Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қўллаб-қувватловсиз бу тадбирни ўтказиш имконсиз эди” – мутахассислар Луврдаги кўргазма ҳақида
23-24 ноябр кунлари Париждаги Лувр музейида ва Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг илк экспозициялари очилиши бўлиб ўтди. Бир неча кун ичида кўплаб одамларни жалб эта олган ушбу кўргазма ҳақида ташкилотчилар илк таассуротлари билан бўлишишди.
Хусусан, 2009 йилда Бухорода ўтказилган археологик қидирув ишларида раҳбар бўлган ва айни вақтда Луврдаги “Ўзбекистон воҳалари мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазмага кураторлик қилаётган археолог ва илмий тадқиқотчи Рокко Ранте ҳам фикр билдириб, бунда Саида Мирзиёеванинг ёрдами катта рол ўйнаганини айтган.
“Унинг ёрдами билан экспонатлар Лувр музейидан жой эгаллади. Бу жуда муҳим, чунки нодир намуналарсиз кўргазма бугунгидек муваффақиятга эриша олмасди. Бунинг учун Мирзиёевага яна бир бор ташаккур дейман.
Археолог олим сифатида барча экспонатларнинг ажойиблигини айта оламан. Лекин улар орасида 2-3 та жуда аҳамиятли бўлган санъат дурдоналари бор. Масалан, Далварзинтепадан топилган ҳайкаллар, Варахша, Афросиёб суратлари ва айни вақт ортимда турган намуналар ҳам жуда ноёб ва қизиқарлидир. Кофирқалъадан келтирилган ёдгорликларнинг барчасини кўргазманинг безаги деб айта оламиз. Биз улар орқали ташриф буюрувчиларга Ўзбекистоннинг Кушонлар, Амир Темур ҳамда Темурийлар даврига оид тарих, балки бутун мамлакат ўтмишидан ҳикоя қилишимиз мумкин. Мен бу лойиҳа устида ишлаган барча археологларга, экспонатларни консервация қилишда қатнашган мутахассисларга ҳам ташаккуримни билдираман. Уларнинг меҳнати сабаб бу тадбирни ўтказа олдик”.
Шунингдек, Араб дунёси институти президенти Жак Ланг “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” кўргазмаси ҳақида шундай дейди:
“Саида Мирзиёева ва Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватловисиз бу тадбирни ўтказиш имконсиз эди. Саида Мирзиёева санъат соҳасида ўзига хос тажрибага эга. Иккита давлат президентининг кўргазмага ташриф буюриши келувчиларнинг қизиқишини янада оширди.
Кўргазма бизга шарқнинг узоқ тарихи билан танишиш имкониятини беради. Бу мўъжизани кашф қилишимизда Саида Мирзиёеванинг ҳиссаси катта”.
Мазкур кўргазма Ўзбекистоннинг 9 та музейидаги 300 дан ортиқ экспонатларни ўз ичига олган ва унда ўзбек амалий санъат буюмлари: миллий тўқимачилик намуналари, миллий либослар, бош кийимлар, ХIХ –ХХ аср ўрталарига оид безаклар тақдим этиляпти. Кўргазма куратори Яффа Ассулин тадбирни кузатар экан, унинг муваффақиятли ўтишида Ўзбекистоннинг ўрни аҳамиятли эканлигини айтган.
“Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва бу кўргазманинг асосий ташаббускори – Саида Мирзиёевадир.
Мана шу ёрдам ва қўллаб-қувватлов билан қўлимдан келган барча ишни қила олдим. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг барча музей ходимлари, жамғарма вакилларига раҳмат айтмоқчиман. Ва асосий миннатдорлик Ўзбекистон халқигадир. Таассуротларимни бошқалар билан ҳам улаша олганим – мен учун совға бўлди. Бундан жуда хурсандман”.
Эслатиб ўтамиз, Луврдаги “Ўзбекистон воҳалари мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазма Буюк Ипак йўли тарихи ҳақида ҳикоя қилиб, икки минг йилдан ортиқ даврларни қамраб олган. Унда 168 та музей экспонати, хусусан, Ўзбекистоннинг 13 та музейидан 137 та, дунёнинг етакчи музейларидан 31 та энг қимматли экспонатлар тақдим этилган. Уларнинг аксарияти биринчи марта намойиш этилмоқда. Экспозиция 2023 йилнинг 6 мартигача ўз ишини давом эттиради.
Мавзуга оид
09:38 / 26.04.2025
Eco Expo Central Asia: Тошкентда илк бор экологик технологиялар кўргазмаси бўлиб ўтади
11:34 / 19.03.2025
Олмаотада Ўрол Тансиқбоев асарларининг кўргазмаси очилди
12:47 / 17.03.2025
Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоевнинг асарлари Олмаотада намойиш этилади
00:17 / 29.01.2025