Ўзбекистон | 08:43 / 12.10.2022
1544
3 дақиқада ўқилади

Опера санъатини тарғиб қилиш чора-тадбирлари тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Опера ва балет санъатини тарғиб қилиш ва иқтидорли ижодкорларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Президент қарорига мувофиқ, опера ва балет санъати бўйича иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларни юзага чиқариш ва рағбатлантириш тизимини жорий қилиш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда республика кўрик-танловлари ўтказилади: февраль ойида – ёш вокал ижрочилари; апрель ойида – ёш балет ижрочилари; июнь ойида – дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар.

Республика кўрик-танловлари Гран-при ва I ўрин ғолиблари мос таълим йўналишлари бўйича тегишли давлат олий таълим муассасалари бакалавриат қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

2022 йилдан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан ҳар икки йилда қуйидагилар ўтказилади: Ҳалима Носирова номидаги халқаро ёш операчилар кўрик-танлови; «Тошкент баҳори» халқаро опера ва балет фестивали.

Халқаро нуфузли опера ва балет фестиваллари, танловларида I, II ва III ўринларни эгаллаган ижодкорлар давлат бюджети ҳисобидан даромад солиғидан озод қилинадиган қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади: I ўрин учун –  100 БҲМ; II ўрин учун – 70 БҲМ; III ўрин учун – 50 БҲМ.

Ҳужжат билан кўрик-танловлар ва фестивалларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланган. 

Ташкилий қўмиталар асосий вазифалари сирасига қуйидагилар киради: тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ўз вақтида ишлаб чиқиш; аниқ муддатларни белгилаш ва улар ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш; халқаро тадбирлар ҳакамлар ҳайъати таркибини шакллантириш, иш тартибини тасдиқлаш, танловлар иштирокчилари ёш чегарасини белгилаш ва ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилган мутахассислар иштирокини таъминлаш; харажатлар сметасини ишлаб чиқиш, меценатлик кўмаги, юридик ва жисмоний шахслар ҳомийлик хайрияларини доимий тарзда жалб этиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид