Жаҳон | 11:36 / 17.12.2022
4787
2 дақиқада ўқилади

Молдова ҳукумати олтита телеканал трансляциясини тақиқлади

Кишинёв бир қатор телеканаллар учун трансляция лицензияларининг тўхтатилишини ахборот маконини ҳимоя қилиш билан изоҳлади. Бу оммавий ахборот воситалари Молдовадаги воқеалар ва Украинадаги урушни бир ёқлама ёритди, деди бош вазир Гаврилица.

Фото: Shutterstock

Молдова ҳукуматининг Фавқулодда вазиятлар комиссияси 16 декабрь, жума куни олтита телеканал - TV6, Orhei TV, Primul in Moldova, Accent TV, NTV Moldova ва RTR Moldova телеканалларининг лицензиясини фавқулодда ҳолат муддатига тўхтатиб қўйди. Мазкур чора 19 декабрдан кучга киради. Қарор ахборот маконини ҳимоя қилиш ва дезинформация хавфининг олдини олиш мақсадида қабул қилинди, дея тушунтирди Кишинёв. 

Ушбу оммавий ахборот воситалари Молдованинг ўзида содир бўлган воқеаларни, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ воқеаларни бир ёқлама ёритган ҳолда Аудиовизуал хизматлар кодексини бир неча бор бузган, деб таъкидлади республика бош вазири Наталя Гаврилица. Қўшни давлатда уруш бошланганидан деярли 10 ой ўтгач, Молдовада ташвиқот тўхтамади, аксинча, кучайди, дея қўшимча қилди ҳукумат раҳбари.

Молдова президенти Майя Санду ҳукумат позициясини қўллаб-қувватлади. Кишинёв учун устувор вазифа мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, деди у. Миллий ахборот маконини ҳимоя қилиш «халқаро санкциялар остида қолган шахслар томонидан беқарорлаштиришга уринишларнинг олдини олиш бўйича муҳим қадамдир», деб тушунтирди давлат раҳбари. 

Украинада уруш бошланиши муносабати билан 24 февраль куни Молдовада фавқулодда ҳолат жорий этилган эди. Ўшандан бери фавқулодда ҳолат бир неча бор узайтирилди. 

Июнь ойида Молдовада ахборот хавфсизлиги тўғрисидаги қонун кучга кирди, унда Россия ҳам ўз ичига олган Трансчегаравий телевидение тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилмаган мамлакатларнинг янгиликлари ва таҳлилий дастурлари тақиқланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид