Ўзбекистон | 13:43 / 30.10.2022
15082
4 дақиқада ўқилади

Бу йил жаҳон сиёсатининг маркази Ўзбекистонга кўчди – Матвиенко

27-28 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг кузги сессияси бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир шуниси билан аҳамиятлики, ўтган ўттиз йил давомида биринчи марта мазкур Ассамблеянинг ялпи мажлиси ва МДҲ ПА Кенгаши Санкт-Петербургдаги қароргоҳидан ташқарида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Федерация Кенгаши Раиси, МДҲ ПА Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан учрашди.

“Бу йил жаҳон сиёсатининг маркази Ўзбекистонга кўчди, бу ерда олий даражадаги йирик халқаро тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бу мамлакатимизнинг халқаро сиёсатдаги ўрни ва жаҳон ҳамжамиятидаги Ўзбекистон нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради”, деди Матвиенко.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг устувор стратегик ҳамкори эканлигини ва давлат раҳбарларининг ишончли мулоқоти туфайли анъанавий дўстона муносабатлар изчиллик билан юқори босқичга кўтарилаётганини эътироф этди. 

Анжуманда иштирок этган Kun.uz жамоаси меҳмон давлат вакилларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

“Беларус ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар жуда яхши, буни МДҲ доирасидаги учрашувларда ҳам сезиш мумкин. Самарқанддаги икки кун жуда тиғиз бўлди. Масалан, нацизм қайта тикланишига йўл қўймаслик тўғрисида қонунни кўриб чиқдик.

Бугун барча парламентларнинг қуйи ва юқори палаталари спикерлари нутқ сўзлашди. Сайлов жараёнларига ташқи аралашувга йўл қўйиб бўлмаслигини муҳокама қилдик. Самарқанд яқинда ШҲТ саммитини, бугун Парламентлараро Ассамблея сессиясини муваффақиятли ўтказди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқейига ижобий таъсир қилади”, - деди Беларус миллий мажлиси хавфсизлик ва халқаро алоқалар бўйича кенгашининг доимий комиссияси раиси Сергей Рочков.

Россиялик сенатор Владимир Политаев ҳам ўз хулосаларини маълум қилди. Сенаторга кўра, анжуманда миграция, туризм ва таълим масаласи ҳам муҳокама қилинган. У ўзбекистонлик талабаларнинг Россияга киришини осонлаштирадиган қонун ҳам қабул қилинганини айтиб ўтди. Ялпи мажлисда шунингдек, 40 та қонун лойиҳаси қабул қилинган.

Сессиясида маданият, туризм ва спорт соҳасидаги янги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Ҳамдўстлик мамлакатлари парламентлари вакилларига МДҲ давлатлари учун намунавий Интеллектуал мулк кодексининг янги таҳрири лойиҳаси тақдим этилди. Парламентарийлар, шунингдек, маданият, туризм ва спорт соҳаларида рақамли ривожланиш жабҳасида қонун ижодкорлиги йўналишини ҳам муҳокама қилдилар.

Анжуман доирасида Ҳамдўстлик мамлакатларининг ёшлар парламентлари аъзолари “NEET ёшлари” муаммоларини муҳокама қилдилар. “NEET ёшлари” муаммосини ҳал қилиш мажлисда асосий масалалардан бири бўлди. МДҲ парламентлари аъзолари ёшлар ўртасидаги ишсизликни қонунчилик йўли билан тартибга солиш орқали ҳал этиш ҳамда Ҳамдўстлик мамлакатларида ишламайдиган ва ўқимайдиган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш усуллари хусусида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Сессия давомида Танзила Норбоеванинг меҳмон давлатлар делегациялари вакиллари билан учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотларда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Икки кун давом этган тадбирларда МДҲ ПАга кирувчи мамлакатлар парламентлари делегациялари раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар, жами 500 дан ортиқ киши иштирок этди.

Мавзуга оид