Ўзбекистон | 10:02 / 25.07.2022
5121
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда кўп миқдорда кучли таъсир қилувчи психотроп моддаларни сотаётган шахслар ушланди

Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ИИБ ЖҚБ ҳамда прокуратура департаментининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Жўйсой” МФЙда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани “Х.Олимжон” МФЙда яшовчи шахс Самарқанд шаҳрида вақтинча яшаётган Молдова Республикаси фуқаросига “MIDEX” (тропикамид) номли кучли таъсир этувчи дори воситаларини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Самарқанд шаҳар “Намозгоҳ” МФЙда жойлашган дорихонада вояга етмаган шахс фуқаролардан бирига 28 дона “Галара” номли ва 5 (беш) елим ампуладаги “MIDEX” (тропикамид) номли кучли таъсир этувчи дори воситаларини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу дорихонани кўздан кечириш давомида МЧЖ раҳбари, 1998 йилда туғилган, Нуробод тумани Олга қишлоғида яшовчи шахсга тегишли бўлган 6 698 дона “Галлара” номли, 87 дона “MIDEX” (тропикамид) номли ва 150 “MYDRIMAX” (тропикамид) номли дори воситалари келгусида сотиш мақсадида сақланиб келинаётганлиги аниқланиб, текшириб кўриш учун олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид