Ўзбекистон | 12:52 / 16.10.2022
16578
2 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги Чирчиқда банкоматдан пул ўғирлашга уринганлар ИИВ ҳарбий хизматчилари эканини маълум қилди

Қўлга олинганларнинг Мудофаа вазирлигига алоқаси йўқлиги маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳрида 3 нафар ҳарбий хизматчи томонидан банкоматлардан пул ўғирлашга уриниш ҳолати содир этилгани бўйича маълумотлар тарқалди. Мудофаа вазирлиги ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳарбий хизматчилар тоифасига Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент давлат хавфсизлиги хизмати ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идораларнинг қўшинлар таркибида хизмат қилаётган шахслар киради.

Қўлга олинган ҳарбий хизматчиларнинг Мудофаа вазирлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ, улар Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳисобланади.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқатишдан аввал ҳарбий хизматчилар қайси бир вазирлик ёки идора вакили экани аниқлангандан сўнг аниқ фактларга асосланган ҳолда тарқатилиши мақсадга мувофиқдир. Умумий равишда тарқатилган маълумотлар барча вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчилари шаънига путур етказиши мумкин»,  дейилади муносабатда.

Ички ишлар вазирлиги ҳозирча ҳолат юзасидан муносабат билдирмади.

Мавзуга оид