Ўзбекистон | 17:46 / 24.07.2022
17423
10 дақиқада ўқилади

Хорижий давлатлар раҳбарлари Шавкат Мирзиёевни табрикламоқда

Бугун, 24 июл куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 65 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан қўшни давлатлар ва минтақанинг бошқа мамлакатлари раҳбарларидан табриклар келмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Беларус президенти Александр Лукашенко ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади. 

Тожикистон

Дастлаб Тожикистон президенти Ўзбекистон раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбат аввалида Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар тилади.

Икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Жорий йил 2-3 июн кунлари Тожикистон президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи якунида эришилган келишувларни бажариш бўйича «йўл харитаси»ни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Энг аввало энергетика соҳасидаги кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йил сентябр ойида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Қозоғистон

Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқотида кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида Қозоғистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан чин дилдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта зафарлар тилади. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо ва логистика, саноат ва агросаноат соҳаларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу ҳафта Қирғизистонда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг самарали натижалари юксак баҳоланди. Минтақада йирик инфратузилмавий лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишни бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан ҳам мулоқот қилди. Қозоғистоннинг биринчи президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан дилдан қутлаб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Суҳбатда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб, Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди. Шу йилнинг 20-21 июл кунлари Қирғизистонда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг якунларига юксак баҳо берилди.

Қирғизистон

Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқотда бўлажак олий даражадаги учрашувлар кун тартиби муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида Қирғизистон президенти давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг кун тартибини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Икки мамлакат ҳукуматлари савдо шартномалари ва саноат кооперацияси битимларининг янги тўпламини, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклигининг устувор йўналишлари бўйича бошқа икки томонлама ҳужжатларни тайёрлаши муҳимлиги қайд этилди.

Энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Озарбойжон

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан мулоқотда эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Озарбойжон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, биродар Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилади.

Президентлар жорий йил 21-22 июн кунлари мамлакатимизда ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашув ва тадбирларнинг сермаҳсул натижаларини юқори баҳоладилар. Ўзбекистон-Озарбойжон музокаралари якунида қабул қилинган битим ва келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳукуматлар ва идоралар даражасида фаол мулоқотлар ва алмашинувлар давом этаётгани, ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиш суръатлари юқори ва барқарор экани, кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича биргаликда самарали ишланаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Шунингдек, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирларга, шу жумладан шу йили ноябр ойида Самарқандда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг саммитига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.

Туркманистон

Туркманистон собиқ президенти, Миллий Кенгаши халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Халқ Маслаҳати раиси Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва биродар туркман халқи номидан давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан дилдан муборакбод этиб, Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, фаровонлик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилади.

Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йил 14-15 июл кунлари мамлакатимизга амалга оширилган олий даражадаги ташрифнинг самарали якунлари юқори баҳоланди. Қабул қилинган «йўл харитаси» асосида эришилган келишувларни, шу жумладан Саноат кооперацияси бўйича ўрта муддатли дастурни, Чегараолди савдо зонасини ташкил этиш лойиҳасини, биринчи Ҳудудлар форуми ва Ишбилармонлар кенгаши якунида имзоланган савдо шартномалари ва битимларини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Самарали йўлга қўйилган парламентлараро мулоқот доирасида олиб борилаётган фаол алоқалар ва алмашинувлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди, жумладан, жорий йил ноябр ойида Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг саммитини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Россия

РФ президенти Владимир Путин ҳам Ўзбекистон раҳбарига телефон қилди, мулоқотда икки томонлама ва мантақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама этилди.

Суҳбат аввалида Россия етакчиси президентимизни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ҳамда Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва равнақи йўлидаги давлатчилик фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Шунингдек, Владимир Путин куни кеча Шавкат Мирзиёевни дўстлик ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги катта хизматлари учун Александр Невский ордени билан мукофотлаш тўғрисида фармон имзолангани ҳақида хабар берди. Давлатимиз раҳбари Россия Президентига Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги даражасига юксак баҳо бергани ва уларни янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Ҳукуматлараро даражада йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик механизмлари доирасида, шу жумладан савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг юқори суръатини таъминлаш ва устувор кооперация лойиҳаларини илгари суриш мақсадида биргаликдаги фаол ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ва Россия етакчилари ҳудудлар ўртасидаги самарали алоқалар ва алмашинувларни ҳам мамнуният билан қайд этиб, уларни янада кенгайтириш лозимлигини таъкидладилар. Минтақавий кун тартибига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Беларус

Александр Лукашенко ҳам Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, дўст Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Президентлар кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-Беларус муносабатлари жадал ривожланиб, аниқ мазмун билан бойиб бораётганини мамнуният билан қайд этишди.

Ўзаро савдо ҳажми ортаётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида муваффақиятли кооперация лойиҳалари сони ошаётгани, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашинув кенгаяётгани таъкидланди.

Ҳукуматлар раҳбарлари даражасида мунтазам ва самарали мулоқот йўлга қўйилгани юқори баҳоланди. Машинасозлик, агросаноат мажмуи, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоқларида, амалий ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. 

Халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Жорий йил сентябр ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинди.

Туркия

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқотда кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Туркия етакчиси давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта зафарлар, шунингдек, биродар Ўзбекистон халқига тараққиёт ва равнақ тилади.

Ражаб Эрдўған Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш борасидаги қатъий саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

Икки томонлама ҳамкорлик ва глобал сиёсатнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Олий даражада эришилган, шу жумладан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаларида, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда гуманитар алмашинувни фаоллаштириш борасидаги келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон, Туркия ва Озарбойжоннинг ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирлари даражасида кўп томонлама маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш ташаббусининг амалий аҳамияти қайд этилди. Жорий йил ноябр ойида Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг саммитини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Мавзуга оид