тонировка” учун берилган рухсатнома муддати ўтгани маълум бўлгани ва машинаси жарима майдонига жойлаштирилганини билдирди.
“ЙПХ ходимига “тонировка” ҳужжатини берганимда рухсатнома муддати 6 июнь куни якунига етганидан хабар топдим. Менга алам қилаётган нарса, шу вазиятда машинасини ноқонуний “тонировка” қилиб олганлар билан бир хил миқдорда, яъни 8 млн сўм жарима тўларканман. Қани бу ерда мантиқ?
Орқа ойнага тонировга урдириш 1 млн сўм туради. Рухсатнома муддати ўтиб кетгани учун 8 млн сўм тўлар эканман. Агар 15 куннинг ичида тўласам 5 млн сўм тўларканман. Мен ўзимдан бечораҳол инсон қиёфасини ясамоқчи эмасман, лекин буни очиқ-ойдин зулм деб ҳисоблайман. Шунчаки алам қиляпти, жуда ҳам қаттиқ алам қиляпти.
Қонун-қоидалар ишлаб чиқилаётганда нега пухтароқ тартиб жорий қилинмаган? Ахир рухсатномасиз “тонировка” билан юрганлар билан рухсатномаси бор-у лекин айрим сабабларга кўра унинг муддатини узайтирмаганларнинг катта фарқи бор-ку. Жарималар ҳам шунга мос бўлиши керак. Бу ўринда мен ўзимни мазлум деб ҳисоблайман. Бирга бир тўлаганда ҳам, яъни 1 миллионлик “тонировка”нинг жаримаси 1 млн сўм бўлганда ҳам алам қилмасди”, дейди Шавкат Ҳасан.
Kun.uz Шавкат Ҳасан билан боғланди. Ҳолатга изоҳ бераркан у мантиқсиз қонун-қоидалар сабаб автомашинаси айни дамда жарима майдонида қолаётганини билдирди. Фейсбукдаги видеомурожаатидан сўнг унга бир қанча ҳуқуқшунос ва адвокатлар ёрдамини таклиф қилиб чиқишган.
У қўлидаги ҳужжатларни ҳуқуқшуносларга топширгани, улар тез орада амалдаги қонун ҳужжатлари асосида юридик ёрдам кўрсатишга ваъда беришганини таъкидлади.
Шавкат Ҳасаннинг видеомурожаати ижтимоий тармоқларда азалий муаммога айланган мавзуни яна кун тартибига чиқарди. Интернет фойдаланувчилари жарималар табақалаштирилмагани ҳамда Ўзбекистон шароитида уларнинг миқдори аҳолининг реал даромадларидан бир неча баробар юқори эканини танқид қилишган.
“Қонунларимиздаги бу ҳолат фуқаролар учун эмас, давлат ғазнасига пул қилишдан бошқа нарса эмас. Зулм. Аниқ зулм. Ҳурматли депутатлар, қонун ишлаб чиқарувчилар, халққа зулм қилманг”, деб ёзган Мираъзам Мирҳайдаров.
“Мендаям шунақа бўлган. Судга ёзиб 2 “минималка” тўлаб опчиққанман. Шунақа қилиб арзонлаштириб тўлаб опчиқасиз энди”, деган Саиджамол Юнусов.
“Мен ҳам 5 млн сўм тўладим айнан “тонировка” билан боғлиқ ҳолатда”, деб ёзган Шуҳрат Ҳасанов.
“Бу – халқни безбетларча тунаш, яъни қароқчилик. “Ака, муддати ўтибди, ҳужжатларни тўғрилаб олинг”, деб қўйиб юборишса бўлар эди”, дея фикр қолдирган Маъруф Абилов.
“Одамгарчилик қаерда қолди? Жарима миқдори бу одам учун ҳам, бошқалар учун ҳам катталик қилади. Халқ ҳақида ҳам ўйланглар. Жарима миқдори ишчи-хизматчилар учун жуда катта-ку ахир”, дейди Гулчеҳра Ибрагимова.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар учун автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат олиш тўлови қуйидагича:
- орқа ён ойналар – йилига 4,5 БҲМ (1 млн 215 минг сўм);
- барча ён ойналар – йилига 45 БҲМ (12 млн 150 минг сўм).
Маъмурий жавобгарлик кодексига асосан, рухсатномасиз қорайтирилган ойнали автомобилдан фойдаланиш 25 БҲМ (7,5 млн сўм) жаримага сабаб бўлади.
Апрель ойида ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров Kun.uz саволига жавобан “тонировка” масаласида енгиллик берилиши кутилмаётганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
17:40 / 22.11.2024
Блогер Қобил Дўсов вазир ўринбосарини ҳақорат қилганликда айбдор деб топилди
15:20 / 02.09.2024
Эронда твити оятуллоҳнинг постидан кўпроқ лайк олган блогер 12 йилга қамалди
10:37 / 10.08.2024
Путин блогерларга Роскомнадзорга ўзи ҳақида хабар бериш мажбуриятини юклади
20:06 / 07.08.2024