Ўзбекистон | 18:56 / 18.10.2022
18159
8 дақиқада ўқилади

Келажак велосипедларники. Бизга мусаффо ва соғлом шаҳарлар керак

Электробус, трамвай, метро ва албатта велосипед – энг илғор жамиятлар қураётган шаҳарларнинг асосий транспортлари. Тошкент шаҳри бош режаси тасдиқланиш арафасида экан, приоритетлар тўғри қўйилиши шарт. Пойтахтимиз велосипедчилар шаҳрига айлансин, токи 30 йилдан кейин авлодлар яна ҳаммасини бошқатдан бошлашга мажбур бўлмасин.

Фото: Shutterstock

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозир дунё миқёсида фаол фойдаланилаётган велосипедлар сони 2 миллиарддан ошади. 2050 йилгача бу рақам 5 миллиарддан юқори бўлиши кутилмоқда.

Энг кўп велосипед ишқибозлари Нидерландияда яшайди, у ерда аҳолининг 99,1 фоизи, яъни 16 млн 500 минг нафари шу транспортдан фойдаланади. Данияда эса 80,1 фоиз, Германияда 75,8 фоиз, Швецияда 63,7 фоиз аҳоли велосипед минади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, кунига 30 дақиқа пиёда юриш ёки 20 дақиқа велосипед ҳайдаш ўлим хавфини камида 10 фоизга камайтиради.

Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган YMCA номли бутунжаҳон ёшлар ташкилоти тадқиқотларига кўра, жисмоний фаол турмуш тарзига эга, айниқса, велоспорт билан шуғулланувчи одамлар бошқаларга қараганда 32 фоиз соғломроқ бўлади.

Велосипедчилар 46 фоиз ҳолатда юрак-қон томир касаллигига учрамайди

Фото: Google image search

Велосипед ҳайдаш фаол жисмоний машғулот тури саналгани учун юрак фаолияти ва қон айланишини яхшилашга ёрдам беради. 2017 йилда ўтказилган тадқиқотга кўра, ишга велосипедда борадиган одамларда юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш эҳтимоли 46 фоизга, айнан шу касалликдан ўлиш хавфи эса 52 фоизга кам бўлади.

Шунингдек, бу тадқиқот натижаларидан кўринишича, велосипедчилар орасида 2-тоифа диабет ҳамда саратон билан боғлиқ касалликлар юзага келиши эҳтимоли 30 фоизга пастдир.

Қолаверса, бу машғулот юқори қон босими касаллиги, яъни гипертонияни даволашда ҳам ёрдам беради. Шу касаллик билан оғриган инсонлар велосипед ҳайдаб, 3 ой давомида қон босимини 4,3 фоизга, 6 ойдан кейин эса 11,8 фоизга тушириб олишлари мумкин.

Бундан ташқари, ҳафтасига ҳар куни 24-35 дақиқа велосипед ҳайдаш ўпканинг жисмоний ҳолатини сезиларли даражада яхшилайди. Сўнгги йиллардаги пандемияни ҳисобга олсак, ўпканинг соғлом бўлиши ва уни турли касалликлардан сақлаш муҳим. Жисмоний фаоллик, хусусан, велосипед ҳайдаш иммунитетни ошириб, SARS-COV-2 каби инфекциялардан ҳимоя қилиши мумкин.

Велосипедда соатига 300 калория сарфлаш мумкин

Фото: Getty Images

Албатта, ортиқча вазн билан курашиш ёки унинг доимий балансини сақлаш учун тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик зарур.

ЖССТнинг 2022 йилги Европа минтақавий семизлик ҳисоботига кўра, катталарнинг деярли учдан икки қисми ва ҳар 3 боладан 1 нафари ортиқча вазнга эга. Афсуски, айни вақт бу муаммо ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Жисмоний ҳаракатсизлик ва семириш 77 фоиз ҳолатда юқумли бўлмаган турли касалликларни орттиришга, 86 фоиз ҳолатда эса ўлимга сабаб бўляпти.

Бу муаммога ҳам велосипед яхши ечим бўла олади. Боиси, унда юриш организмдаги метаболизм (моддалар алмашинуви)ни тезлаштиради, танадаги ёғни камайтириб, унинг ўрнини мускул эгаллашига хизмат қилади. Одамлар велосипедда танасига қараб соатига ўртача 300 калория сарфлаши мумкин. Агар тезлик оширилса, қисқа вақт ичида янаям кўпроқ калория кетказиш ва ёғларни тезроқ “эритиш”га ҳам эришилади.

Жисмоний фаоллик руҳий саломатликка ижобий таъсир қилади

Фото: Cycling Weekly

2010 йилларда жисмоний ҳаракат руҳий саломатликка қанчалик ижобий таъсир қилиши муҳокама марказида бўлиб келган. Шунга аниқлик киритиш мақсадида 2011-2015 йиллар давомида АҚШда 18 ва ундан каттароқ ёшдаги бир млн нафардан ортиқ инсонларнинг саломатлиги ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинган. Унга кўра, инсонларнинг руҳий ҳолати ёши, жинси, оилавий шароити, даромади ва яна бир қатор омилларга ҳам боғлиқ, аммо жисмоний ҳаракати юқори бўлганлар бошқаларга қараганда анча хотиржамроқ бўлиши айтилган. Демак, умуман олганда, одамларнинг руҳий ҳаётида ҳам жисмоний тарбия аҳамиятли ҳисобланади.

Депрессия ва стрессдан фориғ бўлишни истаганларга асосан велосипедда юриш ҳам тавсия этилади. Боиси, тоза ҳавода айланиш, атрофга қараш, табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлиш инсон руҳини бирмунча тинчлантиради.

Чўнтакка ҳам фойда

Фото: Dee Browning / Shutterstock

Велосипед автомобилга қараганда анча арзон транспорт воситаси ҳисобланади. Бугунги кунда велосипед ёрдамида нафақат яқин масофаларга кундалик юмушларни бажариш учун, балки узоқ саёҳатларга ҳам бориш мумкин.

2011 йилда Висконсин университети томонидан ғарбдаги 11 та шаҳарда ўтказилган тадқиқотга кўра, агар одамлар тўрт ой давомида қисқа (40 км дан кам бўлган) масофаларга ҳам велосипедда боришса, йилига 1 100 та ўлим ҳолатининг олди олиниб, 7 млрд 300 млн доллардан ортиқ соғлиқни сақлаш харажатлари тежалади.

Айни вақтда нафақат велосаноат, балки велосипед билан боғлиқ касблар ҳам ривожланиб бормоқда. Буни биргина Европа мисолида ҳам олиш мумкин. Боиси, қитъада бир ярим миллион нафардан ортиқ одам айнан велосипедда ёки шу транспорт билан боғлиқ фаолият турларида, мисол учун, велокурьер, мобил вело кир ювувчи, велосипедда мебел ташувчи бўлиб ишлайди. Бу орқали эса фуқаролар ўзини ўзи банд қилиб, даромад топиш ҳамда солиқ тўлаб, мамлакат бюджетига ҳам фойда келтириш имкониятига эга.

Шу сабабли Европа велосипедчилар федерацияси транспорт учун ажратиладиган бюджет маблағларининг 10 фоизини йўл инфратузилмасига ажратиши керак, деб ҳисоблайди. Боиси, бу билан соғлиқни сақлаш ва ёқилғи харажатларини тежаш, углерод чиқиндиларини камайтириш, қолаверса, велосаноатда иш ўринларини кўпайтириш ва Европага 205 млрд доллар иқтисодий фойда келтириш мумкин.

Тошкент учинчи дунё шаҳрига айланиб қолмаслиги шарт

Фото: Kun.uz

Ҳозирда ҳаво ифлосланиши ҳам глобал муаммолардан бири бўлиб турибди. ЖССТ маълумотларига кўра, бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг 99 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олади, бунинг оқибатида эса ҳар йили 7 млн нафар одам ҳаётни эрта тарк этади.

Албатта, бу ҳолат Ўзбекистонни ҳам чеклаб ўтган эмас. Куни кеча Тошкент яна дунё бўйича ҳавоси энг ифлос шаҳар мақомини олди. “Ўзгидромет”га кўра, бунда табиий сабаблар (ҳарорат инверсияси) билан бирга, антропоген омиллар ҳам рўй ўйнаган: шаҳарда дарахтлар кесилиб, йўллардаги тирбандликлар ва қурилишлар кўпайиб боряпти.

Ифлосланган ҳавонинг саломатликка таъсири, инсонлар бунинг учун соғликлари ва умрлари билан тўлов қилишлари – ҳаммага маълум, аллақачон одамлар ўз танасида сезаётган воқеликка айланиб улгурди. Шундай экан, Тошкентда яшилликни кўпайтириш, замонавий технологиялар орқали завод-фабрикаларнинг ҳавони ифлослантиришини камайтириш каби чоралар қаторида албатта шаҳарда автомобиллар сонини пасайтиришга ҳам эътибор берилиши лозим.

Бу эса биринчи навбатда сифатли жамоат транспорти тизимини яратиш (экологик тоза электробуслар ва трамвайлар ҳисобига) ва велосипеддан фойдаланишни рағбатлантириш учун кардинал ўзгаришларни тақозо қилади.

Суратларда – жами 200 киши. Биринчи расмда улар 177 та енгил автомобилда ўтиришибди, иккинчи расмда уларнинг автомобилсиз ҳолати, учинчи расмда улар велосипедда, тўртинчи расмда эса учта автобусга сиғишган – бемалол ўтириб кетишяпти.

Охирги йилларда Тошкентда велойўлаклар пайдо бўла бошлагани яхши албатта, лекин қурилаётган йўлакларнинг сифати жуда катта савол остида. Қолаверса, велосипедчиларнинг хавфсизлиги мутлақо таъминланмаган – шаҳар марказидаги айрим жойларни айтмаганда, қолган жойларда велосипедда юриш билан одам ўз ҳаётини катта хавф остига қўйган бўлади.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Kun.uz'га берган маълумотига кўра, ҳозирги кунда Тошкентда 165,1 км велосипед йўлаклари, 182,2 км пиёдалар йўлаклари барпо этилган. 2022 йилда яна 63 км велосипед йўлаклари ва 120 км пиёдалар йўлакларини ташкил этиш белгиланган.

Шаҳардаги яп-янги велойўлаклардан нега одамлар фойдаланмаётгани, уларни лойиҳалаштириш ва қуришдаги қўпол хатолар – алоҳида катта мавзу. Бу ҳақда кейинги мақолаларимизда сўз юритамиз.

Ҳозир эса шуни айтишни истардикки, Ўзбекистондаги шаҳарларни қуриш ва режалаштиришда инсонлар ҳаёти ва саломатлиги энг биринчи ўринга қўйилиши керак. Соғлом шаҳар ҳаётини эса велосипедларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Дилшода Шомирзаева,
журналист

Мавзуга оид