Жаҳон | 16:07 / 10.01.2023
8418
2 дақиқада ўқилади

Шойгу ядровий триадани Россия суверенитетининг асосий кафолати деб атади

Фото: РИА Новости

Россия ядровий триадани ривожлантиришда давом этади, шунингдек, аэрокосмик кучларнинг жанговар имкониятларини мустаҳкамлайди, деди Россия мудофаа вазири Шойгу.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу стратегик ядровий кучларни Россия суверенитетининг асосий кафолати деб атади. «Биз ядровий триадани ривожлантиришда ва унинг жанговар тайёргарлигини сақлаб қолишда давом этамиз, чунки ядро қалқони давлатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг асосий кафолати бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади», деди у 10 январь, сешанба куни бўлиб ўтган конференция чоғида.

Бундан ташқари, Шойгунинг сўзларига кўра, Россия раҳбарияти аэрокосмик кучларнинг жанговар имкониятларини кучайтириш ниятида. Унинг тушунтиришича, гап қирувчи ва бомбардимончи самолётларнинг замонавий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларидан фойдаланиш соҳасидаги иши, шунингдек, жанговар дронларни такомиллаштириш ҳақида кетмоқда.

Шойгунинг сўзларига кўра, шунингдек, «шахсий таркибнинг жиҳозлари ва тактик асбоб-ускуналарни имкон қадар тезроқ энг юқори даражага етказиш» зарур. «Биз назорат ва алоқа тизимини такомиллаштиришимиз керак. Бунинг учун сунъий интеллект технологияларидан фаол фойдаланамиз», - деди у.

Россия ядровий триадасига стратегик ракета кучлари, стратегик авиация ва ядровий сувости ракета ташувчилар киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид