Ўзбекистон | 12:45 / 14.11.2022
16022
8 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар ҳарбий ҳамкорлик қилиши мумкинми? – Таҳлилчилар билан суҳбат

Туркий давлатлар ташкилоти 2021 йилда янги ном билан фаолият бошларкан, шу йил 11 ноябр куни ўзининг илк саммитини Самарқандда ўтказди.

 Кўпчилик таҳлилчилар ташкилотнинг Самарқанд саммитида кўриладиган, келишиладиган масалалар ташкилотнинг ва умуман “Туркий дунё” ғоясининг кейинини белгилаб бериши ҳақида гапиришган эди.

Саммит ўтди.  Хўш, ишонч қанчалик оқланди? Тадбир давомида имзоланган ҳужжатлар унга аъзо давлатлар сиёсати, иқтисодиётида нималарни белгилаб беради ёки нималарни ўзгартиради? Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволлар атрофида суҳбат ўтказди. Суҳбат меҳмонлари иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ва сиёсатшунослар Ҳамид Содиқ ҳамда Акрам Умаров бўлди.

— Абдулла ака, Самарқанд саммити давомида 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Бу ҳужжатлардан Ўзбекистон иқтисодиётига нима наф?

Абдулла Абдуқодиров:

— Президент ўз нутқида туркий давлатлар билан савдо алоқалари умумий ялпи ички маҳсулот айланмасининг 4 фоизини ташкил қилишини айтиб ўтди. Шундан билиш мумкинки, потенциалимиз ҳали тўлақонли ишга тушмаган ва бунинг бир қанча сабаби бор. Биринчидан, бу логистика масаласига бориб тақалади. Айнан шунинг учун ҳам бу масалага жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда Туркия ҳамда Озарбойжон билан алоқалар йўлга қўйилган. Аммо турк дунёси билан қуруқлик коридори очиладиган бўлса, ўз-ўзидан савдо алоқаларида ҳам ўзгаришлар кузатилади. Саммитда имзоланган масалалардан бири айнан Туркия ҳамда Ўзбекистон ўртасида қатновчи юк машиналарининг бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кириб-чиқишидаги текширувларни нисбатан соддалаштириш режими бўлди. Албатта, бунинг баъзи техник камчиликлари бор. Шунга қарамасдан уларга расмий асос яратиб берилди. Ўйлайманки, бу масалага бошқа турк давлатлари ҳам қўшилади. Биз кузатувчи мақомида бўлган Туркманистон, қолаверса, Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам шундай ташаббусларни кутиб қоламиз. Агар бу давлатлар ҳам қўллаб-қувватласа, Марказий Осиёда юк машиналари ҳаракатланиши анчайин енгиллашади.

Президент нутқини кузатадиган бўлсак, аввалги саммитларда умумий тарих, миллий қадриятларга тўхталиб ўтилган бўлса, бу сафар иқтисодиётга кўп эътибор берилди. Бу муҳокамаларда туркий давлатлар ўртасидаги минтақавий иқтисодиётни ривожлантиришга аҳамият бериш лозимлиги таъкидлаб ўтилди ва жанубий транспорт коридори деган терминлар ишлатилди. Бу коридор Хитойдан Қирғизистонга кириб келадиган темирйўл Ўзбекистонга ҳам келади ва Ўзбекистоннинг шимолига бориб, икки йўналишда кетади. Бир йўналиши Қозоғистон ҳамда бир йўналиши Туркманистон орқали Касбий денгизига боради. Хитойнинг тўғридан тўғри Марказий Осиёга чиқиб кетиши бу биз учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки биз шарқий Осиёнинг гигант давлати бўлган Хитойни Ғарбий Осиё билан боғлаш дебочасида турибмиз.

Бу ерда гап Марказий Осиёни Россия таъсиридан чиқариш ва минтақавий иқтисодий ривожланиш ҳақида бормоқда. Биз буни ШҲТ ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти платформалари орқали амалга оширяпмиз ва бу катта-катта имкониятларни яратиб беряпти. Ўйлайманки, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати бу платформаларнинг ўзига керакли қисмидан фойдаланади ҳамда ҳар томонлама ривожланишга замин яратади.

ШҲТ ва бу саммитни ўзаро солиштирадиган бўлсак, биринчи йиғилишда асосий руҳ Самарқанднинг қандай ўзгаргани, меҳмонларнинг дабдабали кутиб олинганига қаратилган бўлса, бу сафар бу жиҳатларга ортиқча тўхталиб ўтилмади.

— Хўш, саммит давомида кўрилган, келишилган масалалар Ўзбекистон сиёсатида қандай ўзгаришлар ясайди?

Ҳамид Содиқ:

— Аввало Туркий давлат раҳбарларининг Самарқандда йиғилишининг ўзи ижобий ҳолат. Халқаро муносабатларда асосий субъект бу давлатлар. Давлат бу сиёсий ташкилот ҳисобланади. Давлатларнинг бу тарзда бирлашуви унинг сиёсий аҳамиятини ҳам кўрсатади. 1992 йилдан буён шаклланиб, туркий давлатлар ташкилоти тарзига етиб келиш орқали халқаро ҳамжамиятга ҳам яққол намоён бўлди. Туркий давлатлар бирлашаётгани эътироф этилди. Ҳар қандай бирлашув учун ташқи босим бўлиши керак. Европа ҳам мана шундай бирлашиш учун юз йиллаб урушларни бошидан кечирди. Охирида бирлашмасак бўлмайди деган тушунчага келди. Туркий давлатлар ҳам атрофда кузатилаётган хавфлар ортидан мана шундай тўхтамга кела бошлади. Агар бирлашмасак, бу хавфларга ем бўлишимиз мумкин деган тафаккур бу давлатларнинг бирлашишига сабаб бўляпти. Аммо буни ҳам муаммолари йўқ сифатли бирлашув деб бўлмайди.

Шахсан мен бу саммитда ҳукуматлар устида турган қандайдир сиёсий институтлар шакллантирилади деб ўйлардим. Биринчи навбатда Турк давлатларининг парламент ассамблеяси деган ташкилот бор. Бу ташкилот Нурсултон Назарбоевнинг таклифи билан 2008 йилда ташкил қилинган. Шу ташкилотга тўрт давлат аъзо экан. Улар Туркия, Озорбойжон, Қирғизистон ва Қозоғистон. Бошқа давлатлар аъзо эмас. Лекин менда давлатларнинг ўзаро бирлашуви натижасида ҳукуматлар тепасида турадиган эмас, балки давлатларнинг ўзаро парламентар бирликларини ривожлантиришга хизмат қиладиган институтлар шакллантирилади деган тахминлар бор эди.

Туркий давлатларнинг бирлашувини Россия ва Хитой диққат билан кузатяпти. Европа ташкилотига ҳам маълум бир босимлар бўлиши табиий. Улар ҳам Туркия иштирокидаги катта ва сифатли бирлашувдан манфаатдор эмас. Шунинг учун бу ташкилот парламент ассамблеяси эмас, балки туркий давлатлар парламенти бўйича ҳам қарорлар қабул қилишини кутгандим. Бундан ташқари, ўрта турк тили масаласи ҳам маданий эмас, балки сиёсий масаладир. Аммо бу бўйича ҳам бирор ўзгаришлар кутилмади.

 Акрам Умаров:

— Бу ерда эътибор бериш керак бўлган бир нечта жиҳат бор. Биринчиси, бундай йирик бирликлар билан бўладиган саммитларнинг бирин-кетин Самарқандда бўлиши эътиборга лойиқ. Дастлаб, ШҲТ, сўнгра туркий давлатлар ташкилоти ва яқинда Европа Иттифоқи билан Самарқандда катта йиғин бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистон қайсидир маънода халқаро дипломатия марказига айланяпти. Таҳликали даврда бу жуда катта аҳамиятга эга. Турли давлатлар ўртасида дипломатия яратиб берувчи медиатор бўлиш Ўзбекистон имижи учун жуда ижобий ҳолат.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати кўп векторли ва кўп қаватли. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзига хослик шундаки, бир давлатни бошқа бирига қарши қўймайди ва бирор давлат билан алоқа қилаётганда бошқалар нима деркин деган маънода узоқ ўйлаб ўтирмайди. Бунинг асосида миллий манфаатлар туради ва ҳар қандай ташкилотлардаги йиғинларда айнан миллий манфаатларга таяниш керак. Бундан ташқари, географик жойлашувни ўзгартира олмаймиз. Яъни қўшнилар танланмайди. Шу нуқтаи назардан қўшнилар билан қандайдир ҳамкорлик ўрнатиш лозим. Ўйлайманки, келажакда ҳам мана шу принципдан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Туркий давлатлар ташкилотининг ижобий томони шундаки, бу формат доирасида бизда салбий тарих шаклланмаган. Маълум бир келишмовчиликлар кузатилган бўлиши мумкин, аммо улар ўз ечимини топди.

Ҳозирги кунда Украина уруши фонида транспорт коридорларида чекловлар бор. Ҳозир чекланиб қолган йўл масаласининг энг муҳими бу Касбий орқали Европага чиқишдир. Шу жиҳатдан саммит унумли бўлди. Натижалар секин-аста ўз сўзини айтади. Ўйлайманки, имзоланган ҳужжатлар тўғри йўлга қўйилади. Масалан, МДҲ доирасида мингдан зиёд ҳужжат имзоланган, аммо унинг жуда ҳам кам фоизи амалда ўз исботини топган.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид