Ўзбекистон | 10:50 / 30.09.2022
2289
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «Ақлли шаҳар» платформасини ишлаб чиқувчи Малайзия компанияси билан ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон делегацияси Малайзиядаги халқаро инновацион технологиялар кўргазмасида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон дипломатия миссияси ходимлари 27-29 сентябрь кунлари Малайзияда бўлиб ўтаётган SmartNation-2022 халқаро кўргазмасида иштирок этяпти, деб хабар қилди «Дунё».

Кўргазма 2009 йилдан бери ҳар йили Куала-Лумпурда ўтказилади. Унда 25 дан ортиқ мамлакатдан 500 га яқин компаниялар ўзларининг мингдан ортиқ инновацион технологиялари ва ечимларини намойиш этади.

Тадбир давомида ахборот технологиялари соҳасидаги етакчи Малайзия компаниялари билан музокаралар ҳам ўтказилди. «Ақлли шаҳар» платформасини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Kiwitech, инновацион технологиялар асосида тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган PBUMed ва дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси - Advanced Microelectronic Solution-AMS Sdn Bhd компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.

SmartNation-2022 ахборот технологиялари, робототехника, сунъий интеллект, 5G технологиялари, қишлоқ хўжалиги, саноат, молия ва таълим соҳаларида қўлланиладиган дастурий таъминотлар соҳасидаги энг сўнгги инновациялар халқаро кўргазмаси ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид