Жамият | 17:21 / 14.09.2022
14688
8 дақиқада ўқилади

“Айбланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмас” — адвокатлар

Адвокатлар Илёс Юсупов ва Зафар Усмонов Kun.uz'га берган интервьюсида Конституцияга киритилаётган янгиликлар суриштирув, тергов ва суд жараёнида гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчилар учун қандай аҳамият касб этишини тушунтириб беришди.

– Айбдорликка оид барча шубҳалар, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган тақдирда, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Қонунни қўллаш жараёнида келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши зарур. Бу нормаларнинг Конституцияга киритилишини муҳим таклифлардан деб биламан. Бу норма билан боғлиқ амалиётда қандай муаммолар бор эди?

Илёс Юсупов:

– Бу ҳозир ҳам муаммо бўлиб турибди. Сабаби бу – айбсизлик презумпцияси. Бу – адвокатлар томонидан кўп ишлатиладиган модда. Шахснинг бирор бир ижтимоий қилмиш содир этганини исботлаш учун далиллар мажмуаси бўлиши керак. Биргина далил етишмай қолган тақдирда ҳам бу гумонга айланади. Гумонга айланган ҳолат айбланувчининг фойдасига ҳал этилиши керак.

Иштирок этган ишларимизнинг аксарияти айбсизлик презумпциясига эътибор қаратамиз. Айрим ҳолатларда бирор шахс ўзининг таниши ёки дўстининг манфаатлари йўлида айбланувчига қарши кўрсатма бериши мумкин. Ўша пайтда бошқа далиллар етарли бўлмайди. Бундай ҳолатда арзирли далиллар бўлмаса, айбланувчини айблаб бўлмайди. Бу Жиноят кодексида ҳам белгилаб қўйилган.

 Илёс Юсупов, адвокат

Лекин ушбу моддани ишлатиш маълум бир маънода қийинроқ. Агар бу ҳам конституцион ўзгартиришларга киритиладиган бўлса, бу ҳолатга ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кўпроқ эътибор қаратишар эди. Далиллар етарли бўлмаса, уни айбламаслик керак. Сабаби, маълум бир вақт ўтиб, ёлғон кўрсатма берган шахс фикридан қайтиб қолиши, сохталаштирилган маълумот тасдиқланмаслиги ёки маълумот манбасининг бўлмай қолиши кузатилиши мумкин.

Зафар Усмонов:

– Бу ҳолат Жиноят кодексининг 53-моддасида белгилаб қўйилган. Шубҳали, аниқ бўлмаган ёки кимнингдир кўрсатмаси ўз исботини топмаган тақдирда, гумонланувчи фойдасига ҳал этилиши керак.

Бундан ташқари, ушбу ҳолат суд терговида ҳам бўлиши мумкин. Бу Жиноят кодексининг 26-моддасида белгилаб қўйилган. Ушбу ҳолатда ҳам далиллар етарли бўлмаса, иш айбланувчи фойдасига ҳал этилиши кўрсатиб ўтилган.

Зафар Усмонов, адвокат

– Мисол келтирсак, агар мен қотилликда айбланаётган бўлсам, лекин жиноят қуролида бармоқ изларим ёки ушбу жиноятни мен қилганимни тасдиқловчи далиллар етарли бўлмаса, иш менинг фойдамга ҳал этилиши керак, шундайми?

– Худди шундай. Иш сизнинг фойдангизга ишлаши керак. Лекин бизда қуруқ кўрсатмаларга ҳам ишониб қолишади баъзида.

Масалан, машинада пул ёки қимматбаҳо нарса ўғирланган. Бу ўғирликда машинада ўтирган ўртоғидан шубҳа қилиняпти. Лекин уни кўрган гувоҳ йўқ, ўғирланган ашё топилгани йўқ ёки камераларда қайд этилмаган. Фақат ўша ердаги 2-3 гувоҳ гумонланувчи машинада ўтирганини кўрган, лекин олган-олмаганини кўрмаган, деган кўрсатмалар бўлади. Ана шундай аниқланмаган ҳолатларда иш фаолияти айбланувчи фойдасига ҳал қилиниши белгилаб қўйилган.

– Мамлакат бош қонунида айбланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаши мумкинлиги белгиланяпти. Бунга қандай зарурат бор эди?

Илёс Юсупов:

– Бу норма ЖПКнинг 23-моддасида белгилаб қўйилган, яъни шахс ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва ўзига қарши кўрсатма бериши ёки умуман кўрсатма бермасликка ҳам ҳаққи бор. Қонунда ҳам белгиланганки, бу ҳолатда шахсни жиноятчиликда айблаш учун далиллар йиғиш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари зиммасига юкланган.

– Шундай бир ҳолат бўлган, фуқаро фирибгарлик жиноятида айбланмоқда. Айблов жабрланувчиларнинг кўрсатмаларига асосан эълон қилинган. Лекин гумон қилинувчи буни тан олмаяпти. Унинг бизга айтишича, изоляторда сақланаётган пайти видеоқўнғироқ орқали болаларининг мактабдан чиқаётгани, хорижий давлатда ўқиётган укаси университет ҳовлисида юрганини кўрсатишиб, агар айблов хулосасига қўл қўйиб бермаса, фарзандлари ва укасининг ҳаётига хавф остида қолишини айтиб таҳдид қилишган. Яъни унга айбига иқрор бўлиши учун босим ўтказилган. Шундай ҳолатда фуқаро жиноятни мен содир этганман, деб қўл қўйиб берса-ю, иш судга оширилса, бундай иқрорнома инобатга олинадими?

– ЖПКнинг 23-моддасида кўзда тутилган шубҳали кўрсатмалар ҳақидаги норма сиз келтирган мисолга тўла мос келади. Яъни бошқа объектив далиллар бўлмаган ҳолатда биргина жабрланувчиларнинг кўрсатмаси билан айбланиши нотўғри деб ўйлайман.

Ҳаттоки жиноят ҳуқуқига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда шундай нарса борки, ҳаттоки шахс содир этган жиноятини бўйнига олиб, ариза билан мурожаат қилса ҳам, унинг аризаси бошқа объектив далиллар билан исботланмаса, уни айблаш мумкин эмас.

Илёс Юсупов, Зафар Усмонов

Сиз айтган масалага келадиган бўлсак, бундай босим остида айбловга қўл қўйдириб олинса, бу албатта далилларни сохталаштиришга замин яратади. Агар ЖПКнинг 23-моддаси яхши ишласа, бу каби исботини топмаган далиллар номақбул, яъни инсонни айблаш учун етарли эмас, деб топишга кафолат бўлади. Шунинг учун ҳам сўроқ ва тергов жараёнларида инсон омилини йўқотиш, жараён видеофиксация қилиб бориладиган бўлса, сиз айтаётган ҳолатлар бўлмайди.

– ЖПКнинг 23-моддаси қандай ишлаши кўп жиҳатдан судьяларга боғлиқ бўлиб қоляпти. Мана шундай ҳолатда судья ҳам бу далилларни номақбул деб топадими?

– Яна бир нарса борки, оқлов ҳукмларини бир олиб кўринг. Уларнинг ҳаммасида ушбу модда ишлаб турибди. Аксариятида ҳукмлар ЖПКнинг 23-моддасига асосланиб чиқарилган.

Зафар Усмонов:

– Cиз айтаётган ҳолатларнинг ҳозирги кунда бўлиши қийин. Аммо оммавий ахборот воситалари, телефонга олиш ҳолатлари бор. Бугунги кунда мана шу қонунлар яхши ишлагани сабабли сиз келтирган мисоллар камайиб бормоқда.

– Конституциянинг 26-моддасига киритилаётган ўзгартиришлардан бири – шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. Айни пайтда шахс яқин қариндошларига қарши гувоҳлик бериши мумкинми?

Илёс Юсупов:

– Мумкин, аммо буни ўзи хоҳлаши керак. ЖПКда шундай тартиб белгиланганки, суд ушбу шахсни сўроқ қилишдан аввал ундан сўрайди: сиз кўрсатма беришни истайсизми? Агар у кўрсатма беришни хоҳламаса, суд ундан кўрсатма олишга ҳаққи йўқ.

Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамиша қийин бўлиб келган. Чунки улар панжара ортида. Ҳамма ҳам у ёққа кира олмайди. Адвокатларнинг кириши борасида ҳам қатор муаммолар учраб туради. Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлардан бири шунга алоқадор. Сизнингча, бу соҳадаги муаммоларга чек қўя оладими?

– 15 август куни ҳукумат қарори чиқди. Жазони ижро этиш муассасаларидаги барча ходимларни бодикамералар билан таъминлаш ҳақида. Яъни ишга келганидан тортиб, кетгунига қадар бодикамераси доимо ёқиқ бўлиши керак. Фақатгина шахсий эҳтиёжларини қондириш вақтида ўчирилиши мумкин. Лекин қолган барча ҳолатда у ёқиқ бўлиши шарт деб белгиланган.

Бу нима беради? Бу албатта ўша жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳбусларга нисбатан бирор бир ноинсоний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга ёрдам беради. Ўйлайманки, бундай нохуш ҳаракатлар жазони ижро этиш муассасасида бўлмайди.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид