Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида ҳалок бўлди
Электромонтёр истеъмолчи балансида бўлган таянчга ўтадиган симларни ечишга уринган вақтда авариядан сўнг линияга ток узатила бошланган ва оқибатда уни ток урган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, 2022 йил 5 октябрь куни “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ таркибидаги Ғузор тумани электр тармоқлари корхонаси тезкор чиқиш бригадаси томонидан 110/35/10 кВли “Ғармистон” нимстанциясидан чиқувчи 10 кВли “Ғузор-Совбоғ” фидерининг “Микоп” шохобчаси авариядан сўнг кўрикдан ўтказилган. Шундан сўнг, соат 14:30 атрофида фидерга кучланиш берилган.
Бироқ тезкор бригада ходимлари ўзбошимчалик билан мавжуд қоидаларни бузган ҳолда, наряддан ташқари 110/10 кВли “Ғузор” нимстанциясидан чиқувчи 10 кВли “Охунбобоев” фидерининг 36-таянчидан истеъмолчи балансида бўлган таянчга ўтадиган симларни ечишга уринган вақтда электромонтёр Ғ.Б. кучланиш остига тушган.
Тезкор бригада томонидан жабрланган электромонтёр таянчдан тушириб олиниб, унга биринчи ёрдам кўрсатилган ҳамда тез ёрдамга хабар берилган. Етиб келган тез ёрдам шифокорлари кучланиш остига тушган электромонтёрни кўрикдан ўтказганда, унинг вафот этгани аён бўлган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан куни кеча “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, айни пайтда Қашқадарё вилоятида мазкур ҳодисанинг сабаблари атрофлича ўрганилмоқда.
Мавзуга оид
15:27 / 15.04.2025
Қашқадарёда ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатган ҳайдовчи қамоққа олинди
15:46 / 03.10.2023
Бухоролик эркак “Ёр-ёр” кўрсатуви орқали танишган ғузорлик аёлни ўлдириб қўйди
20:10 / 04.03.2023
Қашқадарёда фермер норозилик сифатида ҳокимият олдига чорва молларини ҳайдаб келди
19:24 / 25.12.2022