Ўзбекистон | 18:03 / 21.06.2022
22259
4 дақиқада ўқилади

“Тонировка”ни бепул қилишни Конституцияга киритиш таклиф қилинди. Акмал Саидов муносабат билдирди

“Халқнинг бошини офтоб уриб, иссиқдан азият чекяпти”, деган фуқаро Конституциявий комиссия аъзоларидан “тонировка”ни бепул қилишни сўради. Комиссия раиси Акмал Саидов бу асосий қонунга киритадиган даражадаги масала эмаслигини айтди. “Жудаям тўғри, лекин буни Конституцияда ёзолмаймиз”, деди у.

Фуқаролардан Конституциявий ислоҳотлар доирасида кундалик ҳаётга доир кўплаб маиший таклифлар ҳам келиб тушмоқда. Бу ҳақда Конституциявий комиссиянинг 17 июн кунги йиғилишида комиссия раиси, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов айтиб ўтди.

“Жудаям тўғри таклифлар бор, лекин бизнинг Конституциямиз даражасида бўлмаганлари ҳам бор. Масалан, Йўл ҳаракати хавфсизлигига доир таклиф юборилган: “Ҳозирги кунда ЙХҲ қоидаларига амал қилмайдиганлар кўп, шунинг учун кўп нохуш ҳодисалар юз беряпти. Шуларни бартараф этиш мақсадида қатъий чоралар кўриш керак. Яъни қоидани бузганларга бир йил давомида ҳайдовчилик гувоҳномасини [қайтариб] бермаслик керак. Ундан кейин, бошидан назорат остида ўқитиб, комиссия олдида имтиҳон топшириши керак”, деган талаблар қўйилмоқда.

Бу кундалик воқеа жуда кўпчиликни безовта қиляпти. Тўғри таклиф, лекин Конституция даражасидаги таклиф эмас. Шунинг учун йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи бу таклифни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни кўраётганда эътиборга олиш мумкинлигини айтмоқда.

Яна бир таклифда “Тонировкани бепул қилинглар, халқнинг бошини офтоб уриб, иссиқдан азият чекяпти”, дейилган. Жудаям тўғри, лекин буни Конституцияда ёзолмаймиз. Буни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддаси “Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш”ни чеклашга доир норма бор. Шу ерда қилиш мумкин”, – деди Акмал Саидов.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда 1 июлдан автомобиллар ойнасини қорайтириш учун белгиланган тўловлар бекор қилиниши ҳақида хабарлар тарқалди, Kun.uz'га изоҳ берган ИИВ бундай масалада хабари йўқлигини билдирди.

Бундан ташқари, тармоқларда тонировкани бекор қилиш сўралган мурожаатлар яна кўпаймоқда. Бунга йилдан йилга жазирама тафти кучайиб бораётгани, 40-50 даража иссиқда қорайтирилган ойналар ҳузур-ҳаловат эмас, ҳаётий эҳтиёж ҳисобланиши бот-бот такрорланмоқда. Интернет фойдаланувчилари давлат ва ҳукумат масъулларига мурожаат қилиб, фуқароларнинг талабларига эътибор қаратишни сўрашмоқда.

Аслида апрель ойидаёқ интернетда фойдаланувчилар автомобиль ойналарини қорайтиришни бепул қилишни сўраб челленж бошлашган, кўплаб ўзбекистонликлар ўз саҳифаларига #тонировка_жиноят_эмас ҳештеги билан видеолар жойлашганди.

Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ҳам Ўзбекистонда охирги вақтларда ёз ҳаддан зиёд иссиқ бўлаётгани, шу сабаб автомобиллар ойнасини қорайтиришни бепул қилиш кераклиги, “тонировка” учун тўловларнинг бекор қилиниши аслида инсон қадрининг бир кўриниши эканини таъкидлаганди.

Алламжоновнинг ушбу чиқиши жамоатчилик фаоллари томонидан илиқ кутиб олинди. Жумладан, депутат Расул Кушербаев ҳам бу фикрга қўшилишини маълум қилди. “Дарҳақиқат, тонировка жиноят эмас, халқ ҳисобидан, бюджетдан тонировка қилдириш жиноят. Гап эгасини топади”, деб ёзганди у.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар учун автомобил ойналарини қорайтиришга рухсат олиш тўлови қуйидагича:

  • орқа ён ойналар – йилига 4,5 БҲМ (1 млн 350 минг сўм);
  • барча ён ойналар – йилига 45 БҲМ (13 млн 500 минг сўм).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига кўра, автомашинани рухсатсиз “тонировка” қилиш 25 БҲМ – 7,5 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 40 БҲМ – 12 млн миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид