Жамият | 23:03 / 25.01.2023
40293
2 дақиқада ўқилади

Қоплонга емиш сифатида ташланган ўрдак – Тошкент ҳайвонот боғидаги ноёб ҳодиса

Тошкент ҳайвонот боғида бир жуфт қоплон сақланмоқда. Уларнинг урғочиси Багира олдига ўлжа сифатида ташланган ўрдаклардан бирини емаган. Аксинча, улар 20 кундирки, бир қафасда яшаб келмоқда. Бу йиртқичлар ҳаётида кам учрайдиган ҳолат.

Биз доимо йиртқич ҳайвонларга тирик ҳайвонларни бериб борамиз. Яъни уларнинг ов қилиш инстинкти йўқолмаслиги учун. Уларга қуён, ўрдак, денгиз чўчқаси ва бошқа ҳайвонларни берамиз. Қаттиқ совуқ арафасида урғочи қоплонга иккита ўрдак бергандик. Уларнинг бирини еб, иккинчисини емади. Биз совуқ келяпти ва захирасига олиб қўйди деб ўйладик. Энг қизиғи, ундан кейин яна қуён ва ўрдакларни берганимизда уларни еди. Мана 20 кундирки, урғочи қоплон ва ўрдагимиз бирга яшаб келмоқда”, дейди боғнинг йиртқичлар бўлими бошлиғи Нодир Баҳромов.

Нодир Баҳромов, Тошкент ҳайвонот боғи ходими Фото: Kun.uz

Эркак ва урғочи қоплон бошқа-бошқа вольерларга жойлаштирилган. Вольерлар тўсинлар ва ёғоч тахталар билан жиҳозланган, у ерга тупроқ сифатида қум ёйилган.

Вольернинг ички хонаси сомон билан иссиқ қилинган, жониворларнинг ўйинлари учун йирик қушларнинг патлари тўлдирилган тўп ва ўйинчоқлар мавжуд. Пантералар уларни жуда яхши кўришади.

Қора қоплон Фото: Kun.uz

Йиртқичлар мол, тирик қуён ва паррандалар, сут ҳамда тухум бериб боқилмоқда. Боғга ташриф буюрувчилар ушбу жониворларнинг териси расмларда ёки телевизорда кўрингани каби мукаммал қора эмаслигига гувоҳ бўлишади. Диққат билан қаралса, унда доғларни пайқаш мумкин.

Ўрдак Фото: Kun.uz
Қора қоплон ва ўрдак Фото: Kun.uz

Қора қоплонлар жуссаси кичикроқ бўлишига қарамасдан шер, йўлбарсларга қараганда хавфлироқ. Чунки улар фаол ва ҳаракатчан. Сиз ҳам уларни жонли томоша қилишингиз мумкин. Аномал совуқ кузатилган кунларда ёпилган Тошкент ҳайвонот боғи эшиклари айни пайтда ташриф буюрувчилар учун очилган.

Мавзуга оид