Спорт | 14:20 / 03.09.2022
18487
16 дақиқада ўқилади

Ливерпуль ва Миланда дерби, «МЮ» «Арсенал»ни тўхтата оладими? Ҳафта ўйинлари анонси

Бу сафарги анонс ёзишда ўзимизни топ-клуб мураббийидек ҳис қилдик, чунки айнан шу ҳафтада қизиқарли топ учрашувлар, дербилар жуда кўп. Бунинг устига келаси ҳафта ЕЧЛ баҳслари бошланаётгани муносабати билан аксарият топ клублар ўз ўйинларини бугун ўтказишади. Табиийки, сиз мухлислар ҳам бизнинг ҳолатимизга тушасиз ва ўйинларни танлашда қийинчиликка дуч келишингиздан аминмиз.

Фото: Getty Images

АПЛ. 6-тур

3 сентябрь (шанба)

ЭВЕРТОН – ЛИВЕРПУЛЬ

Ўйин бошланиш вақти: 16:30

Трансляция: Setanta Sports

«Борнмут» билан ўйиндаги йирик ва «Ньюкасл» устидан қозонилган йирик ғалабалардан сўнг, «Ливерпуль» ижобий муҳитга ўтиб олди, аммо бундан кейинги ўйинларда босим ортиб боради. Чунки жамоа йўқотилиши керак бўлган очколарни йўқотиб бўлди, демак ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушиши шарт. Рақиблар эса «Эвертон», кейингиси «Вулверҳэмптон», «Челси» – ҳеч бири осонликча таслим бўлмайди. Бунинг устига келаси ҳафтадан ЕЧЛ ўйинлари бошланади ва Клопп шогирдлари осон бўлмаган гуруҳда, юқорида тилга олинган рақиблар билан учрашувлар оралиғида «Наполи» ва «Аякс» билан ўйнайди. Хуллас, жамоа жула тиғиз ва масъулиятли паллага яқинлашмоқда.

Яхши хабарлар ҳам бор, масалан, Дарвин Нуньез уч ўйиндан иборат дисквалификациясини ўтаб бўлди ва дербига тайёр. Шунингдек, Юрген Клопп Диогу Жота ҳам умумий машғулотларга қайтганини маълум қилди, яъни у ҳам асосий таркибда ўйнай олади. Шунингдек, Ҳендерсоннинг кутилмаган жароҳатидан сўнг, клуб ундан ҳам кутилмаган трансферга қўл урди – Артур «Ювентус»дан ижара асосида таркибга қўшилди. Матбуот анжуманида у қайси ўйинда дебют қилиши мумкинлиги борасида аниқ фикр айтилмади, лекин бугунги баҳсда ҳам таркибда пайдо бўлиш эҳтимоли бор.

Фото: Getty Images

Лэмпард шогирдлари эса анча ёмон аҳволда. Жамоа мавсумни икки мағлубият билан бошлаб, кейинги уч ўйинда дуранг қайд этди ва турнир жадвалида фақат био жамоадан кўпроқ очко тўплаган холос. Айниқса, охирги икки ўйинда «Эвертон» рақиблар дарвозасига биринчи бўлиб гол уриб, ғалабани ушлаб қола олмади. Аммо шу билан бирга сўнгги кунлардаги трансферлар «Эвертон»га ижобий таъсир қилиши керак. «Брайтон»дан Нил Мопе, «МЮ»дан Жеймс Гарнер трансфер қилинди. Жамоа таркибида юздан ортиқ ўйинда майдонга тушган Идрисса Гуйе Париждан қайтди.

Ливерпуль дербиларида асосан «қизиллар»нинг қўли баланд келган. Умуман «Эвертон»нинг ўз майдонидаги сўнгги ғалабаси 2010 йилга тўғри келишини ҳам таъкидлаж жоиз. Аммо ҳар доим дербилар муросасиз ўтган ва кўп ўйинларда дуранг қайд этилгани ҳам бор гап. Бир ярим йил олдин эса февраль ойида «кўклар» «Энфилд»да «Ливерпуль» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Лэмпард шогирдлари кейинги ўйинларни «Арсенал», «Вест Ҳэм», «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Тоттенҳэм»га қарши ўтказади. Демак айнан мана шу давр мураббийнинг эҳтимолий истеъфоси ҳақидаги саволларга ҳам аниқ жавоб беради.

Бундеслига. 5-тур

3 сентябрь (шанба)

УНИОН БЕРЛИН – БАВАРИЯ

Ўйин бошланиш вақти: 18:30

Трансляция: Setanta Sports

Шарқий Германияда футбол маркази «Лейпциг»дан яна Берлинга кўчадиган кўринади. «Унион»нинг Бундеслигага чиққандан кейинги прогресси «Лейпциг» каби тез бўлмаса-да, анча асосли бўлмоқда. Дастлабки йилда Фишер шогирдларини элитада олиб қолишга эришди, иккинчи мавсумда эса аввалгидан 10 очко кўп жамғариб, еврокубоклар зонасига яқин келди – 7-ўрин. Ўтган йили эса жамоа 57 очко тўплаб, 5-ўринни эгаллади ва Европа лигаси гуруҳ босқичи иштирокчисига айланди. Берлинликлар ўтган мавсумда «Лейпциг»дан атиги 1 очкога ортда қолган бўлишса, ҳозирда «Бавария» даражасида очко тўпламоқда. «Унион» 4 ўйиндан сўнг 10 очко тўплаган ва фақат тўплар нисбати бўйича мюнхенликлардан ортда туришибди. Тўғри, кеча «Боруссия» ўз ўйинини ютиб, биринчи ўринга кўтарилиб олди, аммо тур якунлари бўйича пешқадам айнан мана шу учрашувдан сўнг маълум бўлади.

«Унион» ўтган турларда оддий ўйинлар ўтказмаганини, Берлин дербисига «Ҳерта»ни 3:1, «Лейпциг»ни эса 2:1 ҳисобида енгганини, ўтган турда эса «Шальке» ўз майдонида 1:6 ҳисобида доғда қолдирилганини алоҳида таъкидлаш керак.

«Бавария» эса келаётган ҳафтада Чемпионлар лигасида «Интер» меҳмони бўлади. Ўзига яраша қийин гуруҳга тушиб қолган мюнхенликлар дастлабки турда ютқазмаслиги шарт. Демак, Флик қайсидир маънода ротацияга қўл уриши ва балки мезбонлар бундан фойдаланиб қолиши ҳам мумкин. Шу пайтгача ўзаро ўйинларда «Унион» рақиби устидан ғалаба қозона олмаган, лекин бир йил олдинги мавсумда ҳар икки ўйин ҳам дуранг натижа билан тугаганди.

Яна бир қизиқ факт – мезбонлар таркибида бир пайтда Германия терма жамоаси таркибида жаҳон чемпиони бўлган Сами Хедиранинг укаси Рани Хедира тўп суради.

Ла Лига. 4-тур.

3 сентябрь (шанба)

РЕАЛ МАДРИД – БЕТИС

Ўйин бошланиш вақти: 19:15

Трансляция: Ёшлар телеканали

Европа кучли бешлигида бугунгача фақат уч жамоа очко йўқотгани йўқ. Лондоннинг «Арсенал» клуби 5 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган бўлса, Испанияда 3 турдан сўнг юз фоизлик натижа қайд этган икки жамоа бор – «Мадрид» ва «Бетис». Ўтган мавсумда фақат сўнгги турларга келибгина ЕЧЛ ўринларини бой берган «Бетис» бу сафар ҳам анча жиддий кўринади. Клуб катта трансферлар амалга оширмаган бўлса-да, ўз таркибининг асосий қисмини сақлаб қолгани ҳам катта натижа. Ла Лига бу АПЛ эмас, таркибнинг ўзгармаслиги ҳам рақобатчилар олдида устунлик бера олишини таъкидлаш керак.

«Реал» ҳам бу ўйинда кўтаринки руҳда бўлиши шубҳасиз, зеро дастлабки уч ўйинни сафарда ўтказган Анчелотти шогирдлари мавсумда илк бор ўз мухлислари қаршисида тўп сурадилар. Қизиғи, буёғига Ла Лига ўйинларида то 19 октябргача, яъни 6 ўйинни «Реал» Мадридда ўтказади. Ўз майдонидаги 4 ўйиндан ташқари, сафар учрашувлари ҳам «Хетафе» ва «Атлетико»га қарши дербиларга тўғри келган.

Матбуот анжуманида Карло Анчелотти таркибда жароҳатланганлар йўқлигини ва барча бўлажак учрашувга тайёр эканини билдирди. Анчадан бери «Мадрид»да бу ҳолат кузатилмаётганди. Пеллегрини шогирдлари ичида эса Монтойа, Карвалью, ҳамда Камарасада жароҳат бор. Шунингдек, Херман Пеццелья «Осасуна»га қарши ўйинда қизил карточка олган ва дисквалификация туфайли шерикларига ёрдам бера олмайди.

Дарвоқе, «Реал» ўз майдонида ўйнашни яна бироз кечиктириб турса бўларди. Чунки «Бетис» айнан «Бернабеу»даги сўнгги учрашувларда ажойиб кўрсаткичларга эга. Мезбонлар сўнгги 5 ўйинда андалуслар устидан ғалаба қозониш уёқда турсин, бирорта ҳам гол ура олишмаяпти. Сўнгги уч ўйин бир хил – 0:0 ҳисобида тугаган бўлса, олдинги икки учрашувда «Бетис»нинг қўли баланд келганди. Ким билади, балким «Реал» янги «Бернабеу»да мана шундай қора анъанани бузиш билан яна бир янги даврни бошлаб берар...

А Серия. 5-тур

3 сентябрь (шанба)

МИЛАН – ИНТЕР

Ўйин бошланиш вақти: 21:00

Трансляция: Спорт ТВ

Тан олинг, «Ювентус»нинг бироз чекиниши билан Италия А Серияси шу маънода Суперлигамизни эслатиб юбормоқда. 4 турдан сўнг Италияда 6 жамоа ҳали мағлубият нималигини билмаяпти ва «Интер»ниям қўшсак, жами 7 жамоа чемпионлик амбициясига эга. Ҳатто чемпионликдан сўнг, бироз чекиниши тахмин қилинган «Милан» ҳам мавсумни анча ишонч билан бошлади, «Аталанта» умуман 1-ўринда бормоқда, «Рома» энг зўр трансферларни амалга оширди, «Лацио» ва «Наполи»нинг ҳам иштаҳаси жойида. Бундай фонда табиийки, Милан дербиси ўзгача мазмун касб этади – мағлубиятга учраган жамоа карвондан ажраб қолиши мумкин ахир.

«Милан» трансфер бозорида ёмон ишламади. Кессье Барселонага кетган бўлса-да, мисол учун, Флоренци жароҳат олгач, саноқли кунларда Сержино Дест олингани ҳам таҳсинга сазовор. Ундан ҳам эътиборлиси, баъзи хабарларга кўра, «Милан» Рафаел Леау бўйича «Челси»нинг 100 миллионлик таклифини рад этган – мана шунинг ўзи миланликларнинг бу мавсум ҳам анча жиддий куч бўла олишини исботлайди. Дивок Ориги ҳужум чизиғида навбатдаги опцияни берса, мутахассислар айниқса, Шарл де Кетеларени юқори баҳолашмоқда. Бельгиялик 20 ёшли яримҳимоячи барча ўйинларда майдонга тушмоқда. «Интер» учун эса Лукакунинг қайтгани катта воқеа ва жамоани тубдан ўзгартиришга қодир.

Фото: Getty Images

Бугунги ўйин учун эса Лукаку ҳам, жамоани кучайтириши мумкин бўлган яна бир футболчи – Генрих Мхитарян ҳам шерикларига ёрдам бера олишмайди. Уларда жароҳат бор. Худди шу сабаб билан қизил-қоралар таркибида юқорида тилга олинган Флоренци, ҳамда Ребич ва Круничлар ҳам майдонга туша олишмайди.

Милан дербиси Италияда ўзгача, аниқроғи, аввалгидек даражага чиқаётганининг яна бир исботи шундаки, бу икки жамоа январь ойида Италия суперкубоги учун ҳам баҳс олиб борадилар. «Милан» мамлакат чемпиони, «Интер» эса кубок соҳиби сифатида. Ҳеч қандай «Ювентус» ёки «Наполи» йўқ, зўрми?

Ла Лига. 5-тур

3 сентябрь (шанба)

СЕВИЛЬЯ – БАРСЕЛОНА

Ўйин бошланиш вақти: 23:55

Трансляция: Ёшлар телеканали

«Барселона» худди йил бошидагидек, тўрт голли режимга ўтиб олди, аввалига «Реал Сосьедад», кейин эса «Вальядолид» йирик ҳисобда мағлуб этилди. Роберт Левандовски эса бу ўйинларда дубл қайд этди. Де Йонг ва Депай қолди, Дест ва Обамеянг кетди, хуллас, яхши кайфиятда ва ҳар чизиқда иккитадан юқори савияли ижрочилар билан «Барселона» «Реал»ни қувишни бошлади. Жамоа ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида тўп суради, лекин Хавида деярли ҳар бир позиция бўйича ротация қилиш имконияти бор.

Фото: Getty Images

«Севилья» эса аксинча, мавсумни жуда ёмон бошлади. Аввалига «Осасуна»га, ўтган турда эса дебютант «Альмерия»га имкониятни бой берди. Ўз майдонида Ла Лигага янги қўшилган яна бир жамоа бўлмиш «Вальядолид» билан дуранг ўйнади. Тақвимга қаралса, ҳозирда юз фоизлик натижа кўрсатиш керак бўлган Лопатеги шогирдлари атиги 1 очко билан сўнгги поғоналарда юрибди. Аслида «Севилья» трансфер бозорида анча фаол бўлди. Алекс Теллес, Иско, Куасси каби футболчилар топ-клублардан жамоа сафига қўшилди, Янузай ва Дольбергларда ҳатто Чемпионлар Лигаси тажрибаси бор. Албатта, ўзига яраша савияли ижрочилардан иборат жамоанинг қайтиш нуқтаси бўлади ва агар ўша палла «Барселона»га қарши ўйинга тўғри келса, биз анча муросасиз ва қизиқарли баҳснинг гувоҳи бўлишимиз шубҳасиз. Кейинги учрашув эса уч кун ўтиб, Чемпионлар Лигасида «Манчестер Сити»га қарши.

Ўзаро ўйинларга келсак, айниқса, Андалусияда ўтган ўйинларда мезбонлар «Барселона»га муносиб қаршилик қила олишган. Масалан, охирги тўрт ўйинда атиги бир маротаба меҳмонларнинг қўли баланд келган холос. Ўтган мавсумдаги ўйинда эса Гомес ва Араухонинг голлари эвазига томонлар муроса кўчасини танлашганди.

Таркибларга келсак, мезбонлар таркибида Корона узоқ муддатга сафдан чиққан, Маркаонинг майдонга тушиши сўроқ остида. «Барселона» марказий ҳимоясида Кристенсен ҳарорати ошгани туфайли ўйнай олмайди.

АПЛ. 6-тур

4 сентябрь (якшанба)

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – АРСЕНАЛ

Ўйин бошланиш вақти: 20:30

Трансляция: Setanta Sports

«Олд Траффорд»даги охирги ўйинида мезбонлар «Ливерпуль»ни қабул қилган ва ўша ўйин олдидан тен Ҳаг шогирдлари 20-ўринда бораётган эдилар. Орадан икки ҳафта вақт, учта минимал ғалаба, ҳамда 170 миллион евро ўтди ва энди «Юнайтед» ғалаба қозонадиган бўлса, пешқадамнинг юришини тўхтатиш билан бирга, ҳатто 3-ўринга кўтарилиб олиш имкониятига эга. «Ливерпуль»га қарши ўйин кутилмаганда аутсайдерга айланиб қолган икки катта клубнинг «ким олдин ўрнидан туриш» баҳси сифатида баҳоланган бўлса, ушбу классика бевосита юқори ўринлардаги мувозанатга таъсир қилувчи марказий учрашувга айланди. Атиги икки ҳафтада.

Бундан ташқари, «Арсенал» бу ўйинга ўзига яраша муаммолар билан келаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Чунки бундай кўтарилиш даврларида ёш жамоадаги кичик бир йўқотишлар ҳам ўйин сифатида сезиларли таъсир ўтказиши мумкин. Томас Парти ва Муҳаммад Ал-Ненни жароҳатланган. «Астон Вилла» билан ўйинда Эдегор ва Рамсдэйл ҳам кичик жароҳат олишди ва уларнинг ҳам ўйинга тайёр бўлишлари сўроқ остида. Шунингдек, худди шундай шубҳа остида Александр Зинченко қолган. Артета шогирдларининг ажойиб ўйинларини камситмаган ҳолда айтиш керакки, «Арсенал»нинг бугунги эгаллаб турган ўрни қисман тақвимга ҳам боғлиқ. Лондонликлар дебютантлар «Фулҳэм» ва «Борнмут», ёмон даврларни бошдан кечириб, мураббийлари истеъфо ёқасида бўлган «Лестер» ва «Астон Вилла» билан ўйнашди. Фақат «Кристал Пэлас» анча кучлироқ эди, аммо Виейра шогирдлари ҳам ўйинни «Арсенал» учун қулай тактикада бошлаганини айтиш керак. Хуллас, Артета жамоаси учун илк жиддий синов айнан «Олд Траффорд»да бўлишини ва бу ўйинга жамоа таркибдаги муаммолар билан етиб келгани интригани бадтар оширади. Зеро Эрик тен Ҳаг «Ливерпуль» билан ўйинда кўрсатдики, у шогирдларини тўпни назорат қилишга интиладиган рақибга қарши муносиб тайёрлай олади, қарши ҳужум ва иккинчи рақамда тўп суриш имкониятига эга.

Фото: Getty Images

«МЮ» таркиби муаммолардан бироз ҳоли. Ҳатто янги келган Антони ҳам тўлақонли машғулотларга киришди, Виктор Линделоф тикланди. Лестердаги ўйинда Криштиану Роналду ҳам ўз формасини тиклаётганини намойиш қилди. Мураббий матбуот анжуманида фақат Антони Марсиял жароҳати тикланмаганини айтиб ўтди. Шунингдек, Люк Шоунинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида.

Ўтган мавсумдаги ҳар икки ўйинда мезбонларнинг қўли баланд келганди. «Олд Траффорд»да Роналдунинг дубли «МЮ»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаган бўлса, Лондондаги ўйинда мезбонлар 3:1 ҳисобида устун келгандилар. Голларни Тавареш, Сака ва Жака, меҳмонлардан эса Криштиану Роналду киритган.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

3 сентябрь. Фиорентина – ЮВЕНТУС (18:00), ЧЕЛСИ – Вест Ҳэм (19:00), ТОТТЕНҲЭМ – Фулҳэм (19:00), Астон Вилла – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21:30), НАПОЛИ – ЛАЦИО (23:45), Нант – ПСЖ (23:55)

4 сентябрь. Удинезе – РОМА (23:45).

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид