Жамият | 21:30 / 22.06.2022
16743
4 дақиқада ўқилади

“Хусусий мулк дахлсизлиги конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда” – эксперт

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига асосан, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар Конституция даражасида белгилаб қўйилиши кутиляпти. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Элдор Маҳкамов билан таклиф этилаётган ўзгаришнинг аҳамияти хусусида суҳбатлашдик.

– Элдор ака, аслида ушбу таклифлар шу пайтгача қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган. Уларнинг мамлакат бош қонунида акс этишига қанчалик зарурат бор?

– Аввало, конституциявий ислоҳотларнинг бошланғич нуқтаси, мақсадини аниқлаб олиш керак. Бу борада хорижий тажрибага қарайдиган бўлсак, давлат раҳбари томонидан белгиланган йўналишлар асосий ўринда туради. Масалан, Францияда 1958 йилдан, яъни 5-республика давридан буён мамлакат конституциясига 24 марта ўзгартириш ва тузатишлар киритилган. Бу ўзгартиришлар 24 та конституциявий қонунда акс эттирилган. Бу жараён бевосита Франция президентининг ташаббуси билан амалга оширилган.

Мазкур мисол билан шуни айтмоқчиманки, Францияда конституциявий ислоҳотлар давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилиши одат тусига кирган. Шу нуқтайи назардан ҳам Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга старт беришда президентимиз томонидан 9 та йўналишдаги ислоҳотлар белгилаб берилди. Шуларнинг биттаси иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган.

Элдор Маҳкамов, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори

Умуман олганда, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган барча йўналишдаги таклифларнинг туб моҳиятида “Инсон қадри учун” деган тамойил мужассам. Шу жумладан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги ўзгаришларни мамлакатимиз бош қонунида акс эттиришда ҳам инсон манфаатларини таъминлаш масаласи бирламчи ўринда туради.

Қандай ўзгаришлар назарда тутиляпти? Ҳақиқатан ҳам хусусий мулк, унинг дахлсизлиги давлат томонидан ҳимоя қилиниши, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги алоҳида қонун ҳужжатларида ҳам белгилаб қўйилган, бу бўйича махсус қонунлар ҳам қабул қилинган. Бундан ташқари, бу борада президент фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳам бор. лекин бугунги шароитдан келиб чиқиб ушбу қоидаларни конституция даражасида белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

– Илгари сурилаётган таклифлардан бири хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслигига оид. Айни пайтда давлат улуши юқори бўлган корхона ва ташкилотлар, объектлар хусусийлаштирилмоқда. Бу жараён ОАВда кенг ёритиб келинмоқда. Хусусийлаштириш жараёнларининг қайта кўриб чиқилмаслиги эртага қандайдир саволларни юзага келтирмайдими?

– 2012 йилда қабул қилинган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунимизда ҳам бу норма белгилаб қўйилган. Қонунда айтилганки, бевосита давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг ташаббуси билан хусусийлаштириш натижалари бекор қилинмайди.

Лекин шунга қарамай қайсидир маъмурий тартиб-таомил ва процедурага риоя этилмагани ёки қайсидир давлат органининг айби билан 20 йил, 30 йил олдин хусусийлаштирилган бинолар кўпинча эгасидан олиб қўйилгани, хусусийлаштириш натижаси бекор бўлгани амалиётда кўп учраган. Бунинг натижасида қачонлардир хусусийлаштирилган мулкни сотиб олган, сотган шахслар, яъни хусусийлаштириш жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликларга мутлақо алоқаси бўлмаган мулкдорлар ҳам сарсон бўлишган, зарар кўришган.

“Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун 1991 йилда ноябрда қабул қилинган бўлса, даставвал кичик давлат мулклари, кейинчалик давлат улуши юқори бўлган ўрта ва йирик стратегик аҳамиятдаги айрим объект ҳамда мулклар босқичма-босқич хусусийлаштирилмоқда. Ҳозирги жараёнда йирик давлат объектлари ҳам хусусийлаштирилмоқда. Барчаси аукцион орқали амалга оширилмоқда. Дейлик, ўтган йили ДХХнинг собиқ биносини хусусийлаштириш жараёни ҳам ОАВда кенг ёритилди.

Бугунги кунда бу жараён Давлат мулкини бошқариш агентлиги томонидан белгиланган тартибда аукцион орқали амалга ошириляпти, яъни шаффофлик таъминланмоқда. Хусусийлаштирилган мол-мулк қонуний тартибда қўлга киритилгандан сўнг ўз-ўзидан хусусийлаштириш натижаси қачондир бекор бўлиб кетмаслиги керак, шунинг учун ҳам бу ҳуқуқ конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид