Жаҳон | 13:06 / 19.11.2022
26845
16 дақиқада ўқилади

Тан олинмаган ҳарбий жиноятлар: Гитлер Германияси ва СССР Полшани қандай бўлиб олган эди?

1939 йил сентябр ойида СССР фашистлар Германияси билан Полшани босиб олади. Сўнг «Молотов-Риббентроп пакти»га кўра улар бу давлатни ўзаро тақсимлаб олишади. Полшанинг шарқий қисми СССРга, ғарбий қисми Германия таркибига киритилади. 1940 йилда СССРдаги қамоқхона лагерларида кўп минг сонли поляк ҳарбий асирлари сақланаётганди. НКВД раҳбари Бериянинг ташаббуси билан улар отиб ташланади ва Смоленск ўрмонларидаги оммавий қабрларга кўмиб юборилади.

«Тарихни ғолиблар ёзади» – бу ибора илк марта қачон, ким томонидан айтилган бўлса ҳам билиб айтилган. Бунга исбот жуда кўп. Узоққа бормайлик, Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин унинг асосий ғолиби бўлган СССР бу уруш билан боғлиқ тарихни ўзи хоҳлаганидай турли ёлғонлар билан талқин қилган. Мактабларда, олий таълимда ўша ёлғонлар ўқитилган, илмий ишлар ёзилган.

Ана шу ёлғонлардан бири СССРнинг Иккинчи жаҳон урушига 1941 йил 22 июнда Гитлер Германияси бу давлатга бостириб кирганидан кейин қўшилгани ҳақидаги гаплар. Аслида эса СССР Иккинчи жаҳон урушига Германия билан тузилган дўстлик ва иттифоқчилик шартномасига мувофиқ 1939 йил сентябр ойида қўшилган эди.

1939 йил 23 август куни Германия ва Совет Иттифоқи ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик шартномаси имзоланади. Шартномани ҳар икки давлатнинг ташқи ишлар вазирлари, Вячеслав Молотов ва Иохим фон Риббентроп имзолагани учун бу келишув тарихда «Молотов-Риббентроп пакти» деб аталади.

Вячеслав Молотов ва Иохим фон Риббентроп. 1939 йил Германия ва СССР ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги келишув имзоланиши маросимида.

Ушбу шартномада ҳар икки давлат ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги келишувдан ташқари Шарқий Европадаги давлатларни тақсимлаб олиши ҳам белгиланганди. Ўша пайтда бу шартноманинг «Ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида»ги қисми эълон қилинади. Шарқий Европани ўзаро бўлиб олиш ҳақидаги қисми эса сир сақланади.

Шартномага кўра Болтиқбўйи давлатлари тўлиқ, Полша, Руминия, Венгрия ва Чехословакиянинг шарқий қисми СССРга, қолган қисми Германияга тегиши керак эди.

«Молотов-Риббентроп пакти» имзоланганига 10 кун ўтмасдан 1939 йил 1 сентябр куни Германия Полшага ҳужум қилади. Орадан икки ярим ҳафта ўтиб 17 сентябр куни шарқдан совет армияси ҳам Полшага бостириб киради ва 1939 йил 5 октябргача бу давлатнинг 45 фоиз ҳудудини босиб олади. Қолган қисмини Германия эгаллайди. Шу тариқа дунё харитасидан мустақил бир давлат йўқ бўлади.

Полшани «озод қилиш» юриши

1939 йил 17 сентябр куни СССР армияси Полшага бостириб кирар экан, советлар бу ишни «Озодлик юриши» деб номлайди. Яъни Полша таркибидаги Ғарбий Беларус ва Ғарбий Украинада яшаётган беларуслар ва украинларни «поляклар зулми»дан, полякларнинг ўзини эса помешчик ва капиталистлардан озод қилиш юриши.

СССР Полшанинг қарийб ярмини босиб олар экан, эгалланган ҳудудларда совет тузумини ўрнатишда қаршиликларга дуч келади. Асрлар давомида хусусий мулкчиликка асосланган тузумда яшаб келган поляклар, шунингдек, улар таркибида бўлган Ғарбий Беларус ҳамда Ғарбий Украина аҳолисини талончиликка асосланган социалистик тузумга ўтказиш осон бўлмайди.

Ким янги тузумга қаршилик кўрсатса у қамоққа олиниб СССРнинг шарқий қисмида жойлашган қамоқхоналарга жўнатилади. Поляк асирларини сақлаш учун ўнга яқин алоҳида қамоқхона ажратиб берилади. Улардан ортганлари бошқа қамоқхоналарга жўнатилади.

Поляк ҳарбий асирлари

1940 йилнинг ёзига келиб СССР ғарбидаги кўплаб қамоқхоналар урушда асирга тушган поляк ҳарбий асирлари ва социалистик тузумга қарши бўлган поляк фуқаролари билан тўлади. Уларнинг бир қисми отиб ўлдирилади. Қолганлари бошқа асирлар қатори қулдай ишлатилади. Ўшанда жами асирлар 240-250 минг нафар бўлгани айтилади.

«Катин қатлиоми»

1940 йил 3 мартда НКВД бошлиғи (жаллод) Лаврентий Берия Бутуниттифоқ коммунистик партия марказий қўмитаси сиёсий бюросига мурожаат қилади. Мурожаатда СССРнинг ғарбий қисмида жойлашган қамоқхоналарда сақланаётган поляк ҳарбийлари масаласини бир ёқлик қилиш ёзилганди.

«Ҳозирги вақтда СССР НКВДнинг ҳарбий асирлар лагерларида ва бошқа қамоқхоналарда Полша армиясининг кўп сонли собиқ зобитлари, полиция ва разведка собиқ ходимлари, поляк миллатчи партияларининг аъзолари, аксилинқилобий қўпорувчи ташкилотлар аъзолари ва бошқалар сақланяпти. Уларнинг барчаси Совет тузумидан нафратланади ва имкони бўлганида СССРга қарши жосуслик, саботаж ва бошқа ишларни қилишга тайёр турибди. Шу сабабдан НКВД уларга ўлим жазоси қўллаб, уларни жисмонан йўқ қилиш мақсадга мувофиқ деб билади», дейилганди Бериянинг мурожаатида.

Мурожаатда ўлим жазоси берилиши сўралган ҳарбий асирларнинг 14 700 нафари Полша армиясининг офицерлари, 11 000 нафари аксилсовет кайфиятидаги поляклар – йирик ер ва завод-фабрикалар эгалари эди.

Марказий қўмита сиёсий бюроси Бериянинг таклифини ижобий қабул қилади ва полякларни жазолаш ҳукмларини чиқариш учун Всеволод Меркулов, Богдан Кобулов ва Леонид Баштаковдан иборат «Учлик» («Тройка») белгилайди. НКВДда юқори лавозимларда ишлаган бу уч шахс ўша пайтда Берияга энг яқин ва содиқ кишилар эди.

Орадан йиллар ўтиб, 1953 йилда Сталин вафотидан сўнг Берия қўлга олиниб, отиб ташланади. Шундан сўнг Берияга яқин кишилар сифатида Меркулов ҳамда Кобулов ҳам ҳибсга олинади. Уларнинг барча унвонлари бекор қилиниб ўша йил декабр ойида отувга ҳукм қилинади. Леонид Баштаковнинг ҳаётини 1950 йилда истеъфога чиқиб кетгани асраб қолади. Уни ҳам бир неча бор терговга чақиришади, аммо жазолашмайди.

Марказдан рухсат олган НКВД зудлик билан отувга ҳукм қилинадиганлар рўйхатини шакллантира бошлайди. Смоленск шаҳридан 18 километр узоқликда жойлашган Катин ўрмонида ва Твер областидаги Медное қишлоғи яқинида экскаваторлар билан оммавий қабр учун чуқурлар ковлашни бошлаб юборишади.

1940 йил апрел ойида отиб ўлдириш учун ҳар бир эшелонда 350-400 нафардан маҳбусларни олиб кела бошлашади. Уларни вагонларга чиқаришдан олдин «Сизларни озод қилиб Полшага қайтариб юборамиз» деб айтишгани кейинчалик оммавий қабрлардан топилган кундаликлардан маълум бўлади.

Ана шундай кундаликлардан бирини 1943 йилда немис криминалисти ва суд-экспертиза эксперти Герхард Бутц топиб олади. У поляк ҳарбий офицери майор Адам Солскийга тегишли бўлиб чиқади. Солский унда отилишидан бироз олдинги ҳодисаларгача ёзиб қолдирган эди.

«20 апрель.

12 соатдан бери Смоленск яқинидаги темирйўлнинг захира йўлагида турибмиз.

21 апрель.

Қамоқхонага тегишли вагонларда пастга тушиш ҳақида буйруқ берилди. Бизни машиналарга чиқариб номаълум томонга олиб кетишяпти. Кейин нима қилишаркин? Қўрқинчли тонг отди. Бизни қандайдир ўрмонга олиб келишди. Синчковлик билан текшириб ёнимиздаги барча нарсани олиб қўйишяпти. Менинг узугим соқчилардан бирининг эътиборини тортди. Пуллар, камар, соатлар, узуклар – барини олишди. Соат 6:30....»

Кейинчалик оммавий қабрлар ўрганилганда асирларни асосан «Вальтер» ва «Маузер» пистолетлари ёрдамида отишгани аниқланади. Айрим жасадлар кўмилган жойдан ўқ чиқмайди, уларни аввал қамоқхонада отиб ўлдириб, сўнг олиб келиб кўмиб юборишганди.

Сталин вафотидан кейин поляк асирларининг оммавий тарзда отилиши ва кўмиб юборилишини тафтиш қилган КГБ раҳбари (1958-1961 йиллар) Александр Шелепиннинг ҳисоботларига кўра ўшанда икки ойда жами 21 857 нафар поляк отиб ташланган.

Асирларнинг ҳаммаси ҳам Катин ўрмонида отилмаган, улар Твер, Харков, Луҳанск областларида ҳам отилган. Асирларнинг асосий қисми Катин ўрмонида қатл этилгани учун бу иш тарихда ««Катин қатлиоми»» номи билан қолган.

Катиндаги оммавий қабрларнинг топилиши

1943 йилда немис аскарлари Смоленск яқинидаги Катин ўрмонларида тасодифан оммавий қабрларга дуч келади.

Шундан сўнг у ерга профессор Герхард Бутц бошчилигидаги тиббий экспертиза ходимлари юборилади. Экспертлар жасадларни текшириб кўриб, улар поляк ҳарбий асирлари эканини аниқлайди. Орадан бироз ўтиб Берлин радиоси Катиндаги оммавий қабрлар ҳақида хабар беради ва бу ишдан бутун дунё хабар топади.

Фото: porjati.net

Уруш тугагандан сўнг, 1945 йил 22 ноябрдан 1946 йил 1 октябргача давом этган Нюрнберг судида СССР вакиллари «Катин қатлиоми»ни немисларга тўнкашга уринишади. Аммо бу иш муваффақиятсиз чиқади.

Трибунал «Катин қатлиоми» учун СССР жавоб бериши лозимлиги ҳақида қарор чиқаради. Шундан сўнг бир қатор халқаро ташкилотлар «Катин қатлиоми»ни тафтиш қилиш учун СССРга бир неча бор сўров жўнатишади. Сўровлар Сталин тузуми томонидан рад этилади.

«Катин қатлиоми»нинг тан олинмаслиги

1945 йилда Совет армияси Полшадан немисларни қувиб чиқаргач ўзини поляк халқининг халоскори деб эълон қилади. Барча жойда «Биз Полшани немис фашистлар зулмидан қутқардик» деган лозунглар янграй бошлайди. Аслида ҳам шундай эди, совет армияси Полшани фашистлар зулмидан озод қилганди.

Аммо Полша СССРнинг бу яхшилиги эвазига урушдан сўнг 45 йил давомида «товон» тўлади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин унинг асосий ғолиби сифатида СССР Шарқий Европадаги бир қатор давлатлар қатори Полшани ҳам ўз таъсирига олади. Мажбурий тарзда бу давлатда социалистик тузум ўрнатади ва Полшани Ғарб дунёсидан узиб қўяди.

1953 йилда «Халқлар доҳийси» вафот этганидан сўнг ҳокимиятга Хрушчев келади ва Сталин даврида қилинган ишларнинг аксарияти тафтиш қилинади.

Бегуноҳ қамалган миллионлаб инсонлар озод қилинади. «Жазо машинасининг мурватлари» бўлган кўпгина мутасаддиларлар ишдан олинади ва суд қилинади. Уларнинг баъзилари қамалади, баъзиларига ўлим жазоси берилади. Айниқса Берияга яқин бўлган аксарият инсонлар отувга ҳукм қилинади.

Шу жумладан «Катин қатлиоми» ҳам тафтиш қилинади ва унинг асосий ижрочилари турли жазоларни олади. Бироқ Хрушчев даврида ҳам халқаро ташкилотларга бу ишни тафтиш қилишга рухсат берилмайди. Шу билан бирга совет ҳукумати «Катин қатлиоми» полякларга қарши жиноят бўлганини расмий равишда тан олмайди.

Поляк ҳарбий асири / Фото: porjati.net

Келиб чиқиши поляклардан бўлган Совет армиясининг маршали Константин Рокоссовский Полша Мудофаа вазири этиб тайинланади. Шу тариқа Шарқий Европадаги қўшнилари каби Полша 1990 йилгача СССРга ярим вассал давлат бўлиб қолади. Бундай ҳолатда поляклар СССРга «Катин қатлиоми»ни тан олиш бўйича ҳеч қандай талаб қўя олмайди.

Фақат Горбачёв даврида бошланган ислоҳотлар ортидан 1989 йилга келиб поляклар коммунистик тузумдан воз кечишади ва СССРга «Катин қатлиоми»ни тан олиш талабини қўяди. Бироқ СССР бу қатлиом учун жавобгарликни тан олмайди. Барча айбни НКВД раҳбарияти, жумладан Берия гарданига илади.

Россиянинг «Катин қатлиоми»га муносабати

СССР тарқаб кетгандан кейин Полша «Катин қатлиоми» полякларга қарши геноцид эканини тан олишни Россиядан талаб қила бошлайди. Аммо Россия СССР даврида содир этилган ҳеч бир иш учун жавобгар бўлмаслигини маълум қилади.

Жумладан, 2010 йилда Россия президенти Дмитрий Медведев «Катин қатлиоми» ҳақида гапира туриб, полякларга бу иш учун Россия ҳеч қачон жавобгар бўлмаслигини эслатиб қўяди:

«Катин қатлиоми» бу – Сталин ва унинг ҳамтовоқлари томонидан содир этилган жиноят. «Катин қатлиоми» ҳақида Россия томонининг расмий позицияси ва ҳеч қачон ўзгармайди».

Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин ҳам «Катин қатлиоми» ҳақида гапириб, бу иш учун Сталин бошчилигидаги совет раҳбарияти жавобгар эканлигини айтади.

Путин ўшанда «Шахсий фикримча «Катин қатлиоми» 1920 йилда Полша-СССР урушида учралган мағлубият учун Сталиннинг қасоси бўлган», дейди. Ўшанда Сталин бу урушда Жанубий-Ғарбий фронт ҳарбий революцион кенгаши аъзоси сифатида иштирок этганди ва поляклардан мағлубиятга учраган армия сафида эди.

2010 йил 26 ноябр куни Россия давлат думаси (парламенти) «Катин қатлиоми» фожиаси ва унинг қурбонлари ҳақидаги қонунни қабул қилади. Унда Катин ўрмонларида Полша ҳарбийлари ва фуқароларининг оммавий отиб ташланиши Сталин ва унинг қўл остидаги раҳбарларнинг буйруғи билан амалга оширилгани, шу сабабли «Катин қатлиоми» ўша пайтдаги совет раҳбариятининг жинояти ҳисобланиши айтилганди.

Орада «Катин қатлиоми»да ҳалок бўлганларнинг яқинлари бир неча бор Россиядаги судларга шикоят аризаси киритиб, поляк ҳарбийларининг қатлиом қилингани ҳарбий жиноят бўлганини тан олишни сўрайди. Бироқ улар рад жавобини олади.

Катинск ўрмонига ўрнатилган монумент / Фото: rostov.kp.ru

Шундан сўнг жабрланувчилар Франциянинг Страсбург шаҳрида жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят киритишади.

2012 йилда Европа суди «Катин қатлиоми»ни СССР томонидан амалга оширилган ҳарбий жиноятлар деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилади.

Россия узоқ йиллардан буён «Катин қатлиоми» бўйича икки хил стандартда баёнотлар бериб келмоқда. Бир томондан мазкур қатлиом СССР даврида содир этилганини тан олади, иккинчи томондан уни ҳарбий жиноят деб тан олишни рад этади.

Россия «Катин қатлиоми»ни ҳарбий жиноят деб тан олса, унда СССРнинг вориси сифатида қурбонларнинг яқинларига товон пули тўлашига тўғри келади.

Смоленскдаги фожиа

2010 йил 10 апрел куни «Катин қатлиоми» билан боғлиқ даҳшатли фожиа юз беради. Полша президенти Лех Качински 100 нафарга яқин турли юқори лавозимдаги мутасаддилар ва ҳарбийлар билан «Катин қатлиоми»га 70 йил тўлиши муносабати билан Смоленскка келаётганда улар ўтирган Ту-154 самолёти ҳалокатга учрайди.

Оқибатда, самолёт бортида бўлган 88 киши ва 8 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлади.

Смоленск яқинига қулаб тушган Ту-154
Фото: lenta.ru

Ўшанда самолётда Полша президенти ва унинг рафиқасидан ташқари, унинг администрацияси раҳбари, Полша миллий банк раиси, Полша ҳарбий ҳаво кучлари, қуруқликдаги кучлар, армия бош штаби, ҳарбий денгиз кучлари қўмондонлари бор эди.

Бундан ташқари, Лех Качинскийнинг ёнида Полша миллий хавфсизлик бюроси раҳбари, Мудофаа вазирининг ўринбосари, армия махсус кучлар қўмондони ҳам бўлган.

Ўшанда Смоленскда содир бўлган ҳалокат туфайли Полшада бир неча кун мотам кунлари деб эълон қилинади. Лех Качинский ва рафиқасининг дафн маросимига кўплаб давлат раҳбарлари келади.

Бугун Полша «Катин қатлиоми»ни ҳарбий жиноятлар деб тан олиш бўйича, шунингдек, Полша президенти билан содир бўлган ҳалокатни ҳам Россия уюштирган деб даъво қилиб келмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид