Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тоғ этагида жойлашган қишлоқдаги туғуруқхонада ҳар куни бир чақалоқ дунёга келмоқда
Сазоғон қишлоғи Нуробод туманининг олис қишлоқларидан ҳисобланади. Тоғ этагидаги ушбу сўлим гўшада туман тиббиёт бирлашмасининг ҳудудий бўлими фаолият кўрсатмоқда. Унда ҳатто туғуруқхона ҳам бор.
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан олис қишлоқлардаги тиббиёт масканларининг ҳолати билан журналистлар таништирилди. Очиғи, Сазоғондаги шифохона бизда катта таассурот қолдирди.

Бўлимда айни кунларда дунёга келган 6 та чақалоқ сақланаётган экан. Бир йилда Сазоғондаги туғуруқ бўлимда 360-370 нафар чақалоқ дунёга келар экан.

1932 йилдан буён фаолият кўрсатаётган тиббиёт масканига яқинда ҳомийлик ёрдами билан сендвич панеллардан янги замонавий корпус икки ой ичида қуриб фойдаланишга топширилибди. Бу ерда 50 қатновга мўлжалланган поликлиника, дантист хонаси, 5 тадан болалар, тепапия ва туғуруқ ўринларига эга стационар 11 минг аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Бино янги, иссиқ ва совуқ сув, барча ускуналар бор, тартиб-тамойилга кўра текин дори-дармонлар ўз вақтида етказилиб турилибди. Боз устига бундай олис масканда хизмат олиб бораётган тиббиёт ходимларининг ойлик маошига устамалар ҳам қўшиб берилар экан.

Сўлим масканда ҳордиқ чиқиб турган сазоғонлик отахонлар билан суҳбатлашдик. Улар барча шароитлар етарли экани, барча кадрлар ўзларининг қишлоғидан чиққани, ҳар йили тиббиёт олийгоҳининг ўзига қишлоқдан 15-20 чоғли ёшлар ўқишга киришини тўлқинланиб гапириб беришди. Тиббиётчи кадрлар, ҳамширалар билан қишлоқ нафақат маҳаллий ҳудудий бўлимни, шунингдек қўшни маҳаллаларни ҳам таъминлашар экан.

Яқиндагина мактаб ўқувчилари ўртасида “Заковат” республика танловида 2-ўринни қўлга киритган 11-мактаб ҳам шу қишлоқда жойлашганини отахонлар фахр билан гапириб беришди.
Умуман, ҳамкасблар билан шу куни Паст Дарғом, Нуробод ва Самарқанд туманларининг бир қатор олис қишлоқларида бўлдик.
Паст Дарғом туманининг Катта Чандир маҳалласида ТТБга қарашли «Фаровон» оилавий шифокорлик пункти 3,5 минг аҳолига хизмат кўрсатмоқда экан. Беморлар билан суҳбатлашганимизда улар яратилган шароитлардан миннатдорлигини билдиришди.




Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида пандемия чоғида ясалган контейнерлардан мослаштириб барпо этилган ва аллақачон хизмат кўрсатаётган маҳалла тиббиёт пунктларини ҳам кўрдик. Паст Дарғом туманида 20 та, Нуробод туманида 20 та, Самарқанд туманида эса 10 та ана шундай маҳалла тиббиёт пунктлари ишламоқда.
Биз Паст Дарғом туманидаги маҳаллалардан бирида шундай тиббиёт пунктининг очилишида иштирок этдик.


Бу тиббиёт пунктларида станционар ўрин, умумий амалият шифокори, умумий амалиёт ҳамширалари ва патронаж ҳамширалардан иборат штатлар фаолият олиб бормоқда. Бу контейнерлар аҳолига бирламчи сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун қўйилган. Масалан, болаларни эмлаш, қон босимини ўлчаш, енгил кечадиган касалликларни даволаш учун уколлар ва осма уколлар қилиш, амбулатор картасига қайд этиб бориш каби ишлар шу ерда осон ва тез бажарилади. Чунки олис қишлоқлардан қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий шифокорлик пунктларига қатнаш масофа ва вақт талаб этади.



Агар чуқурлаштирилган тарзда зарур ёрдам керак бўлса бемор туман тиббиёт бирлашмасига тез тиббий ёрдам машинаси билан етказилар экан.
Энг муҳими, маҳалла тиббиёт пунктлари маҳаллаларнинг гавжум жойлари, маҳалла фуқаролари йиғини биноси ёки мактаб олдига ўрнатилгани бўлган.
Бир сўз билан айтганда энг олис манзилларда ҳам сифатли ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига қўйилган вазифалар бажарилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида, вилоят туманларида болалар ва оналар ўртасида ўлим ҳолатлари камайган, айрим енгил ва ўртача оғирликдаги касалликлар стационар тарзда даволаниб, тезда бартараф этилмоқда.
Самарқанд вилояти туманлари йил охиригача янги оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида эса энг замонавий янги кўп тармоқли шифохона очилиши кутилмоқда.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
12:31 / 10.04.2025
Нурободда машинасини стадионда одамлар устига ҳайдаган шахсга жиноят иши қўзғатилди
09:50 / 10.04.2025
Самарқандда эркак машинасини стадионда одамлар устига ҳайдади
16:25 / 26.02.2025
Самарқанд вилоятида яна икки туман ҳокимлари ўзгарди
10:57 / 23.01.2025